Футбол атрофида: Умумодатга зид равишда

Футбол атрофида:  Умумодатга зид равишда

ТОП-ФУТБОЛЧИЛАР БЕҲИСОБ ПУЛЛАРИНИ ҚАЕРГА ТИКИШАДИ?

Қизиқарли мавзу, албатта. Хўш, футбол ортидан миллион-миллион доллар топаётган сара футболчилар бизнес йўналишида қандай лойиҳаларга сармоя киритишмоқда? Champio­-nat.com сайти маълумотлари асосида тайёрланган қуйидаги мақолада энг ноодатий вариантлар ҳақида сўз боради - келин-куёвлар дўкони, бутун дунёни ўзгартиришга қаратилган янгича ғоя...

Роберт ЛЕВАНДОВСКИ. Польша футболи фахри фақат ўзини қизиқтирган ва муваффақияти кафолатланган лойиҳаларни молиялаштиришга одатланган. «Барселона» ҳужумчиси ҳамкорлари қаторида Samurai Labs (кибербуллингга қарши курашишга мўлжалланган ишланма) лойиҳаси бор, яна Movie Games ўйин компанияси ва тўй учун керакли нарсалар савдоси билан шуғулланувчи wedding.pl хизмати ҳам.

Дэвид БЭКХЕМ. Англия футболи афсоналаридан бири турли йўланишларга сармоя киритмоқда. Улар орасида ҳужжатли фильмларга ихтисослашган Studio 99 киностудияси, биосинтетик каннабиноидлар асосида маҳсулот ишлаб чиқарувчи компания ва албатта, «Интер Майами» футбол клуби бор.

Матьё ФЛАМИНИ. Франциялик собиқ футболчи келажак учун мўлжалланган мегалойиҳага катта маблағ тикди. Аниқроғи, Фламини яқин йилларда барча шаклдаги ёқилғи турлари ўрнини босиши айтилаётган левулин кислотасини ишлаб чиқарувчи GFBiochemiсals компаниясига асос солди. Янги давр ғояси!

Дидье ДРОГБА. Энг ишонч­ли инвестициялардан бири - бу олтинга тикилгани. Ҳар ҳолда, Дрогбанинг хулосаси шундай. У шунга асосан, ўз ватани - Кот-д~Ивуардаги олтин конларидан бирига сармоя киритган. 

Криштиану РОНАЛДУ. Пор-тугалиялик голеадор шахсийлаштирилган меҳмонхоналар тармоғига 40 миллион доллардан кўпроқ сармоя киритишга улгурди. У яна Испания­да соч ўстириш ва даволашга ихтисослашган клиникага ҳам 1 «лимон» ажратди.

НЕЙМАР. Бразилиялик юлдуз қимматбаҳо буюмлар харидига пулни сира аямайди. Неймар шунинг баробарида келажакни ҳам унутмайди: жорий йил 1 миллион долларга NFT сотиб олди.

Лионель МЕССИ. Роналдунинг аргентиналик рақобатчиси ҳам асосан айнан меҳмонхоналар йўналишига сармоя киритмоқда. Тўғри, яқинда Лео Мессининг Дэвид Бэкхем клуби акционери бўлишга қизиқаётгани ҳақида ҳам маълумотлар чиқа бошлади.

Жерар ПИКЕ. Испаниялик ҳимоячининг бизнес йўналишидаги ҳаракати анча кенг: бургерлар учун котлет тайёрлайдиган компания, изотоник ичимликлар, кўзойнак бренди ва бошқалар...

АНДРЕС ИНЬЕСТА. «Барселона» фахри вино бизнесидан ташқари, технологик ғояларга ҳам қизиқади. Масалан, FirstV1sion (кийимга ўрнатиладиган юқори сифатли видеокамера) лойиҳасида иштирок этди.