Катта жамоалар шу тариқа янги-янги бозорлар кашф этиш ҳаракатида. Ҳозирда буларнинг барчаси - одатий жараён. Германия гранди «Бавария» эса сал бошқачароқ йўлдан бормоқда: Мюнхен суперклуби Хитойни қайноқ муҳаббати ва меҳр-оқибати билан забт этмоқда. Муҳими, Бундеслиганинг «шоҳ» жамоаси бу миссияни ўта муваффақиятли бажармоқда. Ваҳоланки, унинг Чин юртига юзланганига унча кўп бўлгани йўқ. Ҳар ҳолда, «Бавария» Хитойга 2015 йилдан эътиборан «юриш» бошлади. Ўша вақт «МЮ» ва «Реал» каби клублар Чин юртига аллақачон «ўрнашиб» олишга улгурганди. Демак, бугун sports.ru сайти маълумотлари асосида Мюнхен дружинасининг Хитойдаги ишларига назар соламиз.
ХИТОЙ БОЗОРИГА ИНТИЛИШ
Бугунги кун ҳақиқати оддий: дунёнинг ҳар қандай клуби Хитой бозорига кириб боришни истайди. Бу ўз-ўзидан тушунарли ва мантиқан тўғри ёндашувдир. Чунончи, Чин юрти сайёрамиздаги энг улкан бозор ҳисобланади. Ахир мамлакат аҳолиси «беҳисоб» (деярли 1,5 млрд. киши). Қолаверса, футбол Хитойда оммавийлик бўйича баскетболдан кейин 2-ўринда туради. Лекин бундан 20-25 йил мудом ушбу бозорнинг улкан салоҳиятини фақат олисни кўра оладиган кишиларгина тўғри чамалашган. Жумладан, «МЮ»нинг собиқ ижрочи-директори Питер Кеньон чексиз имкониятларга эга ушбу диёр сари ҳаракат бошлаш кераклигини ўтган асрнинг 90-йиллари охирида тушунган. Ўша вақт «қизил иблислар» ўйинларига маҳлиё хитойликлар клуб атрибутлари ва Британия маҳсулотларини ёппасига харид қила бошлайдилар, аммо даромад клуб ғазнасини четлаб ўтарди. Кеньонга айни шу ҳолат ёқмайди ва у аввало, Хитой бозорини тўлиқ ўрганиб чиқади, кейин янги аср бўсағасида «МЮ» рамзидаги маҳсулотлар таъминотини йўлга қўяди. У шунинг баробарида Пекинда клуб журналига асос солади ва «МЮ»ни илк бора Хитой сафарига йўналтиради. 2004 йили эса «қизил иблислар» хитойлик футболчини харид қилишди, тўғри, Кеньон иштирокисиз. Дунь Фанчжо ёдингиздами? Манчестер жамоаси муваффақиятидан хабар топган Флорентино Перес эса «Реал»ни 2001 йили Хитойга юборди. Бунда мадридликлар гала-саёҳат ва кўргазмали ўйинлар тафсилотларини ОАВда кенг ёритишди. Ушбу фаоллик тез орада самара келтирди - «Реал» машҳур Siemens компанияси билан манфаатли шартнома тузди.
Қизиқ, ўша вақт «Бавария» қаерда эди? Германия клуби асрлар алмашуви даври Хитойни хаёлига ҳам келтирган эмасди. Ҳарқалай, ҳомийлик шартномалари фақат маҳаллий компаниялар билан тузиларди, жамоа мавсумолди йиғинларини Европанинг ўзида ташкиллаштирарди. «Бавария» фақат янги асрнинг иккинчи 10 йиллигига келиб, Хитой ижтимоий тармоқларида ўз аккаунтларини жорий этди. Қарангки, обуначилар шу қадар тез кўпайдики, «Бавария» бирданига Европанинг Чин юртидаги энг машҳур клуби мақомини олди. Mailman Group (Хитойнинг рақамли спорт агентлиги) ҳисоб-китобига кўра, 114 балл тўплаган немислар жамоаси бу борада «МЮ» (105 балл) ва «Ливерпул» (92 балл)дан ўзиб кетди. «Голливуд ФК» 1 йил аввалги рейтингда 3-ўринни банд этганини ҳисобга олсак, шиддатли ўсиш... Клуб шу тариқа 2015 йили Хитойни забт этишга киришди.
