Испаниялик Антонио Матеу Лаос 46 ёшда ҳакамлик фаолиятини якунлади. Бунга Ла Лигадаги бош ҳакамлар фаолияти ёш тоифаси 45 ёшгача белгилангани сабаб бўлди. «Осасуна» ва «Альмерия» (3:1) жамоалари ўйиндан кейин Ла Лигада 15 йил ҳакамлик қилган реферига хайралашув коридори ташкил қилишди ва Лаос майдонни кўзда ёш билан тарк этди. Матеу Ла Лига тарихида бошқарган ўйинлари сони бўйича учликдан жой олган – 283та учрашув. Фақатгина Эдуардо Итурральде Гонсалес (291) ва Альберто Ундиано Мальенко (348) Примерада ундан кўпроқ ўйин бошқарган. Лаос 2008 йил Ла Лигада дебютини амалга ошириб, 2011 йил ФИФА реферисига айланганди. У ЕЧЛ 2020/21 йилги мавсум «Манчестер Сити» – «Челси» (0:1) ўртасидаги ЕЧЛ финалини бошқарган, ЖЧ-2022да ҳам фаолият юритди. Аввалроқ, Estadio Deportivo нашри томонидан Матеу ёзда Саудия Арабистони ҳакамлар қўмитасини бошқариши ҳақида хабар берилганди.