Дон Сильвионинг янги суперклуби

Дон Сильвионинг янги суперклуби

Италиянинг «Монца» клуби ўз тарихида илк бора «А» серияга чиқди.

Мазкур муваффақият туфайли шу кунларда италияликлар ижтимоий тармоқларини 1979 йилда яратилган ва кутилган машҳурликка эриша олмаган «Риккардо Финцининг детективлик агентлиги» фильмидан олинган лавҳа забт этди.

«Милан» мени 31 йилга ижарага олганди»

Агар 2018 йилда «Милан»нинг собиқ соҳиби Сильвио Берлускони, аниқроғи, унинг Fininvest компанияси «Монца»ни харид қилмаганида, клуб ҳозир ҳам «С» серияда юрган бўларди. Дон Сильвио Монцага ўзининг узоқ йиллик шериги, буюк «қизил-қора либослилар»нинг иккинчи ижодкори бўлмиш Адриано Галлиани билан ташриф буюрганди. Ўшанда La Gazzetta dello Sport келишув собиқ мамлакат ҳукумати раҳбари учун арзимас 3 млн. евро эвазига амалга оширилганини маълум қилганди.

Клуб худди «Милан» каби, асосан, Берлусконининг сармоялари ҳисобига фаолият юритмоқда. Уни бошқариш тизгини эса Галлиани тасарруфида. Нима учун айнан «Монца»? Биринчидан, дон Сильвионинг вилласи «Бриантено» стадионидан атиги 3 км. узоқликда жойлашган. Иккинчи муҳим сабаб - у Адриано Галлианининг она шаҳри. У айнан шу гўшада ёруғ дунё юзини кўрди, матбуот анжуманларининг бирида эса ҳар қандай кишини тўлқинлантириб юборадиган таъсирчан фикр билдирди: «Бир гал мендан Европадаги йирик беллашувлардан воз кечиб, «С» серияда ишлашга рози бўлганим хусусида савол беришганида, «Монца» менинг биринчи ва сўнгги муҳаббатим эканлигини айтгандим. «Милан» эса шунчаки, мени 31 йилга ижарага олганди!»

Соқол ва татуировкаларга ўрин йўқ

Янги соҳиблар раҳбарлигидаги бир ойлик фаолиятдан кейин жамоа янги бош мураббий - «Милан»нинг собиқ ярим ҳимоячиси Кристиан Брокки тасарруфига ўтди. Кейинги 2 ой давомида таркиб тубдан янгиланди: 2019 йил январида «Монца»ни тарк этган 14 нафар ўйинчи ўрнини 16 нафар янги футболчи эгаллади. Трансфер харажатлари хаёлга келмайдиган даражада енгил, атиги 2,15 млн. еврога тенг бўлди. Бироқ «С» серия жамоаси учун сезиларли маблағ. Қолаверса, қишки трансфер дарчасида Галлиани 30та келишувни расмийлаштирди! Кейин дон Сильвио ўзининг янги «ҳокимияти»ни шакллантиришга киришди. У ўйинчиларга соқол ўстириш, сирға тақиш ва баданларига нақ­ш­лар чиздиришни таъқиқлади. Шунингдек, махсус сартарошни ёллади - футболчилар жимжимадор соч турмаклари билан юришларини истамади.

«Ўйинчилардан дастхат сўраганларида, улар исм-шарифларини ёзишсин, гажакдор имзолар чекишмасин. Бундан ташқари, футболчи доимо улуғвор либосда юриши, майдонда ҳакамларга нисбатан хушмуомала бўлиши лозим. Соқол, сирға ва татудан йироқ навқирон италия-лик ёшлардан намунали жамоа тузмоқчиман. Бу доимо ҳатто исмларини айтиш ҳам қийин бўлган 11 нафар хорижликни майдонга туширадиган «А» серия жамоалари учун сабоқ бўлсин», - деганди собиқ бош вазир.

Дастлабки мавсумда «Монца» «В» серияга чиқолмади, аммо кейинги уринишда гуруҳидаги барча рақибларидан ўзиб кетди. Пандемия туфайли муддатидан аввал якунланган 2019|2020 йиллар мавсумида жамоа энг яқин таъқибчисидан 16 очкога олдинда эди.

Златан ва Какага таклиф

«В» серияда жамоани шакллантириш Берлускони-Галлиани жуфтлиги учун анча осон кечди. Тўғри, 3-дивизиондалик пайтидаёқ «Монца» Златан Ибрагимович ва Каканинг кўмакларидан умидвор бўлганди. Галлиани швециялик серғайрат фахрий хусусида Мино Райола билан мулоқот қилганини тан олган, Берлускони эса бразилиялик ярим ҳимоячини эслатиб ўтганди.

