Футбол ва дизайн: «Миттилар»га алоҳида эътибор

Футбол ва дизайн: «Миттилар»га алоҳида эътибор

Май ойининг сўнгги кунларида Errea ўзининг кутилмаган ҳадяси билан футбол жамоатчилигини лол қолдирди - италиялик таъминотчи бир йўла 8та терма жамоага янги либослар ва керакли анжомларни совға қилди.

Экипировка Беларусь, Кипр, Фарер ороллари, Лихтенштейн, Люксембург, Мальта, Андорра ва Сан-Марино вакилларига насиб этди. Гарчи бу терма жамоалар «топ» мақомидан жуда узоқ бўлсаларда, таъминотчи уларга тўла-тўкис эксклюзив дизайнга асосланган маҳсулотларни тақдим этди.

Мазкур хайрия тадбири шу йил фаолиятининг 15 йиллигини нишонлаган УЕФАнинг махсус дастури туфайли юзага келди. Ҳамкорликдаги тақдимот маросими айнан шу сана шарафига бағишланди.

Дастур хусусидаги маълумотни эслатиб ўтамиз: экипировкалар «митти» терма жамоаларга текинга берилади. Боз устига, улар ҳар қайси давлатнинг ўзига хос жиҳатларини инобатга олган ҳолда тайёрланади.

Маълумки, экипировкаларни ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган йирик компаниялар барча жамоаларни индивидуал дизайн билан хушнуд этавермайдилар, номдор жамоалар ва клубларга кенг имтиёзлар берсалар, «митти» ва ўртамиёналарга шунчаки, оммавий анжомлар насиб этади. Чунки бу федерацияларда ишлаб чиқарувчиларни ўзига жалб этадиган йирик маблағлар йўқ.

Лекин 2007 йилда УЕФА ишлаб чиқарувчилар билан савдолашишни ўз зиммасига олди. Жумладан, Adidas билан шартнома имзолади. Унга кўра, немис бренди «митти» ассоциацияларни ҳам алоҳида тайёрланган жиҳозлар билан таъминлайдиган бўлди.

Қисқаси, Лихтенштейн ва Люксембургга ўхшаган жамоалар учун идеал қулайликлар яратилди:

** Ўйин (уй, сафар, учинчи) ҳамда машғулотлар либосларини катталар ва ёшлар терма жамоаларига бепул берилади. Шунингдек, ҳакамлар экипировкалари ҳам текин бўлади. Шу тариқа ҳар бир федерация ўртача 300 минг евро тежайди;

** Футболкаларни ишлаб чиқариш жараёнида федерациялар истаги инобатга олинади. Натижада ҳар қайси мамлакатнинг тарихи, маданияти ва анъаналари дизайнда ўз аксини топади.

Тўғри, кейинчалик Adidas компаниясини бир қатор терма жамоаларга оммавий футболкаларни жўнатгани учун танқид қилишди. Шу сабабли 2017 йилда немис бренди ўрнини Италиянинг Macron бренди эгаллади. Бу компания дастур иштирокчиларини икки босқичда - 2018-2020 ва 2020-2022 йилларда барча керакли анжомлар билан таъминлади. Ягона фарқ шуки, Мальта ўрнига Арманистон иштирок этди.

Macron фирмасининг Шарқий Европадаги вакили Массимо Гуидарини ўз корхонасининг «Адидас»дан устун жиҳатини қуйидагича изоҳлаганди: «Биз ҳар бир либосни индивидуал дизайн асосида тайёрлай оламиз. Улкан пул айланмалари билан муомала қилаётган ҳеч қайси бренд бу шартга рози бўлмайди. Мисол учун, Nike камида минг дона либос ишлаб чиқаради, аммо 16та оригинал футболкани тайёрлаб беришга рози бўлмайди. Нима учун УЕФА 8 йиллик ҳамкоридан воз кечиб, унга нисбатан 20 фоизга қимматроқ бўлган Италия бренди билан ишлашни афзал кўрди? Гап шундаки, Adidas барча терма жамоаларга бир хил футболкалар моделини тайёрларди. Фақат уларнинг ранги фарқли бўларди, холос. Беларусь, Грузия ва Арманистон жамоаларининг либослари умуман фарқ қилмасди. Биз эса ҳар қайси жамоа учун алоҳида дизайн тайёрлаймиз».

Macron вакиллари чиндан ҳам барча давлатларга алоҳида ёндашув бўлишига ваъда беришди. Федерациялар вакиллари Болоньяга ташриф буюриб, ўз жамоалари учун либослар тайёрлаш жараёнида иштирок этдилар. Беларусь футбол федерацияси матбуот котиби Александр Алейник жараённи қуйидагича таърифлаганди: «Дастур компьютерга туширилган. Иштирокчилар дизайнерга ўз хоҳиш-истакларини баён этадилар. У эса турли вариантларни яратиб, уларга кўрсатади. Айрим рангларнинг уйғун эмаслиги кўриниб қолса, уни ўзгартиради. Биз орнаментни қаерга жойлаштириш борасида узоқ бош қотиргандик. Ҳатто уни футболканинг ёқасига ўрнатиш вариантини ҳам кўриб чиқдик. Жараённинг муҳим жиҳати шундаки, барча либослар жамланмаси УЕФА розилиги билан тайёрланиши шарт».

Шу йилдан 2026 йилга қадар УЕФА Errea компанияси билан ҳамкорлик қилади. Янги таъминотчи ўз мижозларининг миллий анъаналарига жиддий эътибор қаратмоқда. 1988 йилда ташкил этилган оилавий компания УЕФАдан ташқари, Африка терма жамоалари ва бир қатор клублар буюртмалари бўйича иш юритмоқда. «Errea 30 йилдан кўпроқ вақт ичида тўплаган ҳамкорлик тажрибаси асосида иш юритади. Бу бизга ҳар қайси мижозимиз нафақат яшил майдонда, балки унинг ташқарисида ҳам ажралиб туришини таъминлайдиган либослар тайёрлаш имкониятини беради», - дейди компания ҳамкорлик бўлими раҳбари Фабрицио Таддеи.

Ўтган йилнинг кузида 8та давлат вакиллари Пармага ташриф буюриб, янги либослар дизайнининг яратилишида қатнашишганди. Май ойида компания тайёр маҳсулотларни намойиш этди. Келинг, ҳар қайси миллий жамоа либосларида нималар тасвирлангани билан танишиб ўтайлик.


Сан-Марино

Ушбу жамоанинг осмон рангидаги уй либосида 3та минора тасвирланган. Монте-Титано тоғининг 3та чўққисида қад ростлаган бу осори атиқалар мамлакат рамзи бўлиб, ХI асрдаги Гуаита энг кўҳна минора ҳисобланади. Честани ХIII, Монталени ХIV асрда бунёд этишган. Бу тарихий ёдгорликлар мамлакат байроғи ва гербида ҳам акс этган.

Озодлик - «кўҳна қитъа»даги энг кўҳна салтанатнинг шиори. Қудратли давлатлар қуршовида бўлишига қарамасдан, бу митти мамлакатнинг ўз мустақиллигини сақлаб келиши ҳайратланарли. Сан-Марино асосчисининг видолашув ибораси ғоят таъсирчан: «Сизларни ҳур, озод қолдирмоқдаман!»


Андорра

Бу жамоа либослари ранглари давлат байроғидан, нақшлар эса князлик тасарруфидаги тоғлардан андоза олган. Салтанат пойтахти - Андорра-ла-Велья Европадаги энг юқори баландликдаги пойтахт ҳисобланади. 


Беларусь

Аввалроқ Macron бу миллий жамоа учун қизил-оқ рангдаги футболкаларни тайёрлаб берганди. Бироқ кейинчалик улар мутасаддиларга маъқул келмай қолди. Errea компаниясининг анор гули ва яшил рангдаги либослари эса барчани лол қолдирди. Лекин уни давлат байроғига қиёсласак, уйғунликдан жуда йироқ. Футболка маркази беларусча нақш, ёқаси эса, мамлакатнинг лотин алифбосидаги номи билан безатилган.


Кипр

Бу жамоа либослари дизайни минимал даражада. Аммо афтидан, кипрликлар айнан шу услубни ёқтириб қолишгандек. Марҳамат, мамлакат футбол федерацияси техник директори Саввас Константинунинг фикрлари билан танишинг: «Биз учун ажойиб дастур. У футболкаларимизда ўзимизга хос дизайнга эга бўлиш имконини берди. Очиқ бозорда бунга эриша олмасдик. Ушбу оддий, ўзига хос либосларда футболчиларимиз ўзларини яхши ҳис этадилар».


Лихтенштейн

Мазкур терма футболкалари давлат байроғидаги қизил-кўк рангларда яратилган, тож ҳам ундан олинган. 1937 йилда ҳукумат раҳбари Йосиф Хоп байроқ рамзларига расман баҳо берганди: «Кўк ранг мусаффо осмонни, қизил каминда ёнаётган оловни англатади, тилла ранг­ли тож мамлакат билан князлик хонадонининг бирдамлигини тасвирлайди».


Люксембург

Бу жамоанинг уй либослари ҳам расмий байроқ рангида, тик йўналишдаги кенг ҳошия­да Люксембург гербидан олинган шер тасвирини кўриш мумкин. Шунингдек, у футболканинг кўкрак қисмидан ҳам жой олган.


Мальта

Ушбу миллий терма футболкаларидаги асосий элемент - 8 томонли авлиё Иоанн хочи, кўпинча, уни мальталиклар хочи ҳам дейишади.


Фарер ороллари

Оролликлар либоси қизил-кўк ҳошияли оқ матодан тикилган - бу ранглар ҳам давлат байроғидан олинган. Сафар либосларида ҳошиялар ўрнини хоч эгаллаган. Дастлабки икки йил давомида терма жамоалар айнан шу футболкаларда майдонга тушадилар.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади