Микки ван де Вен: «Телевизорни ёқишим билан ухлаб қоламан...»

Микки ван де Вен: «Телевизорни ёқишим билан ухлаб қоламан...»

Жорий мавсум арафасида ўз таркибини бир қатор футболчилар билан кучайтирган «Тоттенхэм»нинг энг охирги хариди «Вольфсбург»нинг иқтидорли марказий ҳимоячиси Микки ван де Вен бўлганди

Нидерландия терма жамоасининг 23 ёшли ҳимоячиси «шпорлар» сафига қўшилганидан кейин ҳозиргача мавсум кашфиётларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Лондон клуби расмий сайти ана шу ёш иқтидор соҳиби билан илк марта суҳбат уюштирди.

- Ҳозиргача фаолиятингизда энг катта таъсирни ким кўрсатган?

- Отам ёшлигимдан доим ёрдам берган. Албатта, онам ҳам шундай, лекин отам ҳар доим фаолиятимда катта рол ўйнаган.

- Болалигингизда кумирингиз ким эди?

- Карлес Пуйоль! Нафақат болаликда, балки ҳар доим мен учун намуна айнан у бўлган. У «Барселона»нинг энг яхши ўйинчиси, ҳақиқий етакчиси эди. Марказий ҳимоячи учун бўйи идеал эмасди, лекин бурчак зарбаларидан кейин мунтазам боши билан ғалаба голларини урарди. Ажойиб ўйинчи.

- Кийиниш хонасидаги энг ҳазилкаш жамоадошингиз ким?

- Фрейзер Форстер! Унинг ҳазилларидан ичакларимиз узилай дейди.

- Кимнинг концертларига кўпроқ тушишни хоҳлайсиз?

- Coldplay чиқишларини кўришни хоҳлардим. Улар кўп сонли мухлислар қуршовида ёруғлик шоусини ўтказишганида ҳар доим ажойиб кўринади. Буни ва умуман, уларнинг концертини томоша қилиш ажойиб бўларди.

- Профессионал дебютингиз қаерда бўлган?

- Нидерландиянинг иккинчи дивизионида «Волендам»нинг 21 ёшгача бўлган жамоасида «ПСВ»га қарши ўйинда ўз дебютимни нишонлаганман. Ўшанда баҳснинг иккинчи бўлимидан майдонга тушгандим. Тўлиқ дебютим эса икки ўйиндан сўнг, «Гоу Эхед»нинг уй стадиони - «Девентер»да бўлган.

- Севимли ресторанингиз қайси?

- Отамнинг Алкмардаги уйи яқинида жойлашган «Де Конинг» ресторани бўлса керак. У «қирол» деган маънони англатади. У ерда стейкни жуда мазали тайёрлашади.

- Лондонда кўпроқ қаерда бўлишни ёқтирасиз?

- Агар харид қилмоқчи бўлсам Селфрижесга, ресторан қидирмоқчи бўлсам Мэйферга боришни яхши кўраман.

- Энг севимли жойингиз қаерда?

- Менинг туғилган шаҳрим Вормер.

- Нонуштада энг севимли таомингиз қайси?

- Менга жамбонли ва пишлоқли омлет ёқади.

- Мамлакатингиз бош жамоасида неча марта ўйнагансиз?

- Ўтган йилнинг октябрида Франция ва Грецияга қарши иккита ўйин ўтказдим. Мамлакатнинг бош жамоасида илк марта ўйнаш - ажойиб лаҳза эди.

- Телевизор олдида тез-тез ухлаб қоласизми?

- Оҳ, деярли ҳар куни! Нафақат кечқурун, балки умуман, уйда бўлсам кўп ухлайман. Баъзан машғулотдан кейин уйга келаман, телевизорни ёқаман ва шу заҳоти ухлаб қоламан.

- Ўйиндан кейин қандай тартибда дам оласиз?

- Уйга бориб, фильм томоша қиламан ёки дўстларим билан PlayStation ўйнашга бораман, шунчаки футболдан узоқлашиш учун.

- Айни пайтдаги энг севимли телекўрсатувингиз қайси?

- Бугунги кунда Netflix иловасида АҚШда гиёҳванд моддалар савдосида иштирок этган аёл ҳақидаги «Грисельда» фильмини томоша қиляпман.

- Ҳар доим нимани кўпроқ ўрганишни хоҳлагансиз?

- Мен бир нечта тилларда гаплашмоқчиман. Албатта, уларни ўрганишим мумкин, лекин бу ҳамма ўйлагандек осон эмас. Мен эса бу тилларда бемалол ва тўғри гапиришни истардим. Айни пайт­да инглиз, немис ва нидерланд тилларида гаплашаман. Энди эса испан ва француз тилларида гапиришни жуда хоҳлардим.

- Биринчи бутсаларингиз қандай эди?

- Қора рангли Nike бутсалари эди, чунки отам ҳар доим айнан қорасини кийишимни хоҳларди. Лекин номини аниқ эслай олмайман.

- Энг севимли сэндвичингиз қайси?

- Товуқ, салат, помидор ва соусли сэндвич - чиройли ва содда.

- Охирги марта қачон ва қандай овқат пиширгансиз?

- Охирги марта овқат пиширганимда, «Вольфсбург»да ўйнардим ва бунга анча бўлди! Адашмасам, бу песто соусли макарон эди, чунки ўша пайтда кўпроқ шу ёқарди. Ҳозир эса ов­қат пиширмайман, ҳар доим уйга клубдан овқат олиб келаман.

- Футболчи сифатида муваффақият қозонишингиз мумкинлигини қачон англадингиз?

- Илк марта «Волендам»нинг асосий жамоасига ўтганимда, муваффақиятга эришишимга ишонмайдиган мураббийлар бор эди. Аммо тахминан 2 ой ўтгач, янги мураббий келди ва у менга шунчалик ижобий муносабатда бўлдики, агар заиф томонларим устида қаттиқ ишласам, келажакда яхшироқ ўйинчи бўлишим мумкинлигини айтди. Мен эса буни қила оламан, деб ўзимни ишонтирдим.

- Охирги марта қачон йиғлагансиз?

- «Челси»га қарши ўйинда тиззамни йиртиб олганимда. Олдин ҳам бундай ҳолатга тушганман ва бу яна содир бўлганига ишонолмасдим. Айтмоқчиманки, мен чинакам йиғладим, деб айтмаган бўлардим, лекин бу жуда ҳиссий лаҳза эди. Шунчаки, бундан ранжидим ва қабул қилиш қийин бўлди.

- Энг бахтли кунингиз қачон?

- Мен энг бахтли бўлган икки лаҳза бор: оилам ва дўст­ларим билан бўлганимда ва биз ўйинда ғалаба қозонганимизда. Бу вақтда мен доимо яхши кайфиятда бўламан.

МУҲАММАДХОН тайёрлади