Бироқ «Милан»нинг собиқ раҳнамолари томонидан яратилган янги лойиҳада «қизил-қоралар»нинг собиқ юлдузлари иштирок этишди: 2020 йилда Кевин-Принс Боатенг ва Марио Балотелли «Монца» сафини тўлдирдилар. Эътиборлиси, қора танли италиялик шу жамоада тўп суриш учун қулоғидаги сирғалар, антиқа соч турмаги ва татуировкалардан воз кечди, парҳезга қатьий риоя қилди ва якунда янги жамоаси учун тўпга илк тегинишида гол сов­ға қилди.

«Плей-офф» орқали шиддатли парвоз

Лекин «Монца» фақат медиа нуқтаи назаридан қизиқарлироқ бўлган ўйинчилар билан чекланиб қолмади, албатта. 2020|2021 йиллар мавсумида клуб бирорта ўйинчисини сотмаган ҳолда, янги харидлар учун 20 млн. евродан воз кечди. Асосий эътиборни «А» серияда ўйин тажрибасига эга бўлган ёш иқтидорларга қаратган «Монца» ўтган йили ҳам элитага чиқишга яқин эди - мавсумни 3-ўринда якунлаб, «плей-офф»да «Читтаделла»дан енгилди.

Бу йил ниҳоясига етган мавсумда ҳаммаси ўрнига тушди. Ҳатто таркибнинг янги ўйинчилар билан кучайгани ва янги бош мураббий ҳисобига кўпчилик жамоадан тўғридан-тўғри йўлланмани кутганди: ўтган йили «Милан»нинг яна бир собиқ ўйинчиси Жованни Строппа бош мураббийликка таклиф этилганди. Мавсумнинг каттагина қисмини жамоа 5-ўринда ўтказди, баҳорда эса йўлланмани нақд қила олмади ва «плей-офф» тўсиғидан ўтишга мажбур бўлди.

Ярим финалда «Монца» «Брешиа»ни маҳв этди, финалда эса - «Пиза»ни. Италияликлар тарихий йўлланманинг айнан Пизада қўлга киритилганида рамзий маъно борлигига алоҳида урғу беришмоқда. Буюк Арриго Сакки раҳбарлигидаги «Милан»нинг 1987|1988 йиллар мавсумидаги ғолибона парвози айнан Пизада қайд этилган 1-турдаги ғалаба билан бошланганди. 1,5 йил аввал клубни харид қилган дон Сильвио эса илк марта Италия чемпиони унвонини қўлга киритганди.

«Милан» билан учрашув яқин

Сентябрда Берлускони 86, Галлиани июлда 78 ёшга тўлади. Бу ёшда функционерларнинг аксарияти нафақага чиққан бўладилар, аммо титанлар жуфтлиги келажакка ишонч билан қарамоқдалар. 2020 йилда Галлиани шундай деганди: «Милан» «А» серияда «Монца»га қарши? Бу борада икки йилдан кейин орзу қиламан. Болалигимизда барчамиз Бриджит Бардога ҳавас қилардик. Нима, бу тақиқланганми?» Галлианининг орзуси албатта рўёбга чиқади: унинг қадрдон «Монца»си янги мавсумда унинг «Милан»и, ўз вақтида кўплаб совринларни совға қилган суюкли жамоаси билан куч синашади.

Бироқ бу бошланиши, холос. Берлусконининг орзулари янада кенгроқ ва ёрқинроқ: «Мен ғолибликка ўрганиб қолганман. Ваҳоланки, «А» серияга чиққан эканмиз, энди скудеттони қўлга киритишимиз талаб этилади. Шунингдек, ЕЧЛга чиқиш ва унда ҳам ғолибликка эришиш керак!».

Ўта иззатталаб, хомхаёлга яқин орзу. Лекин «Монца»нинг натижасини ҳам яқин ўтмишда тасаввур қилишнинг умуман иложи йўқдек эди. Лекин жиддий сармоялар ақлли бошқарув эвазига камтарин жамоани ҳам чўққига олиб чиқиш мумкин эканлигини Сильвио Берлускони «Монца» мисолида ҳеч қандай шак-шубҳага ўрин қолдирмаган ҳолда исботлади. Маълумотларга кўра, донишманд соҳиб 4 йилга яқин вақт ичида «Монца»нинг ривожланиши учун 71 млн. евро сарфлаган. ЕЧЛда, ҳатто ички чемпионатда ҳам муваффақиятли иштирок этиш янада кўпроқ харажатларни талаб этишига шубҳа йўқ. Лекин ундаги кўтаринки кайфиятни инобатга олсак, клуб соҳиби бунга тайёр. Хуллас, «Монца»нинг элитадаги дебютини кўпчилик катта қизиқиш ва сабрсизлик билан кутиши аниқ.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади