Довдираш, кечикаётган улғайиш ва даҳшатли тунги довул

Довдираш, кечикаётган улғайиш ва даҳшатли тунги довул

3 февраль тонги бўзариб отди. Қишки илиқликдан сўнг ниҳоят, ўзгача изғирин турди.

Куннинг биринчи ярмида Янгиқўрғон туманидаги 6-мактабда ташкилланган уч авлод учрашувида иштирок этдик ва ҳал­қалари олтин бўлса-да, бир-бирига мустаҳкам боғланмаса, занжирнинг занжирлиги қолмаслигини, тараққиётни истасак, ҳар бир авлодни камол топтиришда бўшлиққа  йўл қўймаслигимиз зарурлигини таъкидладик. Учрашувдан сўнг таҳририят деразасидан тунд осмонга хаёлчан боқиб ўтирсам, «Наманган ҳақиқати» газетаси масъул котиби Иброҳим Раҳмон йўқлади ва ҳазиллашиб луқма ташлади: «Ҳа, ака, кимдир арпангизни хом урдими? Нега қовоғингиз солиқ? Ҳеч ўзингизга ўхшамаяпсиз!»  Бунга жавобан осмонга ишора қилдим ва қўшиб қўйдим: «Оқшомги ўйиндан сал хавотирим бор!» У эса «Парво қилманг! Баҳор келса, ҳаммаси яхши бўлади!» - дея самимий хайрлашди. Шунда «Қайси баҳорни айтяпсиз?» - деганча Иброҳимжонни кузатдим...

Алам алангасини  гуруллатган «томоша»

Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари ўртасидаги ОК-2023 чорак финал учрашувидан аввал  ҳамкасбимиз Хайрулла Ҳамидов барчани бир неча марта оқшом томошасига таклиф қилди. Унинг тарғиботни айнан «томоша» сўзи билан якунлагани эътиборимни тортди. «Қизиқ, биз учун муҳим саналган чорак финал учрашуви қайси маънода томошага айланар экан?» - дея ўйландим. Ҳар ҳолда, Хайрулланинг реклама монологларида аввал бундай ноодатий якунга дуч келмагандик. Бошқаларни билмадим, лекин менда учрашувга қадар хаёл «томоша» сўзига оғиб кетаверди. Ўзи мени бир савол қийнайверади: Ўзбекистон термаси иштирокидаги ўйинларда нега ва нима сабабдан кутилмаган тасодифий хатолар тез-тез кўзга ташланаверади? Жуда ғалати эшитиладиган «Кам­бэкистон» атамасининг  келиб чиқиши ҳам таъкидланаётган тасодифий хатолар билан боғлиқ аслида. Тўғри, ўйинда туб бурилиш ясаш, «камбэк» қилиш фавқулодда ирода ва ўзига хос феъл-атвор нишонасидир. Аммо мухлисларни «шок»ка туширадиган тасодифий хатолар тез-тез такрорланаверса, «камбэк»лардан фахрланиб бўлмайди. Аксинча, ўйлаш керакки, терма жамоа ўйинида жиддий муаммолар мавжуд. Афсуски, шундай тасодифий муаммо таъсирида қатарлик футболчи Ўткир Юсупов дарвозасига гол урди. Гарчи Даврон Файзиев телеэкран қаршисидаги томошабинларни хотиржамликка чорлаган бўлса-да, аксарият мухлислар ўнг қўл муштларини чап кафтларига уриб, оҳ уришди: «Эҳ!»

Хўш, ўша вазиятда «Эҳ!» хитобида қандай  маъно-мазмун яширин эди? Очиғи, бутун Ўзбекистон вакилларимиз Қатар терма жамоасини мағлубиятга учратишларини кутаётганди ва бунга ишонаётганди! Зеро, жамоамиз сафида рақибга нисбатан савияси баландроқ футболчилар тўп суришади. Аввалги «камбэк»лар ўз йўлига. Турнир мезбонларига қарши «плей-офф» баҳсида ҳисобда ортда қолиш олдинда бош жамоамизни мураккабликлар кутаётганидан дарак берарди. Беихтиёр «Эҳ!» - деб юборган мухлислар шундан чўчишган, хавотирланишганди. Охир-оқибат, биринчи гол ўйин натижасига жиддий таъсир кўрсатди. Чунки футболчиларимиз иккинчи 45 дақиқаликда ҳисобни тенглаштириш учун бор имконларни ишга солишди, кўп куч сарфлашди, энергия йўқотишди. Якунда барчаси қўшимча бўлимлар ва пенальтилар сериясида  ўз сўзини айтди.

