Эътироф: Реграги ҳимояси сеҳри

Эътироф: Реграги ҳимояси сеҳри

ЖЧ-2022 бош кашфиёти - Марокаш миллий жамоа­си Қатардаги ўйинлари билан бутун араб дунёсига байрам улашаётгани айни ҳақиқат.

 Ахир тарихда бирор араб мамлакати ҳали ярим финал юзини кўрган эмасди. Шу маънода айтсак, марокашликлар бугун нафақат Африка, балки араблар оламининг бош қаҳрамонлари, албатта.

Бундай сеҳрли сенсация меъмори - Волид Реграги. ЖЧ-2022 стартига атиги 3 ой қолган пайт тажрибали Воҳид Халилхожич ўрнини эгаллаган маҳаллий мутахассис чиндан ҳам, сеҳргарларга хос натижа қайд этмоқда. Диққат қилинг, Марокаш миллий жамоаси янги бош мураббий қўл остида 9та ўйин ўтказди ва ҳали бирор марта мағлубиятга учрагани йўқ. Реграгининг жамоадаги статистикасига қаранг: 

9та ўйин

7та ғалаба

2та дуранг

Қолаверса, жамоа шу ўйинларда атиги 1та гол қўйиб юборди (шу ҳам автогол). Ҳа, футболда чуқур ҳимоя билан ҳам катта шов-шувларни юзага келтириш мумкин. Бунга Марокаш термасининг ҳозирги натижалари яққол исбот. 

Сўз

- Яширмайман, максимал натижани кўзлаяпмиз. Ҳа, жамоа сардори жароҳатланди, лекин бизда ҳар бир футболчи курашмоқда. Ўйиндан аввал йигитларга Африка тарихини ёзишимиз кераклигини айтгандим. Буни уддаладик. Кучли жиҳатларимизга асосланиб, олдинга бордик. Қайтараман, миссиямизни ҳали тугатмадик. Фақат бир нарсага тушунмаяпман, бизни қанақасига танқид қилишлари мумкин? Ахир қўлимиздан келганича ўйнаймиз, мавжуд қуролларимиздан фойдаланамиз... Волид Реграги (Марокаш - Португалия ўйинидан кейин).