Матьё Вальбуэна: «Имкон бўлса, «Динамо»га қайтардим...»

Матьё Вальбуэна: «Имкон бўлса, «Динамо»га қайтардим...»

Москва «Динамо»сининг франциялик собиқ ярим ҳимоячиси Матьё Вальбуэна Россиядаги қисқа фаолиятида чакки таассурот қолдирмаганди.

Кўринишидан, унинг ўзи ҳам рус диёрида ўтган даврдан катта қониқиш ҳосил қилган. Ҳар ҳолда, Вальбуэна «СЭ» газетасига берган интервьюсида РПЛга қайтиш имкони туғилса, бундан бош тортмаслигини яширмади. У шунинг баробарида Франция миллий жамоасининг ЖЧ-2022даги иштирокига тўхталди, яна Станислав Черчесов қўл остидаги ўйинларни эслади.

- Мана, Франция термаси жаҳон чемпионати ярим финалига йўл олди. Англия­ликларга қарши кечган ўйинни қандай ҳис-туйғулар оғушида кузатдингиз (суҳбат ЖЧ-2022 чорак финалидан кейин ўтказилган)?

- Суперўйин! Майдонда ақл бовар қилмас кураш боргани гувоҳига айландик. Ўзи йирик турнирларда ярим финал чиптасини тақдим этадиган ўйинлар ҳар доим қандайдир сеҳр­ли тус олади. Ҳаммаси ажо­йиб! 

- Англия миллий жамоаси ўйини ҳақида нима дея оласиз?

- Инглизлар иккинчи бўлимда фаоллашиб, босимни кучайтиришди ва ҳаттоки, ғалабани ўз томонларига оғдиришлари ҳам ҳеч гап эмасди, назаримда. Фақат алоҳида ҳисобга олиш керак, Франция термаси - ўта жиддий рақиб. Жамоада футболчилар ҳамиша энг қийин синовдларни бирга енгиб ўтишга одатланишган. Дидье Дешам шогирдлари айниқса, ҳимояда мустаҳкам туришди ва Англия термаси иккинчи бўлимда биргина имконият яратди - пенальти. Яхшики, инглизлар ундан самара чиқаролмадилар.

- Франция миллий жамоасининг кетма-кет 2-марта жаҳон чемпиони бўлиш имкониятини қандай баҳолайсиз?

- Менимча, бу масалада олдиндан баралла гапириш но­ўрин. Шахсан менга Марокаш термаси жуда ёқди, жамоа футболчиларига тасанно! Қаранг, улар Бельгия, Испания ва Португалия термаларини мағлубиятга дучор қилишди! Бунақасини ақлга сиғдириш мушкул, очиғи. Қисқаси, Марокаш термаси эътирофга лойиқ. Лекин кўрамиз, ярим финал олдидан жамоада йўқотишлар етарли, жароҳатланган футболчилар бор. Умуман, ҳозир Франция термаси финалга чиқолмайдиган сценарийни кўрмаяпман. Тушунарлики, осон бўлмайди, ахир Марокаш жамоаси метиндек мустаҳкам ҳимояга эга эканлигини барчамиз кўрдик. Африка вакилининг бутун турнир давомида атиги 1та гол қўйиб юборгани бежиз эмас, албатта. Шунга қарамай, Франция термаси финалга қандай чиқишини хаёлан кўряпман. Ҳал қилувчи учрашувда эса 2018 йили хорватларга қарши кечган баҳс воқеалари ремейкини кузатишимиз мумкин. Тўғри, Аргентина термаси финал чиптасини осонликча бермайди. Марокаш миллий жамоаси учун ярим финал аллақачон тарихий натижа эканлиги тайин, аммо африкаликлар франция­ликлардан ҳам ўтиш учун бор кучларини ишга солишлари кундек равшан.

- Россияда ташкиллаштирилган жаҳон чемпионати ҳақида кўп гапирилган. Сизнингча, охирги икки мундиални ўзаро солиштириш мумкинми?