АЛОҲИДА СТРАТЕГИЯ САМАРАСИ
«Бавария» Хитойда ўзига хос стратегия асосида иш юритади. Европанинг бошқа катта клублари бу масалада кўп ўйлаб ўтирмайди, мақсад пул ишлаш эканлигини ҳам яширмайди. Яъни аксарият жамоалар фақат ёз фасли сафарга чиқади, қолаверса, иш сифатига етарли даражада аҳамият бермайди. Мюнхен гранди эса ҳар бир ҳаракатида Хитойга жиддий режалар билан ва узоқ муддатга кирганини билдириб туради. Мисол учун, клуб Пекинда шахсий юридик вакилини рўйхатдан ўтказди. 2016 йили эса Европа клублари орасида биринчи бўлиб Шанхайда халқаро офисини очди. Шунингдек, рақамли тижорат учун алоҳида инфратузилма яратди: 2015 йили маҳаллий тилда ишлайдиган сайт очиб, Tmall савдо майдонида ўз маҳсулотлари сотувини йўлга қўйди. Маҳсулотлар хилма-хиллиги ва баҳосини айнан мюнхенликлар белгилаб беришади. Бошқа топ-клублар эса бу юмушни кўпинча маҳаллий компанияга топшириб қўя қолади. «Йўқ, франчайзинг билан шуғулланмаймиз ёки фақат тижоратни кўзламаймиз. Бу ерга «Бавария» оиласини кенгайтириш учун келганмиз», - деганди клубнинг Хитойдаги офиси раҳбари Рувен Каспер. Табиийки, «Бавария» тараққиётнинг классик услубларидан ҳам унумли фойдаланади: 2015 йилдан буён Хитойда Audi Summer Club автомобилларидан фойдаланмоқда (Audi - «Бавария» ҳомийларидан бири). Маркетологлар доимо сафарга қандайдир ўзига хос жило бериш хусусида бош қотирадилар. Дейлик, «Бавария» 2016 йилги турнега фаолияти давомида Арнольд Шварценеггер, Кейт Мосс ва Курт Кобейн каби кино юлдузлари билан ҳамкорлик қилган таниқли фотограф Юрген Теллерни ҳам жалб этганди. Якунда у Die Zeit ҳафтаномасида клубнинг Хитой сафари хусусида 29 саҳифали фотоҳисобот чоп этди. «Футболчилар хитойликларда ажойиб таассурот қолдиришди. Баданларига клуб рамзини чиздирган маҳаллий мухлислар немис тилида баралла бақиришди: Bayern, mein Leben («Бавария» - менинг ҳаётим»), деди Теллер кейинчалик Мюнхен жамоаси сайтига берган интервьюсида. 2019 йили эса «Бавария» Чин бозоридаги муваффақият йўлида яна бир жиддий қадам ташлади: Хитой миллий жамоасига қарши ўртоқлик учрашуви уюштирилди.
«Бавария» хитойлик машҳур спортчилар ва санъаткорлар билан ҳам доимий алоқада. 2015 йили Томас Мюллер ва Филипп Лам дунёнинг биринчи рақамли ракеткаси бўлиб турган Дин Нин, собиқ жаҳон чемпиони Ван Хао ва Хитой термаси аъзоси Лю Голян билан стол тенниси бўйича куч синашдилар. Шунингдек, жамоа вакиллари таниқли пианиночи Лан Лан (Пекин Олимпиадаси очилиш маросими ва «Грэмми»да Metallica гуруҳига жўр бўлди) меҳмони бўлишди. Маэстро Бетховеннинг «Элизага» асаридан парча ижро этганида, Рафинья ва Давид Алаба рақс тушдилар. Созанда ўша йили «Альянц Арена»да германиялик касбдоши Робин Шульц билан концерт берди.
Самимий алоқалар мавсум бўйи давом этади - Хитойдаги офис ходимлари қандайдир қизиқарли тадбирларни ўйлаб топишади. Хусусан, мавсум-2018/2019да Гуанжоу, Шанхай, Тайюан ва Пекинда «Бавария» ўйинларини оммавий томоша қилиш йўлга қўйилди. Энг ёрқин намойиш 2019 йилнинг апрель ойида Шанхайдаги улкан студияда кузатилди - Мюнхен гранди шарафини 6 йил ҳимоя қилган Жоване Элбер 800 нафар хитойлик мухлис билан бирга «Бавария» чемпионатдаги асосий рақиби Дортмунд «Боруссия»сини қандай маҳв этганини кузатди. Хитой ТВда эса қизиқарли ўйинни 10 миллиондан ортиқ киши томоша қилди. 2020 йилги тақдимот маросимида «Бавария» раҳбарияти жамоа ўйинларини 136 миллион хитойлик мухлис мунтазам равишда кузатиб борганини маълум қилди. Бу жиддий рақам, албатта.
ХИТОЙДА ЙИРИК «ЎЙИНЧИ»
Ҳозирда Хитой кўчаларида «Бавария» либосида юрган одамларга тез-тез дуч келиш оддий ҳолдир. Бундеслига гранди «МЮ» каби ўнлаб ҳомий топиш ва катта пул ишлашга интилмайди, аксинча, узоқ муддатли ҳамкорликка тайёр шерик қидиради. Дейлик, жамоа 2015 йилдан буён атиги 4та ҳомий билан келишувга эришди. «Бавария»нинг Чин юртидаги муваффақияти Гарвард олимлар томонидан ўрганилмоқда. Бизнес-мактаб профессори Карим Лакхани таҳлиллар натижасида «Бавария»нинг 2та устун жиҳатини аниқлади:
1. Клубнинг расмий ранглари - қизил ва оқ. Қизил - Хитой маданиятида муҳим аҳамиятга эга, қадимий ақидаларга кўра, олов рамзи, турли байрам ва тўй маросимлари ранги.
2. Осиё ва Яқин Шарқда футболга муносабат ўзгача: мухлислар бир неча жамоага тарафкашлик қилиб, юлдуз футболчиларни танлаб оладилар. Хитойликлар учун клуб ҳар қандай ноёб иқтидордан устун. Масалан, «Барселона» ёки «ПСЖ» брендлари Лионель Месси ёки Килиан Мбаппе шахсидан муҳимроқ.
Лакхани фикрига кўра, яна бир жиҳат «Бавария» фойдасига салмоқли тош босади: «Хитойликлар «Бавария»даги ўзаро аҳиллик ва якдилликни алоҳида қадрлашади. Агар жамоа шу фазилатини йўқотмаса, Хитой халқига янада яқинлашади».
МЮЛЛЕР - ХИТОЙЛИКЛАР ЁҚИМТОЙИ
Хитойликлар жамоани ҳар қандай юлдуздан устун кўришсада, уларда ҳам ёқимтой футболчи бор - Томас Мюллер. Кўпинча айнан Томасни турли ток-шоуларга таклиф этишади. Унинг ижтимоий тармоқлардаги обуначилари сони бежиз «Бавария»никидан ҳам кўп эмас - хитойликлар улуши катта. «Хитойда Мюллерга нисбатан ўзгача эҳтиром шаклланган. Балки у узоқ вақтдан буён «Бавария»да ўйнаётгани учун шундайдир...», - дейди Каспер. Афсонавий Карл-Хайнц Румменигге ҳам бу ҳолатдан ҳайратда: «Мюллер - энг ёрқин бренд. 2015 йилги турне давомида хитойликлар Томасни кўриб, ўзларини қўярга жой тополмай қолгандилар. Уни «Хитой императори» сифатида таърифлаш мумкин». Ули Хёнесс эса «Бавария» сафида хитойлик футболчини кўриш орзусида эди. Клуб шу мақсадда Хитойда 3та мактаб очди, 650 нафар маҳаллий мураббийга сабоқ берди. Мана, мюнхенниклар 2021 йилнинг декабрида 18 ёшли голкипер Лю Шаоцзян билан шарнома тузишди. Тўғри, «Бавария» тарихидаги дастлабки хитойлик 2023 йилнинг ёзигача «Аустрия Клагенфурт» (Австрия)да ижара муддатини ўтайди. Хуллас, Нойерни нафақага кузатиш ва Хитойдаги футболкалар савдосини янада авж олдириш учун вақт етарли.
«БАВАРИЯ» ФАҚАТ ЎЗИНИ ЎЙЛАМАЙДИ
Мюнхен гранди ташкил этган 3та мактабнинг энг йириги Шэнчжэнда жойлашган. 2000 тарбияланувчига мўлжалланган маскан 20та (6таси стандарт ўлчамда) футбол майдонига эга. Шунингдек, умумий таълим мактаби ҳам бор. «Бавария» иншоот деворларини шунчаки, клуб рангида безатиш билан чекланиб қолмай, болакайларни тўлиқ таъминламоқда. Жумладан, аввалига 10 нафар тажрибали мураббий жўнатди. Кейинги йили уларнинг сони 15 нафарга етди. Энг яхши тарбияланувчилар клубнинг Мюнхендаги академиясида шуғулланиш имкониятига эга бўладилар.
Албатта, «Бавария»нинг бу каби ишлари шунчаки, хайрия эмас. Ули Хёнесс 2017 йили клуб нега Хитой футболини ривожлантираётганига оддий изоҳ берганди: «Бизда аниқ ғоя бор: қачондир «Бавария»да хитойлик футболчи пайдо бўлса, ўта шов-шувли томоша уюштирамиз. Ўйинни мақбул вақтга белгиласак, Шанхай ва Пекиннинг ўзида 300 млн. мухлис томоша қилиши мумкин. Шунча одам трансляция учун 1 евродан сарфласа, қанча тўпланишини ҳисоблаб олаверинг».
МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади