Маош пойгаси панорамаси ёхуд Мбаппе ва "ПСЖ"дагиларнинг астрономик иш ҳақлари ҳақида...

Маош пойгаси панорамаси ёхуд Мбаппе ва "ПСЖ"дагиларнинг астрономик иш ҳақлари ҳақида...

Еврофутбол маркази, яъни кучли 5та лигада энг катта маош қайси футболчиларга тегишли?

Бу савол кўпчиликни етарлича қизиқтиради, гарчи ўзгалар чўнтагига назар солиш жоиз бўлмасада. Fbref.com сайти янги мавсум старт олганини эътиборга олиб, айнан Европанинг кучли 5та чемпионати иштирокчилари қанча маош олишларини ҳисоблаб чиқди ва бу борада ҳар бир лигадаги етакчи 10таликни эълон қилди.

АПЛ (Англия)

Англияда футболчиларга фунт стерлинг ҳисобида ҳақ тўланади, лекин бошқа лигалар вакиллари кўрсаткичлари билан солиштириш қулай бўлиши учун суммалар еврога «ўгирилди». АПЛ маош рейтингида ҳамон Криштиану Роналду («МЮ») пешқадам - йилига деярли 32 миллион евро. Португалиялик юлдуз шунга қарамай, «Олд Траффорд»дан кетиш ниятида. Маош миқдорини назарда тутсак, «Юнайтед» бунга қарши эмас. 

Факт. «МЮ» таркибидаги нақ 4 нафар футболчи маош миқдори бўйича АПЛда юқори 10талик ичида. 

Ла Лига (Испания)

Англияда маош тўлови бўйича «МЮ» 1-ўринда бўлса, Испанияда «Реал» олдига тушадигани йўқ. Етакчига қаранг, 2019 йили 115 миллион еврога сотиб олинган, бироқ ҳалигача эффект бермаган Эден Азар. Шоҳ-голеадор Карим Бензема эса атиги 3-қаторда. 

Факт. Испания лигасида энг кўп маошга эга 10 нафар футболчи атиги 3та клубга тегишли - «Реал» (5 нафар), «Барселона» (3 нафар) ва «Атлетико» (2 нафар). Улар орасида дарвозабон Ян Облак ҳам борлиги эътиборга молик. 

«А» серия (Италия)

Диққат, Италия чемпионатида энг кўп маош олаётган 10 нафар футболчи рўйхатида скудеттонинг амалдаги соҳибидан бирор вакил йўқ. «Милан»да энг катта йиллик иш ҳақи яқинда «Рома»дан сотиб олинган Алессандро Флоренцига тегишли - 5,5 миллион евро.

Факт. Итальянча 10талик «Ювентус» ва «Интер» футболчилари билан банд. Бу борада ҳисоб 6:4 - Турин клуби фойдасига.

Бундеслига (Германия)

«Бавария»нинг 9 нафар футболчисига Дортмунд «Боруссия»нинг ягона вакили қарши - Бундеслига маош пойгасининг умумий панорамаси шу. Айтиш керак, Никлас Зюле ҳам яқин-яқингача Мюнхен гранди ихтиёрида эди. Рейтингда янги пешқадам бор - Садио Мане. Ҳа, сенегаллик футболчи Роберт Левандовскининг фақат майдондаги ўрни эмас, балки маош бобидаги етакчилик мақомини ҳам ўзига олди.

Факт. Бундеслигада энг кўп маош олувчи Садио Мане еврофутболнинг умумий рейтингида атиги 13-14-ўринларда бормоқда. 

 

Лига 1 (Франция)

Табиийки, Францияда «ПСЖ» мутлақ устун. Диққат, лига маош рейтингининг 1-14-ўринларида фақат Париж жамоаси вакиллари бор. Қолаверса, маош борасида нафақат Франция, балки бутун Европа (жаҳонда ҳам)да айнан «ПСЖ» триоси олдинда - Килиан Мбаппе, Лионель Месси ва Неймар.

Факт. Йилига деярли 91 миллион евро (ҳафтасига 1,7 «лимон»дан кўп)буни ўйлаш ҳам ваҳима уйғотади. Ҳа, Килиан Мбаппе бундай иш ҳақи эвазига қандайдир талаблар қўйиши эмас, фақат майдонда чопиши керак. 

Еврофутболнинг 

умумий рейтинги

Кучли 5та дивизион вакиллари орасида энг кўп маошга эга 11 нафар футболчи қаторида Лига 1дан 4 киши бор. Қолаверса, 1-3-ўринлар айнан «ПСЖ» трио­сига тегишли.

1. Килиан Мбаппе («ПСЖ») - 90,9 млн. евро

2. Лионель Месси («ПСЖ») - 63,6 млн. евро

3. Неймар («ПСЖ») - 56,3 млн. евро

4. Криштиану Роналду («МЮ») - 31,7 млн. евро

5. Эден Азар («Реал») - 31,2 млн. евро

6. Френки де Йонг («Барселона) - 29,1 млн. евро

7. Серхио Рамос («ПСЖ») - 27,2 млн. евро

8. Кевин де Брюйне («Манчестер Сити») - 24,6 млн. евро

9. Карим Бензема («Реал») - 24 млн. евро

10. Давид де Хеа («МЮ») - 23,1 млн. евро

Эрлинг Холанд («Манчестер Сити») - 23,1 млн. евро