«Барса» ҳақида маълумотми...?

«Барса» ҳақида маълумотми...?

Марҳамат, Жоан Лапортани тингланг!

Сўнгги ойлар давомида «Барселона» атрофида жуда кўп ва турли-туман хабарлар тарқалмоқда. Каталония суперклуби президентидан шундай миш-мишларга муносабат эшитишга нима дейсиз? Марҳамат, Жоан Лапортанинг La Vanguardia нашри журналистлари билан суҳбатда айтганлари воситасида турли-туман саволлар ва шубҳа-гумонларга жавоб олишингиз мумкин.

- Агар Ла Лига клубимизга ҳаётийлик режаси тақдим этмаса ҳам, уни ўзимиз қўллаймиз.

- Лионель Месси олдинги кенгаш билан келишилган иш ҳақини олиш муддатини кечиктириши керак. Тўлов 2025 йилгача давом этади. Барчаси аниқ график асосида амалга оширилади.

- Яширмайман, Мессини қайтариш масаласида Ла Лига билан мавжуд ресурсдан бир қисмини унга ажратиш тўғрисида келишувга эришдик. Бу режага ҳам киритилди ва барчасини Хорхе Мессига маълум қилдик. У ўғли Парижда анча қийналгани ва энди камроқ босим остида ўйнашни хоҳлаётганини айтди. Тушунинг, Лео Барселонага қайтганида, кучли босим остида қоларди, барибир. Шу нуқтаи назардан Месси қарорини тўғри қабул қилдим.

- Ўйлайманки, Лангле масаласида «Тоттенхэм» билан келишувга эришамиз, охир-оқибат. Шунингдек, Дест ҳам бор. Бундай шартномалар камдан-кам ҳолатларда тез амалга ошади. Ҳаммаси иккинчи томонга боғлиқ. Табиийки, трансферларни тезкор равишда ҳал этишни истаймиз, аммо хоҳлаймизми-йўқ, сарб қилишимизга тўғри келади.

- Фатига қолиш ҳақида маслаҳат бераман. У ўз истеъдоди билан Хави  ишончини қозониши ва вазиятни буткул ўзгартириши мумкин. Ансу биз билан қолса, фақат хурсанд бўламан. Ҳозир Фатидан ташқари, Кристенсен, Педри, Гави, Араухо, тер Штеген, Рафинья ва Бальде трансфери бўйича ҳам аниқ таклифлар бор. Аммо «Барселона» донор клуб эмас. Шунингдек, Кессие масаласида ҳозирча расман таклиф олмаганимизни ҳам айтишим жоиз.

- Хави клуб ҳолатини яхши тушунади. У аслида ярим ҳимояни кучайтирмоқчи, лекин айрим вариантларни амалга ошириш имкони йўқлигини ҳам билади. Умуман, клуб кантераносига эътиборни оширмаслик катта хато бўлади. Мана, ҳозир ихтиёримизда Марк Касадо, Пау Прим, Жерар Эрнандес ва Марк Бернал каби таркибни реал кучайтирадиган номзодлар бор. Қисқаси, аввало, «Ла Масия» томон юзланиш керак.

- Келгуси мавсум учун режалаштирилган барча ҳомийлик маблағининг 95 фоизи аллақачон келиб тушди. Клубимиз ҳамон сармоядор ва ҳомийлар учун етарлича жозибадор. Улар тарихимиз ва мухлисларнинг «Барселона»га содиқ эканликларига тўлиқ ишонишади.

- Мавжуд имкониятлардан максимал даражада фойдаланишимиз шарт. Ўтган мавсум аёллар жамоаси ЧЛда зафар қучди, Хави эса шогирдларини Ла Лига тахти сари етаклади. АҚШ, Форс кўрфази мамлакатлари ва Мексикада ўртоқлик учрашуви ўтказиш бўйича манфаатли таклифлар етарли. Баскетбол йўналишида эса «Лейкерс» билан музокара олиб боряпмиз. Демоқчиманки, айни қийинчиликларни енгиб ўтишга қодирмиз.

- Барча тўсиқларга қарамай, молиявий ҳолат дейлик, 2 йил олдингига нисбатан анча яхши. Клуб кейинги мавсум даромад тезлигини ҳам оширади.

- Barsa TV йилига 12 миллион евро зарар кўрди. Аслида бундай бўлмаслиги керак эди. Каналда иқтисодий маъно йўқ, ахборот йўналиши ҳам паст. Чунки у тўғри ташкил этилмаган, ғоялар эскирган, боз устига, жуда қимматбаҳо технологиялардан унумсиз фойдаланилган. Шунинг учун замонавий технологиялар ёрдамида бошқа ечим топишга мажбурмиз. Зарарга ишлайдиган канални ушлаб туришдан нима маъно?

- Баскетбол йўналишида 40 миллионга тенг иш ҳақи жам­ғармасисиз ҳам талаб даражада рақобатбардош бўлишимиз мумкин. Мураббий Миротич ва клубнинг позициялари бир-бирига мос эмас, шунинг учун унга жавоб берамиз. Ҳа, Миротич катта муваффақият келтирди, аммо баскетбол клубини қайта тузиш вақти келди. Ясикявичюсга келсак, у Европада энг кўп маош оладиган мураббий ҳисобланади. Музокара бошлаганимиздаёқ ушбу мутахассис жамоамиз фалсафасига тўғри келмаслигини тушунгандик.

- Роппа-роса 1 йилдан сўнг «Камп Ноу»га қайтамиз, ўшанда арена трибуналарининг 70 фоизи тайёр бўлади. Акс ҳолда, Limak компанияси катта иқтисодий оқибатларга юз тутади. Яъни кечиктирилган ҳар кун учун 1 миллион евро компенсация белгиланган. Умид қиламанки, Limak бунга йўл қўймайди ва яхши суръатда ишлаб, стадионни белгиланган вақтда топширади. Фирманинг кучли томонларидан бири - бу ўз иши ва вақтни эъзозлаши.

- Стадион реконструкцияси ва кутилмаган харажатлар туфайли бюджетни қисқартиришга мажбурмиз. Аслида, ҳаммаси аллақачон йўлга қў­йилган. Агар режа яхши кетса, 930-960 миллион евро иқтисод қиламиз. 

- Баъзида Хавини мақташ Гвардиола таъминлаган зафарлардан воз кечишдек тую­лади, лекин ундай эмас. Йўқ, Хавини мақташ Пеп қолдирган меросни камситиш саналмайди асло.

- Мутлақо соғломман. Тўғри, илгари спорт билан кўпроқ шуғулланардим, ҳозир эса вақт кам. Муҳими, жуда яхшиман, иштиёқим ҳам кучли. Ҳозирги кўрсаткичлар ҳаммаси жойида эканлигидан далолат бермоқда. Дарвоқе, айни пайт парҳездаман: нонушта шоҳона, кечки овқат эса камтарона...

МУҲАММАДХОН тайёрлади

Пўлатов Мухаммадхон

Involved in this affair, He trusts to you how the Dodo solemnly, rising to its feet, 'I move that.