Можаро: Исёнга айланган шодиёна

Можаро: Исёнга айланган шодиёна

Канада терма жамоаси 1986 йилдан бери илк марта ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиб, ватандошларига улкан байрамни туҳфа этганди.

Муваффақиятга осонликча эришилгани йўқ, албатта. Канада футболи узоқ вақт давомида энг қуйи поғоналардан бошлаб кенг кўламдаги ислоҳотларни амалга оширди ва сабр-тоқат билан ижобий ўзгаришларни кутди. Бироқ айнан мундиал йўлланмаси нақд қилинган паллада «аталадан суяк чиқди». Яъни, футболчилар исён кўтаришди.


Норозилик боиси нима?

Май ойи ўрталарида Канада футбол федерацияси миллий терма 5 июнда ЖЧга тайёргарлик доирасида Эронга қарши ўртоқлик учрашуви ўтказишини эълон қилганди. Рақиб танлашда мутасаддилар Эроннинг ўйин услуби мундиал гуруҳ босқичидаги бўлажак рақиблари - Марокаш термаси услубига яқин эканлигини инобатга олгандилар. Ўз навбатида, эронликларнинг АҚШ билан бир гуруҳдан жой олганликлари ҳам режага мос тушганди. Осиё вакили бош мураббийи Ҳамид Астилининг айтишича, ўртоқлик учрашуви учун Канада Эрон термасига 400 минг доллар ваъда қилганди.

Лекин белгиланган режа амалга ошмади - 2020 йилнинг январида юз берган авиаҳалокатни эсга олган жамоатчилик мазкур қарор туфайли федерацияга қарши исён кўтарди. Ўшанда «Украина халқаро авиалиниялари»га тегишли «Боинг 737-800» самолёти Теҳрон - Киев йўналишида ҳавога кўтарилган, лекин тез орада ракета ёрдамида уриб туширилганди. Сабаби, ҳаво кемаси ҳарбий самолёт билан ёнма-ён парвоз қилаётган ва «душман нишони» сифатида баҳоланганди. Авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлган 176 нафар йўловчининг 55 нафари Канада фуқаролари ва 30 нафари резидентлар (асосан, талабалар) эдилар. Улар энг арзон рейслардан бири сифатида «УХА»ни танлагандилар.

PS752 рейсида ҳалок бўлганлар оилаларининг ассоциацияси бош матбуот котиби Ҳамид Эсмейлион мазкур қарорни «авиаҳалокат жабрдийдалари учун кучли зарба» сифатида таъкидлади. Унинг фикрича, Эрон футболи ислом инқилоби соқчилари корпусининг назорати остида бўлгани боис, учрашувга футболчиларга шу ташкилот вакиллари ҳамроҳлик қилишлари аниқ эди.

Toronto Star нашри газетхонлар ўртасида Канада ФФнинг Эрон билан учрашув ўтказиш қарори хусусида сўровнома ўтказди. 15 мингдан кўпроқ киши уни «кечирилмайдиган хато» сифатида баҳолади, фақат 2 минг нафар газетхон унда бирор-бир ёмон жиҳат кўрмаганлигини билдирди. Федерация ўзини ҳимоя қилишга уринди: қисқача баёнотда спорт соҳасидаги алоқалар халқлар ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаши баён этилганди.

26 майда федерация таслим бўлди: «Сўнгги ҳафтада юзага келган сиёсий вазият Эрон билан жиддий зиддиятларга сабаб бўлди ва терма жамоалар ўртасидаги учрашув бекор қилинди». Эронликлар қарорга етарли баҳо бермай, Канада ҳукуматини эронофобияда айбладилар: «Афсуски, театрга хос баёнотлар камлик қилгандек, энди спортга оид масалалар ҳам Канададаги партиявий ва сиёсий тақсимланиш қуролига айланиб қолди». Шартнома бекор қилиниши муносабати билан Эрон спорт вазирлиги Канада ФФни судга берди ва 10 млн. доллар товон пули талаб қилди.

