Эдер Милитао: «Дунёдаги энг яхши клубдаман. Нега кетишим керак?»

Эдер Милитао: «Дунёдаги энг яхши клубдаман. Нега кетишим керак?»

Охирги мавсумлар «Реал Мадрид» мудофаасида катта ҳажмда иш бажарган марказий ҳимоячи Эдер Милитао яқинда янги шартнома остига имзо чекди.

Унга мувофиқ, бразилиялик футболчи 2028 йилнинг 30 июнигача «Қироллик клуби» ихтиёрида қолади. Айни пайт оғир жароҳатдан кейинги тикланиш жараёнини ўтаётган Эдер битим расмийлаштирилгач, Realmadrid TV телеканали меҳмони бўлди.

- Эдер, аввало, янги шарт­нома билан табриклаймиз. 

- Раҳмат! Клуб раҳбарияти мен билан ҳамкорликни давом эттиришга қарор қилганидан бағоят хурсандман. Қолаверса, дунёдаги энг яхши клуб сафида қолаётганим ўзгача фахр туйғусини уйғотмоқда. Бугун нафақат фаолиятим, балки бутун ҳаётимдаги энг муҳим кунлардан бирини бошдан ўтказдим. Шундай буюк президент ёнида бўлиш ва ЧЛнинг 14та кубоги билан ўралган ҳолда янги шартномани расмийлаштириш менга чинакам ғурур бағишлади. Ўзи дунёдаги энг яхши клубда қолиб, тарих битишда давом этишни хоҳлагандим. Зеро, кетишимга ҳеч қандай сабаб йўқ. «Реал Мадрид» учун ўйнаш - катта шараф, албатта. «Сантьяго Бернабеу» аллақачон иккинчи уйимга айланиб улгурди. Шу кунгача барча клубдошлар ва ходимлар билан ўртамизда жуда илиқ муносабат шаклланди. Асосийси, бу ерда яққол ўсишга эришдим, кўп нарсаларни ўргандим, бебаҳо тажриба тўпладим. Ўйлайманки, шу руҳда давом этаман, ҳали айтадиган сўзларим кўп. 

- Хўш, оғир жароҳатдан кейинги тикланиш жараёни қандай кетмоқда?

- Кундан-кунга ўзимни яхшироқ ҳис қиляпман. Мана, аста-секин барчасини талаб даражасида бажаряпман. Ҳозирги ҳолатда шифокор ва физиотерапевтлар кўрсатмаларига тўлиқ амал қилишим нақадар муҳимлигини тушунаман. Шунинг учун даволаниш режасидан асло оғишмаяпман. Асосийси, сабр. Яхшики, клуб бу масалада беминнат ёрдам бермоқда. Ҳар ҳолда, кучли эътибор ва яратилган шароитлар ва ғамхўрлик жойида. Майдондан четда қолганингизда атрофингиздагиларни сизга бефарқ қарамасликлари руҳия­тингизни кўтаради, албатта. Яна ҳамма билан бирдек мулоқотга киришиш жамоада муҳим ўринга эгалигингизни англатади. Қисқаси, жамоанинг ўринли ёндашуви ўлароқ, ўзимни янада тетикроқ ҳис қиляпман. Гарчи ўйинларда қатнашолмаётган бўлсамда, ҳаётим қувонч билан тўла. Оддий айтганда, тушкун ҳолатда юришга қандайдир сабаб йўқ.

- «Мадрид» футболчиси сифатида кўп ажойиб лаҳзалардан баҳра олишга улгурдингиз. Қизиқ, шахсан ўзингиз улардан қай бирини алоҳида қадрлайсиз?

- Ёлғиз қолганимда, кўпинча Винни (Винисиус Жуниор)­нинг Чемпионлар Лигаси финалида урган голини эслайман. Чунончи Бразилиядаги уйимиздан чиқиб кетганимдан буён айнан шундай катта турнирнинг ҳал қилувчи ўйинида қатнашишни орзу қилганман. Очиғи, Винни рақиб дарвозасини нишонга олганида, кучли ҳаяжондан ўзимни йўқотиб қўйишимга сал қолганди. Бир умр унутилмас лаҳза!

- Шахс ва футболчи сифатида ривожланишингизда «Реал»нинг таъсири нечоғли катта?

- Бу ердаги ҳар бир кун ва ўйин футболчи сифатида юксалишимга катта ёрдам берди. Ўзи дунёнинг энг кучли клуби сафига қўшилганингиздан кейин бошидан қаерга келиб қолганингизни тўлиқ тушунасиз. Бошқача айтганда, «Реал» нимани англатишини теран тушунасиз. Шу маънода айтсам, айниқса, руҳий томондан кескин ўзгардим.

- Сизнингча, бу ерда муваффақият учун энг зарур фазилат нима?

- Бир эмас, кўп хусусиятлар талаб этилади. Аввало, «Мадрид»да ҳар доим, ҳар бир ўйинда ғалаба учун интилиш шартлигини тушунишингиз керак. Қолаверса, клуб рамзи, либосини чинакамига яхши кўришингиз муҳим. Акс ҳолда, қўлингиздан ҳеч нарса келмайди. 

- «Реал» кийиниш хонасидаги муҳитни кўп мақташади...

- Чунки умумий ҳолат чиндан ҳам, мақташга лойиқ. Дейлик, кийиниш хонамизда ҳамиша қувноқлик мужассам. Доим бир-биримиз билан ҳазиллашамиз, аҳиллик юқори даражада. Қисқаси, кийиниш хонасидаги муҳит шунчаки, супер! Ҳеч қандай ёмон ҳис-туйғулар йўқ, фақат бир-бирига ёрдам беришга шай турадиган меҳрибон йигитлар бор. 

- Бунга қадар аксарият жамоадошларингиз «Реал» сафида узоқ муддат қолишга қарор қилишди. Энди навбат сизга келди...

- Сабабини сўраяпсизми? Энг кучлилар дунёдаги энг буюк клубда ўйнашлари керак. Ёш футболчилар ҳам «Реал»га интилишади, чунки бу ўзгача клуб эканлигини билишади. Айтиш жоиз бўлса, футболчи борки, «Мадрид»да ўйнашни орзу қилади. Бизга шундай жамоа либосини кийиш насиб этган экан, бор имкониятдан максимал даражада фойдаланишимиз ва қўлдан келганича из қолдиришимиз керак.

- Янгиланган «Бернабеу» ҳақида ҳам икки оғиз...

- Ажойиб стадион, чиройига гап йўқ. Мухлисларга тўла трибуналар бизга чинакамига энергия бағишлайди ва қўллаб-қувватлайди. Ҳаммаси фантастика, гўё. Трибуналарга қараганимизда, бир-биримизни қанчалик кучли севишимизни яққол ҳис этамиз. «Бернабеу»да бундай муҳит остида ўйнаш қанчалик ёқимли эканлигини билиш учун бевосита майдонга тушиб кўриш керак.

- Флорентино Пересга нисбатан ҳурматингиз баланд эканлиги маълум. Бундай муносабат асосини тушунтириб бера оласизми?

- Флорентино - футболда фахрий инсон, катта шахс. Шунчаки, исмини эшитганингизда, «Реал»нинг янги тарихи кўз ўнгингизга келади. Энди айтингчи, жаҳоннинг энг кучли клубини устамонлик билан олға бошлаётган инсонни ҳурмат қилмаслик мумкинми? Перес нафақат «Реал», балки таркибдаги ҳар бир футболчи учун кўп нарсани англатади. Биринчи асос - клуб раҳбари барчамизга ўта меҳрибон ва севимли инсон. Унинг амалга оширган ишлари эса ақлга сиғмайди, очиғи.

- «Мадридчилар»га қандай тилак билдирасиз?

- Барчага алангали салом! Келишув муддатини узайтирганимдан бениҳоя хурсандман ва сизлар билан тез орада кўришишдан умидворман. Hala Madrid!

 МУҲАММАДХОН тайёрлади