- Ўйлайманки, Қатардаги турнирда ўйинлар жиддийроқ тус олди. Ҳарқалай, ҳар бир қарама-қаршиликда ўзига хос интрига сезилмоқда. Буни «плей-офф» босқичларидаги деярли ҳар бир ўйинда кўряпмиз. Барчасини жамоаларда иштиёқ катталиги ва футболчиларнинг ўйинлардан кейинги гапларидан ҳам тушуниш мумкин. Шахсий фикримча, Франция термаси ҳам якка тартиб, ҳам жамоавий ҳаракат нуқтаи назаридан 2018 йилдагидан яхшироқ ҳолатда. Ваҳоланки, айни пайт энг асосий футболчилардан айримлари жамоа билан бирга эмаслар. Шунга қарамай, юртдошларимнинг дадил одимлашаётгани таҳсинга сазовор. Ҳа, Англия термаси билан учрашувда йигитларга озгина бар­қарорлик етишмади. Яъни инг­лизлар яхшироқ кўринишди. Муҳими, қаердадир омад, бошқа вазиятларда эса катта тажриба ёрдам берди охир-оқибат. Аммо унутмаслик керак, катта жамоалар довонларни доим шундай забт этади.

- Россия футболи ҳақида яна битта савол: Москва «Динамо»сига дахлдор хабарларини кузатиб боряпсизми?

- Ҳа, албатта!

- Собиқ жамоангизнинг охирги натижалари қандай фикр уйғотди? Масалан, ўтган мавсум «динамочилар»да чемпионлик учун курашиш имконияти туғилганди.

- «Динамо»нинг ўйини анча яхшиланди, буни натижалар ҳам кўрсатиб турибди. Қолаверса, энди клубда янги стадион бор. Бир томондан, собиқ жамоадошларимга ачиняпман, чунки улар жорий мавсум Европа Лигасида ўйнашлари керак эди. Ўйлайманки, агар дисквалификация бўлмаганида, «Динамо» евроареналарда ҳам тетик футбол намойиш этарди. Афсуски, ҳозир Россия клублари олдида тўсиқ бор ва халқаро даражага чиқишнинг иложи йўқ. Лекин умид қиламанки, барчаси яқин орада ижобий ечим топади ва «Динамо» келаси мавсумлар лоақал Европа Лигасида ўйнаш имкониятига эга бўлади. Зеро, жамоа бунга мутлақо лойиқ.

- Агар сизда Москва клубига қайтиш имконияти туғилса, ундан фойдаланармидингиз?

- Албатта, сўзсиз! Ҳозиргача россиялик бир қатор кишилар билан яқин алоқадаман. Дейлик, «Ференцварош»ни бошқараётган Черчесов билан гаплашиб турибман. Россияда қисқа вақт яшаган бўлсамда, ортга энг ижобий хотиралар билан қайтдим. «Динамо»га яхши натижалар қайд этишига озми-кўп ёрдам бера олганимдан бағоят хурсандман. Қисқаси, фаолиятимнинг ўша қисмини ўзгача қадрлайман.

- «Ференцварош» билан Европа Лигасида қатнашаётган Черчесовга тўхталдингиз. Унинг ютуқлари ҳақида нима дейсиз?

- Венгрияда жуда яхши ишлаяпти. Черчесов қандай ажойиб мураббий эканлигини клубининг Европа Лигасидаги натижалари кўрсатиб турибди. 

— Умуман, Черчесов билан ҳамкорликдан қандай хотиралар қолган?

- Айниқса, «Зенит»га қарши ҳар бир ўйин ўзгача кечарди. Ўйлайманки, бирга жуда яхши ишладик, ўша мавсум ёқимли воқеаларга бой бўлди. Шахсан мен Черчесов қўл остида ўйнашдан роҳатландим. У ажойиб мураббийлар штабини шакллантирганди. Такрорлайман, «Динамо»даги даврни алоҳида қадрлайман ва бунда Черчесовнинг ҳам ҳиссаси катта. 

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади