АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
«ЯПОНИЯЛИК МЕССИ»
«Реал Сосье-дад»нинг япониялик ҳужумчиси Такефуса Кубо Ла Лигада сентябрь ойи лауреати бўлганди. Диққат қилинг, у 9-ой сўровида Жуд Беллингем ва Роберт Левандовски каби аслардан ўзиб кетди. Бунда ҳаммаси адолатли. Зеро, Кубо сентябрь тақвимидаги 4та ўйинда 4та гол урди, «Реал Мадрид»га қарши ўйинда фантасик ҳаракатланди ва ҳаттоки, Карло Анчелоттини ҳам лол қолдирди. «Кубо қойилмақом ўйин кўрсатди. У ўта, ўта хавфли футболчи», - деганди дон Карло ҳайратланган ҳолда. Италиялик маэстронинг мақтови ўринли. Эҳтимолки, Таке айни паллада бутун Ла Лиганинг асосий афсунгаридир...
Кубо - топ-дриблёр. Лекин «Реал Сосьедад» учун ўз услубини ўзгартирди. Умуман, Такефуса 2 йилдан бери Сан-Себастьян клуби билан бирга. «Аввалига анча қийналдим. Клуб мендан алоҳида жиҳатлар кутишини билардим. Фақат ишончни тўлиқ оқлай олишимга амин эмасдим. Дастлабки машғулотдан кейиноқ ўзимга мос жойга келганимни тушундим: «Сосьедад» тўп назоратини ёқтиради, юқори прессинг қўллайди, савияли йигитларга эга. Қисқаси, бу клуб мен учун узоқ изланган макон...», - дея хотирлайди япониялик футболчи клубдаги илк кунларини. Бир қарашда, Кубонинг фаолияти норвегиялик Мартин Эдегорникига ўхшаш: «Мадрид»да мўмай даромад, кейин ижара сафари ва «Сосьедад»га мослашиш. Фарқи шуки, Эдегор бошидан Иманоль Альгуасиль услубига мос тушган бўлса, Таке адаптация муҳлатига эҳтиёж сезди. Қитъадошимиз «Сосьедад» сафига қўшилишига қадар расман вингер саналсада, қалбан «10-рақам» позициясига мойил эди. У орқароқда тўпни эгаллаб, марказ томон интилишни хуш кўрар, аммо бу ҳаракати билан мураббийларни ранжитарди баъзан. Мисол учун, 3 йилча олдин Унаи Эмери бошқарувидаги «Вильярреал»га ўтганида, кўпинча қанотни очиқ қолдирган ва якунда ўз ўрнини Йереми Пинога бой берганди. Эмери - прагматик, у Кубодан қатъий интизом талаб қилган, яъни иқтидорни қайта тарбиялашни истамаганди. Оқибатда футболчи «Мадрид»га қайтди, тез орада «Хетафе»га йўл олди. «Япон Мессиси» бу жамоада чакки кўрингани йўқ, аммо асл салоҳиятини юзага чиқаролмади. «Ўйлашимча, асосий устунлигим - тўпни чизиқлар оралиғида қабул қилиш ва олға интилиш. Севимли позициям - «10-рақам». Чунончи, шу ролда тўп билан кўпроқ муомала қиламан. Тўпни олиб юриш хислати қонимда бор», - деганди Кубонинг ўзи.
Кубо - ўз футболи асири. Қаҳрамонимиз «Барселона» академиясида 4 йил таҳсил олган, бироқ мураббийлар бу даврда Кубодан жамоа манфаати учун ўзининг кучли хислатларидан воз кечишни талаб қилишган. Футболчи вояга етгунча «10-рақам» позицияси кераксиз бўлиб қолди, Таке эса ўзгаришни истамади. Ҳатто «Мальорка»нинг унга эркинлик бериши ҳам кутилган натижа тақдим этмади, томонлар ижобий ечим топа олмадилар. «Кубо - ажойиб ижрочи. Ҳа, майдонда эркинлик талаб қилади, лекин қандай ўйнашни билади. Такенинг услуби шахсан менга маъқул, бироқ ҳозирда унинг кучли жиҳатларига таяниб тўп сурадиган жамоа борлигига ишонмайман. «Мальорка» - камтарин, ҳимоявий жамоа, Таке эса ҳужумга ўтишни ёқтиради. Ҳамонки, у гол ураётган экан, айрим жиҳатлардан кўз юмиш мумкин. Умуман, Кубо ўзгача тўп сурганини кейинроқ тушуниб олса керак», - деганди «Мальорка» мураббийи.
«Сосьедад»га ўтиш - эволюциянинг бошланғич нуқтаси. Жамоага кимни таклиф этганини яхши ҳис этган Альгуасиль дастлабки йиғинларда Такефусага алоҳида эътибор қаратди: доимий мулоқотда бўлди, япониялик шогирдининг фикр-мулоҳазаларини тинглади ва унга муаммоларни бартараф этишда яқиндан ёрдам берди. Мураббий бунда ўз ғояларини мулойимлик билан тушунтирди ва Кубони «Сосьедад» лойиҳасида муҳим ижрочи бўлишига ишонтирди: «Алгуасиль ёнига борсам, у мени ҳамиша хотиржам тингларди. Айнан шу мураббий муносабати ўлароқ, фаолиятимнинг асосий қисми ҳали олдинда эканлигини тушундим. Болалигимда кун бўйи ўйнардим ва ҳеч ҳам чарчамасдим. Иманоль майдонда ҳеч нарсадан ҳайиқмаслик, яна жамоадошларимга ишонишни ўргатди. Фақат шу йўл билан ривожланиш мумкинлигини тушунтирди». Хуллас Альгуасиль япониялик учун янги роль ўйлаб топди - ортга чекинган ҳужумчи. Шу тариқа Кубо норвегиялик Александер Сёрлот ёнида тўп сура бошлади. Шунингдек, Давид Сильва билан тез-тез ўрин алмашиб турди, қолаверса, прессингда ҳам фаолликни оширди. Натижада жамоадошларига ёрдам бериш завқини ҳам ҳис эта бошлади. Ахир унинг учун бўш ҳудудларни айнан шериклари ҳозирлашади-да. «У доимо бош қаҳрамон ролини хоҳларди. Ҳаттоки, ўйини қовушмай турган пайтлар ҳам. Кубо ёқимтой йигит, лекин шу қадар эркинлик истайдиган футболчини ҳеч қачон кўрмаганман. Ишончим комил, японни олдинда ажойиб фаолият кутмоқда», - деганди «Барса» академияси болалар мураббийи Алекс Гомес. - Давид Сильва футбол билан хайрлашгач, «Сосьедад» ромб услубидан воз кечди ва энди 4-3-3 тактик чизмаси бўйича ўйнамоқда. Тўғри, мураббий рақибга қараб, вақти-вақти билан бошқа услубни ҳам танлайди: баъзан 4-2-4, гоҳо 3-4-1-2 (ЧЛдан ўрин олган «Интер»га қарши баҳсда шу схемани қўллади). Япон йигити аввалроқ тўпни эгаллаш учун ортга қайтган бўлса, энди олдинги чизиқда узатма кутмоқда. Мисол учун, «Реал»га қарши муҳим баҳсда ҳужумчи Умар Содиқ билан бир чизиқ бўйлаб тўп сурди. Кубо тўпни изоляция, яъни рақибдан холи қабул қилади. Альгуасиль бу янгиликни шу йўл билан Усмон Дембеле маҳсулдорлигини оширган Хавидан ўрганган бўлса керак. «Барса» «фишка»лари - «Сосьедад» учун меъёр. Ҳар ҳолда, Сан-Себастьян жамоасининг классик концепцияси ва Йохан Кройфф ғоялари ўртасида ўхшаш жиҳатлар кўп. Тўғри япониялик Дембелечалик бақувват эмас, лекин ўйин қоидаларини болалигидан пухта ўзлаштирган. Оддий бир мисол: «Сосьедад» бирданига чап қанотга интилади, Мартин Субименди кўмак беради, «Мадрид» бунга чора топгунча Альгуасиль жамоаси сон жиҳатдан устунликка эришади ва Андер Барренечеа тўпни бўшлиқда турган Кубога йўллайди. Такефуса эса бундай динамикани хавфли вазиятларга айлантиради. У - бир қатор кўрсаткичлар бўйича етакчи, лекин Хави давридаги Усмон каби кеккайган эмас.
Кубо жамоанинг энг ёрқин юлдузи эмас. Дарҳақиқат, японияликнинг жамоадаги мавқеи дейлик, Субименди, Мерино ёки Мендесники каби катта эмасдир. Муҳими, у мураббий кўрсатмаларини аъло даражада бажармоқда. Эҳтимол, бу фақат бошланишидир ҳали. Ҳар ҳолда, «Сосьедад» вакиллари сўнгги пайтлар кўпроқ Кубо орқали ўйнашга интиляптилар. Тўғри, бир хил услуб билан узоқ вақт муваффақиятли ҳаракатланишга кафолат йўқ. Масалан, «Атлетико» ҳимоячилари Такени мутлақо зарарсизлантириш йўлини топа олишди. Оқибатда у марказгача чекинишга мажбур бўлди. Симеоненинг Кубога алоҳида эътибор қаратгани ҳам унга берилган юксак баҳо нишонасидир. Аргентиналик мутахассис шогирдларига уни ёлғиз қолдирмаслик вазифасини топширганди, бу миссияни Лино уддалади, лекин гоҳ Гризманн, баъзан де Пауль кўмаги билан. Ўзгача йўл ҳам йўқ эди. Чунончи, эпчил ва тезкор Кубо озгина эркинликка эришса, ҳар қандай рақибни осонгина алдаб ўтади.
Такенинг тараққиётини таъминлашда икки жиҳат аҳамиятли: ўйин қоидаларини мукаммал ўргангани ва мураббийнинг алоҳида услуб яратгани. «Сосьедад»нинг менга берган сабоқларини пул билан ўлчаш мумкин эмас. Бу клуб - мен учун сўнгги поезд, парвоз учун охирги имконият», - деганди ёзда йилига 60 млн. евро маош ваъда қилишган саудияликлар таклифини рад этган Кубо. Ҳа, Такефуса - «япон Мессиси», «кунчиқар юрт»нинг бугунги энг машҳур футболчиси. Бундай мақомларни эса пул билан ўлчашнинг иложи йўқ.
Кубо фаолиятидаги муҳим жиҳатлар
** Кубо аслида чинакам «10-рақам» эди, лекин замонавий футболда услубни ўзгартирмасдан муваффақиятга эришолмаслигини вақтида тушунди.
** Альгуасилга дуч келишига қадар ўз ўйинини тополмади: Эмери билан тил топишолмади, «Хетафе» ўта ҳимоявий жамоа эди, «Мальорка»да яхшироқ кўринди, лекин ўйинида яққол ижобий силжиш кузатилмади, фақат мавжуд иқтидори даражасида тўп сурди.
** Ҳозир Кубонинг асосий ҳудуди - майдоннинг ўнг қаноти. Уни шу ерда тўп билан кўпроқ таъминлашади ва мўъжиза кўрсатишини кутишади. Японияликни амалдаги футболчилардан Салоҳга қиёслаш мумкин: чапақай, тезкор ва доимо дарвозани нишонга олади.
** Таке мазкур ролда ўта хавфли ижрочи. Чунки рақибларни енгилгина алдаб ўтади, ҳам паст, ҳам юқоридан нафис узатма амалга оширади ва дарвозага аниқ зарба йўллайди. Бундай вингер ҳар қандай топ-клуб талабига жавоб бера олади.
Содиқ СОБИР тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789