Газетамиз мухлислари менга «Сречко Катанец қайси нуқтада қўпол хатога йўл қўйди?» қабилида савол беришди. Бунга жавоб битта. Бош мураббийнинг энг катта хатоси - Бобур Абдухолиқовни майдонга туширмай, ўриндиққа қайтаргани. Ташқи томондан қараганда, бу жараён профессионал футболчи учун ҳеч нарсани англатмайди. Бироқ ўша лаҳзада Бобурнинг онг-у шуурида қандай ўй-хаёллар кечганини билмаймиз. Ҳарқалай, Сречко Катанецнинг қарори Абдухолиқовга нисбатан  адолатсизлик эди ва бош мураббий шу ноўрин қарори учун тақдир томонидан ўзига яраша жазоланди. Мухлислар жавобимдан қониқмай, «Нима сабабдан бундай хулоса чиқар­япсиз?» - деб сўрашди.  Қисқача изоҳим оддий: агар Бобур Абдухолиқов вақтида Остон Ўрунов, Жамшид Искандеров эса ўйин давомида ҳаддан ортиқ ёпиб қўйилган Аббос Файзуллаевни алмаштирганида, воқеалар бошқача ривожланарди балки. Ўша вазиятда жамоамиз ҳисобни тенглаштирди ва янги кучлар таъсирида яна гол уриш  эҳтимоли ошарди. Катанец мана шундай омадли ва илҳомбахш вазиятни қўлдан чиқарди. У ортиқча эҳтиёркорлик қилмай, ўзгаришларни вақтида амалга оширганида, ўйин қўшимча бўлимларга чўзилмасди, менимча. Яна Зафармурод Абдураҳматов ва Муҳаммадқодир Ҳамроалиевнинг майдонга тушишларига ҳам эҳтиёж туғилмасди. Негаки, Фаррух Сайфиев ва Азиз Турғунбоев ўйинида мувозанат бузилмасди.

Терма жамоамиз  улғаймабди, юксалмабди...

Сречко Катанец чорак финал ўйинида захирадан 4 нафар футболчи, яъни Зафармурод Абдураҳматов, Муҳаммадқодир Ҳамроалиев, Шаҳбоз Умаров ва Ҳожимат Эркиновни майдонга туширди. Ҳамкасбларимиз бу жараённи позицион ўзгаришга мажбурлик сифатида изоҳлашди. Лекин изоҳга нисбатан эътироз бор: нима, мажбурий ўзгаришлар ўйинда кескинликни оширмайдими? Аслида  мажбурийми ёки йўқ, ҳар бир ўзгариш суръатга суръат қўшиши шарт. Майдондаги воқеаларда фаол иштирок этишда футболчи тўп сураётган позициянинг аҳамия­ти муҳим ҳисобланмайди. Гап позиция эмас, балки футболчининг хоҳиши ва ўзида куч топа билишида. Асосийси, у ўзи тўп сураётган позицияда бўшлиқ юзага келиши олдини олса, бас! Ҳеч ким футболчини қўшимча равишда  ҳужумга борганликда айбламайди. Шу маънода захирадан майдонга тушган 4 нафар футболчи терма жамоамиз ўйинида ижобий ўзгариш ясамади. Кўпроқ ўз позициясида хатога йўл қўймасликни ўйлади. Оқибати - Қатар термаси қўшимча бўлимларда фаолликни оширди ва етакчи футболчиларимизни ҳолдан тойдирди.

Пенальтилар серияси - терма жамоамиз учун шунчаки, шармандалик. Оёғи қалтирайдиган ва ўзига ишонмайдиган футболчи зарба нуқтасига яқинлашмаслиги даркор! Йўқ, ўзида бундай қўрқувни ҳис қиладиган футболчи терма жамоада тўп суришга нолойиқ. Пенальтилар серияси шуни ойдинлаштирдики, жамоамиз руҳиятида ҳамон ички қўрқув, масъулиятни зиммага ололмаслик  ҳолати мавжуд. Сўнгги паллада иситма яширин қўр­қувни юзага чиқарди. Элдор Шомуродовнинг жамоадошларига қарата «Ҳаммаси учун раҳмат! Бошни баланд кўтарамиз!» - дея хитоб қилгани ҳам моҳиятан яширин қўрқув бўлганининг исботидир. Элдорнинг сўзларидан аёнлашмоқдаки, Осиё кубогида чорак финалга етиб бориш - терма жамоамиз учун байрам ва у қадар кучли бўлмаган майдон эгаларини енголмасликнинг уят жойи йўқ. Эҳтимол, иштирок ва якуний натижа Катанец айтганидек, у ва футболчиларни қониқтирар ҳам... Лекин бош жамоамизнинг Қатар термасини енголмаслиги мухлислар учун қайғу, изтироб эканлиги айни ҳақиқат. Яна истиқбол қаршисидаги умидсизлик ҳам. Жамоамиз Жанубий Корея ёки Эрон термасини шу ҳолида, яъни жароҳатланган етакчи футболчиларсиз енголмаганида, буни тушунардик. «Ҳа, энди Элдор Шомуродовсиз Сон Хюн Мин ёки Сардор Азмунга қарши муносиб тўп суриш қийин-да...», - дея ўзимизга юпанч берардик бундай тақдирда. Қатар термасини енголмасликни эса бирор мухлис тушунишни ҳам истамайди. Жалолиддин Машарипов - Отабек Шукуров - Одил Ҳамробеков - Остон Ўрунов - Аббос Файзуллаев бешлиги ҳар қандай вазиятда Қатар термаси дарвозасига 2-3та гол уриши шарт эди! Тушун­япсизми, шарт эди ва шу шарт бажарилмади!

Хулоса

Осиё кубоги-2023дан ўрин олган 5та ўйинимиз манзарасидан хулоса чиқариш мумкинки, Сречко Катанец ҳозирча мундиал йўлланмасини қўлга киритишга муносиб жамоа шакллантирмабди. У турнирда Бобур Абдухолиқов ва Азиз Амонов каби ҳужумчилар хизматидан фойдаланмади, бу футболчиларни нима учун таркибга жалб қилгани хусусида ўйлаб кўрмади. У довдираяпти ва қандай лавозим, мақомда фаолият юритаётганини ҳали тўлиқ англолмаяпти, чоғи...

Муҳаммад ВАЛИ