Канадаликлар эса зудлик билан спарринг учун бошқа рақиб - Панама термасини топишди. Бу жамоа ЖЧ финал босқичига чиқолмаган, ўз тарихида 12 марта Канада термаси билан куч синашганди. Кейин нима бўлди? Жамоа машғулотлар ва учрашувга чиқишдан бош тортди. Сабаб - федерация билан юзага келган молиявий зиддият. Жума куни эрталаб жамоа «Ванкувер Вайткэпс» клубининг Британия Колумбияси университетидаги базасида машғулот ўтказиши лозим эди. Жараён бошланишига 1 соат қолганида, уни 3 соатга кечиктирилди, кейин бекор қилинди. Жамоа шанба куни ҳам машғулотга чиқишни истамади. Натижада, мамлакатнинг турли бурчакларидан келган 40 мингга яқин мухлислар гувоҳлигидаги ўйин ҳам ўтказилмади.

Маълумотларга кўра, шанба оқшомида федерация вакиллари муаммони ҳал этиш мақсадида футболчилар билан учрашишган. Бу мунозара терма жамоанинг ЖЧга чиққани учун бериладиган мукофот пуллари хусусидаги музокаранинг давоми эди. Унга кўра, ФИФА Канадага 10-15 млн. доллар миқдорида маблағ ажратиши, федерация эса уни жамоалар ўртасида тақсимлаши керак эди.

ОАВда эркаклар термасининг мактуби чоп этилиб, унда футболчилар тўловларнинг янада ошкора ва мусаффо бўлишини талаб қилгандилар. Гап шундаки, 2018 йилда федерация Канада Премьер-лигасининг асосчиси бўлмиш агентлик билан шартнома имзолаган, лекин келишувнинг қийматидан терма жамоалар аъзолари бехабар эдилар.

Футболчилар томонидан мутасаддиларга тақдим этилган «Мамлакат футболини ўзгартириш учун зарур бўлган фундаментал элементлар» рўйхати қуйидагича:

*** Canadian Soccer Business билан имзоланган 10 йиллик шартноманинг шаффофлиги ва маълумотлари (миллионларнинг қаёққа кетаётгани ҳеч бир футболчига маълум эмас);

*** Шартноманинг янада самаралироқ бўлиши ва корпоратив ҳамкорликдан даромад олишни таъминлайдиган етакчи мутасаддиларни аниқлаш;

*** Аёллар терма жамоаси ҳам эркаклар каби гонорар ва мукофот пуллари олишини таъминлайдиган адолатли тизим;

*** ЖЧга чиққанлиги учун умумий ажратманинг 40 фоизини ажратиш;

*** ЖЧ-2022 боришлари учун қариндошларга ажратилган пакет (ҳар бир футболчига 2тадан чипта ажратилгани ёқмаяпти);

*** Федерациядаги раҳбарлик лавозимларида собиқ футболчиларнинг кўпроқ бўлишлари.

Аёллар терма жамоаси ўйинчилари мукофот пулларини эркакларга нисбатан оз олишларидан норози эканликларини, бу борадаги музокаралар тўхтаб қолганлигини маълум қилишди. Канада ФФ якшанба куни бўлган матбуот анжуманида футболчилар бонусларнинг 75-100 фоиз бўлишини талаб қилганликлари, раҳбарият эса 60 фоизни таклиф этиб, аёллар ва эркакларга баравар тақсимланишини изҳор этди.

«Биз муҳокамани ўзимиз яшаётган молиявий воқелик асосида ўтказишни истагандик. Шаффофлик ва тенгҳуқуқлилик қоидаларига риоя қиламиз, ўйинчиларга рўй-рост таклифларни бердик. Бундан ташқари, уларни дун­ёдаги бошқа жамоалар шарт­номаларига таққосладик. Таклифимизда шунингдек, аёллар термаларига бир хил шароит яратиб бериш мажбурияти ҳам қўшиб қў­йилди», - деди ассоциация президенти Ник Бонтис.

2021 йилдаги молиявий ҳисоботга кўра, федерацияга келган умумий даромаднинг 39 фоизи эркаклар терма жамоаларига, 18 фои­зи аёллар жамоаларига бўлиб берилган. Қатар мундиали эса тобора яқинлашмоқда. Шундай экан, мавжуд муаммоларни имкон қадар тезроқ бартараф этиб, ЖЧга тайёргарликни кучайтириш лозим.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади