Камавинга учун 115 «лимон»...

Камавинга учун 115 «лимон»...

«МЮ»нинг янги хўжайини бўлишга иштиёқманд Қатар шайхи Жассим бин Ҳамад ал Тани бу борадаги ҳаракатини асло сусайтираётгани йўқ.

Дейлик, у ҳозирдан катта трансферлар ваъда қилмоқда. Шайхнинг шорт-варақаси чиндан ҳам, ҳар қандай кишини ҳайратга солади.

Охирги маълумотларга қараганда, «МЮ»ни сотиб олиш курашида айнан Жассим бин Ҳамад фаворит бўлиб турибди гарчи британиялик миллиардер Жим Рэтклифф ҳам бўш келмаётган бўлсада. Германиялик журналист Кристиан Фалькнинг ёзишича, Қатар вакили трансферлар бозорида кучли «портлаш» эффектини юзага келтиришга ваъда бериш эвазига ҳам тарози палласини ўз томонига оғдириш ниятида. Дейлик, у «МЮ»ни сотиб олса, 3 нафар мегаюлдуз «қизил иблислар» сафига ўтишини таъминлашга сўз бермоқда. Гап Килиан Мбаппе, Жуд Беллингем ва Эдуарду Камавинга ҳақида кетмоқда.

Мбаппе ва Беллингем номзодида ҳаммаси тушунарли - ҳар икки футболчи ҳозирги клубини ўзгартиришга мойил. Аммо Камавинга масаласи анча мураккаб. Биринчидан, «Реал» сафига мавсум-2021|2022 стартидан олдин қўшилган франциялик футболчининг амалдаги шартномаси 2027 йилгача мўлжалланган. Иккинчидан, «Реал» Камавингага клубнинг бўлажак етакчиларидан бири сифатида қарамоқда. Маълумот учун, Эдуарду 2 мавсум давомида «Мадрид»нинг 91та ўйинида иштирок этди. «МЮ»нинг эҳтимолий соҳиби эса франциялик футболчи трансфери борасида қатъий тўхтамга келган кўринади. Ҳар ҳолда, шайх «Реал»ни кўндириш учун 115 миллион фунт стерлинг ажратмоқчи. Айтиш керак, «МЮ» тарихида бундан каттароқ трансфер бўлган эмас.