IFFHS талқини – Файзуллаев кимсан Беллингем билан бирга...

IFFHS талқини – Файзуллаев кимсан Беллингем билан бирга...

IFFHS (Футбол тарихи ва статистикаси халқаро федерацияси) Аббос Файзуллаевни 2023 йилнинг энг яхши ёш футболчиси (U-20 тоифаси) бўлишга даъвогар 26 нафар истеъдод қаторига киритди.

Transfermarket портали эса Ўзбекистон миллий жамоаси умиди трансфер баҳосини кескин оширди. Бу вақтда ҳамюртимиз Россияда янада кенгроқ эътирофга эришмоқда.

IFFHS совринига даъвогар

ЦСКА ўйинини бир уринишда жонлантирган Аббос Файзуллаев IFFHS томонидан йилнинг энг яхши ёш футболчисига бериладиган соврин учун Жуд Беллингем («Реал»), Гави («Барселона»), Жамол Мусиала («Бавария») каби юлдузлар билан рақобатлашади. Ҳа, вакилимизда соврин ютиш имконияти жуда паст, лекин бундай рўйхатга киришнинг ўзи катта гап. Маълумот учун, IFFHS ҳакамлар ҳайъати таркибида 120 мамлакат экспертлари бор. Овоз бериш жараёни эса 2024 йилнинг январь ойи охиригача давом этади. 

IFFHS талқини бўйича 2023 йилнинг  энг яхши ёш футболчиси бўлишга даъвогарлар

Жуд Беллингем (Англия, «Реал»), Жамол Мусиала (Германия, «Бавария»), Гави (Испания, «Барселона»), Флориан Вирц (Германия, «Байер»), Хави Симонс (Нидерландия, «РБ Лейпциг»), Эван Фергюсон (Ирландия, «Брайтон»), Расмус Хойлунд (Дания, «МЮ»), Ламин Ямал (Испания, «Барселона»), Уоррен Заир-Эмери (Франция, «Бавария»), Матис Тель (Франция, «Бавария»), Алехандро Бальде (Испания, «Барселона»), Ромео Лавиа (Бельгия, «Челси»), Антониу Сильва (Португалия, «Бенфика»), Леви Колвилл (Англия, «Челси»), Бенямин Шешко (Словения, «РБ Лейпциг»), Витор Роке (Бразилия, «Атлетико Паранаэнсе»), Алехандро Гарначо (Аргентина, «МЮ»), Эндрик (Бразилия, «Палмейрас»), Хулио Энсисо (Парагвай, «Брайтон»), Савио (Бразилия, «Жирона»), Рикардо Пепи (АҚШ, ПСВ), Усмон Диоманде (Кот-д`Ивуар, «Спортинг»), Карлос Белебат (Камерун, «Брайтон»), Эрнест Нуама (Гана, «Лион»), Карим Конате (Кот-д`Ивуар, «РБ Зальцбург»), Аббос Файзуллаев (Ўзбекистон, ЦСКА)

Алоҳида қайд этиш керак, Файзуллаев IFFHS рўйхатига кирган осиёлик ягона футболчидир. Аббоснинг номзодлар қаторидан жой олгани Россия жамоатчилигида ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. Жумладан, ЦСКАнинг собиқ ярим ҳимоячиси Валерий Масалитин ҳам Файзуллаевни алоҳида мақтади. «Йигитча чиндан ҳам, жуда зўр ўйнамоқда. Унинг номзодлар қаторига қўшилгани яхши, албатта. Аммо сўровда Жуд Беллингем ғалаба қозониши аниқ. Муҳими, Файзуллаев ўйини ҳам эътибордан четда эмас», - деди «Матч ТВ» эксперти. Валерий Масалитин шунинг баробарида ЦСКА селекция хизматини эътироф этиб, ҳамюртимиз келажагига ҳам тўхталди: «Скаутинг жуда яхши ишлади. Менимча, Файзуллаевга талаб бўлади ва яхши таклифлар ҳам тушиши мумкин. Эҳтимол, у қишдаёқ ЦСКАдан кетар.... Лекин Файзуллаевни камида яна бир ярим мавсум клуб сафида кўришни истардим».

Ўз ўрнида маълумот: Жуд Беллингем ва Жамол Мусиала IFFHS талқини бўйича 2023 йилнинг энг яхши футболчиси бўлишга номзодлар рўйхатига ҳам киришди. Асосий номинацияда яна Кевин де Брюйне, Эрлинг Холанд, Илкай Гюндоган, Гарри Кейн, Килиан Мбаппе, Лионель Месси, Мартин Эдегор, Виктор Осимхен, Винисиус Жуниор, Бруну Фернандеш, Муҳаммад Салоҳ, Ромелу Лукаку, Криштиану Роналду, Антуан Гризманн ва яна бир қатор машҳурлар бор. Мураббийлар йўналишида эса Хосеп Гвардиола, Дэвид Мойес, Микель Артета, Симоне Инзаги, Лучано Спаллетти, Карло Анчелотти, Хави, Луиш Каштрудек мутахассисларни кўриш мумкин.

Трансфер баҳоси бўйича «учиш»

Transfermarkt портали Россия Премьер-лигаси футболчиларининг янгиланган трансфер баҳосини эълон қилди. Эътиборли факт: Аббос Файзуллаевга қўйилган ёрлиқ суммаси бирданига икки баравар ошиб, 4 миллионга етди. «Рубин» вакиллари Рустам Ашурматов (700 минг евро) ва Умарали Раҳмоналиев (600 минг евро) баҳосида ўзгариш йўқ. «Пари НН»даги легионерларимизда эса пасайиш кузатилди: Иброҳимхалил Йўлдошев 100 минг евро йўқотган бўлса (янги баҳо - 800 минг евро), Руслан Жиянов ёрлиғи 50 минг еврога арзонлашди (янги баҳо - 400 минг евро). Айтганча, Файзуллаев янгиланишдан сўнг Осиё/Австралиянинг энг қимматбаҳо футболчилари рейтингида яна 1-ўринга кўтарилди. Кейинги ўринлар Алессандро Киркати (2 млн. евро) ва Зидан Иқбол (1 млн. евро)га тегишли. Қолаверса, Аббос Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо футболчилари рўйхатида 2-ўринга кўтарилди. Олдинда биргина Элдор Шомуродов бор (7 млн. евро).

Бу орада Россиянинг етакчи спорт сайти - sports.ru экспертлари 20 ёшли ярим ҳимоячимиз трансферини РПЛ биринчи қисмида кузатилган энг яхши харид сифатида баҳолади. «Файзуллаев учун 500 минг евро - ажойиб танлов. Албатта, ЦСКАда Аббоснинг муваффақиятига умид боғлашгандир, аммо ҳаммаси шу даража тез рўй беришини кутишмагани аниқ. Буни футболчининг агенти ҳам тан олганди. У жамоасининг ҳар бир хавф­ли ҳужуми, голида иштирок этмоқда. Умид қиламизки, қишки танаффус Аббос тезлигини пасайтирмайди», - дейилади сайт мақоласида. Қайд этиш керак, ҳамюртимиз ЦСКАга ўтганидан буён унинг трансфер суммаси қарийб 15 баравар ошди (300 мингдан 4 миллион еврога). 

Яна рамзий жамоа

Metaratings.ru сайти Аббос Файзуллаевни РПЛ мавсуми биринчи ярми рамзий  терма жамоасига киритди. У бундай эътирофга эришган ЦСКАнинг ягона вакили бўлди. Қолаверса, ҳамюртимиз ЦСКАда қаторасига 3-марта ой лауреати бўлди. Файзуллаев клуб матбуот хизмати томонидан ноябрь - декабрь ойларининг энг яхши футболчисини аниқлаш учун ўтказилган сўровда Виллиан Роша, Иван Обляков, Келлвен, Фёдор Чалов ва Антон Заболотнийни катта фарқ билан ортда қолдирди. Маълумот учун, Аббос сентябрь ва октябрь ойлари якуни бўйича лауреатга айланган эди. Яна бир маълумот: 20 ёшли футболчи оғир ва тиғиз мавсумдан сўнг Ўзбекис­тон миллий жамоаси ихтиёрига йўл олишдан олдин қисқа таътилни оиласи билан Таиланднинг Пхукет оролида ўтказди.