Эътироф: Диққат, Неймарга қаранг!

Эътироф: Диққат, Неймарга қаранг!

Бразилиялик Неймар янги мавсумни ақлга сиғмас даражада яхши бошлади - у шунчаки, даҳшатли статистикага эга.

Умуман, «ПСЖ» янги мавсум ҳисобидаги дастлабки 5та ўйинда нақ 22та гол урди - ҳар бирида ўртача 4,4тадан! Неймар эса фаолияти давомида ҳеч қачон бунчалик сермаҳсул старт қайд этган эмасди.

Неймар дастлабки 5та расмий ўйинда «ПСЖ»нинг 13та голида бевосита иштирок этди. Бу оралиқда Европанинг кучли 5та лигасида «ГолҚпас» тизими бўйича ҳеч ким бразилияликчалик кўп очко ишламади. Ваҳоланки, ёзнинг биринчи ярмида Неймар хилма-хил миш-мишлар аро қолганди. Орада унинг Париждан кетиши муқаррардек кўринди ҳам: ё клубни тарк этади, ёки қолади. RMC Sport нашрида ёзилишича, Неймарга «ПСЖ» президенти Носир ал Хелайфининг гаплари ёқмаганди. Қатарлик тадбиркор ҳужумчининг кетиши эҳтимоли ҳақида берилган саволга оддий жавоб берганди: «Янги мавсумда барча футболчилардан кўпро- жон куйдиришларини талаб қиламан». Хуллас, Неймар ўзини клубда қадри йўқ футболчидек ҳис қилди. «ПСЖ»нинг янги бош мураббийи Кристоф Галтье эса дарҳол бразилиялик юлдузни борасида ўз позициясини айтди: «Неймар - жаҳон даражасидаги футболчи. Қайси мураббий ўз жамоасида шундай футболчи ўйнашини истамайди? Ундан нима хоҳлаётганимни аниқ биламан ва жамоада қолишига ҳам ишончим комил». Шунинг таъсиридами, футболчи фикрини ўзгартириб, Парижда қолмоқчи эканлигини билдирди: «Клубда ҳеч ким келажагим ҳақида оғиз очгани йўқ. Агар ўзимга қолса, фаолиятимни «ПСЖ»да давом эттираман». Эҳимолки, шу каби чалкашликлар ҳам бразилияликда мотивацияни кучайтиргандир. Ҳар ҳолда, унинг дастлабки ўйинлардаги статистискаси шундай хулоса чиқаришга ундамоқда. 

*** Франция суперкубоги учун баҳсда «Нант» дарвозасига 2та гол урди - жарима зарбаси ва пенальтидан.

*** Лига 1нинг илк туридан ўрин олган «Клермон» билан ўйин (5:0)да «Гол+пас» тизимида 4 очко (1та гол ва 3та самарали узатма) йиғди.

*** «Монпелье»га қарши 2-тур ўйини (5:2)да яна «дубль» қайд этди. Бу сафар аввалига пенальтидан фойдаланди, кейин боши билан аниқ зарба йўллади.

*** «Лилль» (3-тур) билан ўйин (7:1)да 2та гол ва 3та самарали узатма қайд этди.

*** «Монако» (4-тур) билан ўйин (1:1)да жамоасининг ягона голи (пенальтидан) муаллифига айланди.

Хуллас, Неймар дастлабки 5та ўйинда ақлдан оздирадиган статистикага эришди - 8та гол ва 6та узатма. Бразилиялик ҳар бир ўйинда ўртача ҳисобда 3 мартадан зарба берди. Таққослаш учун, унинг ҳужумдаги шерикларида бу кўрсаткич юқорироқ: Лионель Месси - 4,3та ва Килиан Мбаппе - 6та. Шунингдек, бу оралиқда Карим Бензема («Реал») ҳар бир ўйинда 6тадан, Роберт Левандовски («Барселона») ва Дарвин Нуньес («Ливерпуль») 4,5тадан зарба беришди. Демакки, Неймарда зарба эффекти баландроқ. WhoScored платформаси маълумотига кўра, бразилиялик футболчи кескин узатмалар (ўртача - 4,7та) ва ўзига нисбатан ишлатилган қўполлик (ўртача - 3та) бўйича «ПСЖ» етакчиси ҳисобланади. Неймарнинг рейтинг очкоси ҳам фантастика - 9,53. У бу кўрсаткич бўйича Европанинг етакчи лигалари вакиллари орасида мутлақ пешқадам. 

Жаҳон чемпионати старти яқин. Бўлажак мундиал Неймар учун жаҳон чемпиони бўлиш учун сўнгги имкониятди балки. Шундай экан, 30 ёшли футболчига жорий мавсум жуда муҳим. Неймарнинг ўзи олдинроқ  Қатар мундиали унинг учун фаолиятидаги охииргиси бўлишини истисно қилмаганди. Кўринишидан, бразилиялик бўлажак турнирга катта умид боғламоқда ва тезликни ҳам шунга яраша оширмоқда. Франция ОАВда қайд этилишича, Неймар таътил кунлари ҳам ижтимоий тармоқларда шахсий ҳаёти эмас, балки футбол фаолиятини кўпроқ ёритди. Дейлик, мавсумолди йиғинидан бир ҳафта олдин индивидуал тарзда шуғуллана бошлагани ҳақида ҳам ёзди. «Неймар Бразилия термаси бош мураббийи Титега берган ваъдаси устидан чиқмоқда, - дейди бразилиялик журналист Жука Кфури. - У айни ҳолатда «ПСЖ»нинг барча футболчиларидан яхшироқ кўринмоқда. Майдонда шунчаки, мўъжиза кўрсатмоқда. Менимча, Неймар мутлақ етук футболчига айланди. Бироқ якуний хулоса чиқариш учун ЧЛ ўйинларини кутишҳ керак. Ҳар ҳолда, бу турнирда қаршилик даражаси Лига 1дагидан анча юқори»

Франция матбуоти муносабати

L~Equipe: - Неймар — даҳо! У қойилмақом натижа кўрсатиш асносида бош ролга қайтди. Бразилиялик чиндан ҳам, илҳомбахш футбол намойиш этмоқда. 

Лига 1 расмий сайти: - Неймар — чемпионатнинг илк турларида «ПСЖ»нинг бош футболчиси. Кўринишидан, ҳозир уни тўхтатиш иложсиз. FootMercato: - Неймар айни тобда! У катта иштиёқ билан ўйнаб, рақиблар ҳимоясини ларзага солмоқда.

Рarisfans.fr: - 2та гол ва 3та самарали узатма, яна 6:1 ҳисоби қайд этилаётган вақтда ҳимояга мадад бериш. Бразилияликдан яна нима кутиш мумкин? Ҳа, Неймар лол қолдирмоқда («Лилль» билан ўйиндан кейин).

Maxifoot: - Ҳужумчи футбол дунёсини яна ўзига қаратмоқда. Неймар мавсум бошида қойилмақом формада. У ҳар бир ўйинда нур сочмоқда.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади