Расмий ҳужжатларга мувофиқ айтсак, футболчи 2004 йилнинг 20 ноябрь куни Камерунда туғилган. Демак, ҳозир 18 ёшда. Бироқ Австриянинг Laola1 нашрида ёзилишича, Юсуфни асраб олган отаси яқинда унинг асл туғилган санаси битилган гувоҳномани тегишли органларга топширди. Унда Юсуф Муҳаммад Мукоко (футболчининг тўлиқ-исм-шарифи) 2000 йилда туғилгани қайд этилган. Ажабо...
Таъкидланишича, Юсуфнинг туғилганлик ҳақидаги асл гувоҳномасини журналистларга тақдим этган катта Мукоко кейинчалик ҳужжат чоп этилишига қонуний равишда тўсқинлик қилган. Айтиш керак, яқинда ёшни аниқлаш тестларидан ўтолмаган 21 нафар футболчи Камерун U-17 термасидан четлаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Кўринишидан, Юсуф Мукокога боғлиқ можаро шу воқеалар таъсирида юзага қалқиб чиққан кўринади. Иккинчи томондан, жорий мавсум «Боруссия»нинг барча турнирлардаги жами 22та ўйинида 6та гол ва 6та самарали узатма қайд этган Юсуф Мукоконинг отаси билан сира келишолмаётгани ҳақида ҳам маълумотлар чиққанди.
Мукоко ва «Боруссия» ўртасидаги шартнома 2023 йилнинг ёзигача мўлжалланган. Аввалроқ футболчига даъвогарлар қаторида «Ньюкасл», «Челси» ва «Барселона» клублари тилга олинганди. Мукоколар оиласидаги келишмовчиликка келсак, футболчи ота-онасини очкўзликда айблайди. Хусусан, у яқинлари Гамбургда яшаган уй ижараси учун 1 миллион евродан кўпроқ тўлашни истамади. Юсуфнинг шу муаммо ортидан ота-онаси билан алоқани батамом узгани ва 2 икки йилдан буён ҳаттоки, гаплашмагани ҳақида хабарлар ёзилганди. Эҳтимол, ота ўғлини матбуотга «сотиб», шу тариқа «ақлини киритиб қўйиш»ни ўйлагандир.
Айтганча, олдинроқ ҳам Мукоконинг ёшига нисбатан гумонлар пайдо бўлган, лекин Германия футбол ассоциацияси (DFB) 2017 йили унинг ҳужжатлари қалбакилаштирилганини қатъиян инкор этиб, масалага нуқта босганди. Энди янги суриштирув ишлари бошланадими? «DFB аллақачон «Боруссия» вакиллари билан гаплашган. Клуб фактларни синчиклаб кўриб чиқиш ҳақидаги илтимосга биноан, ҳужжатлар ҳаққоний эканлигини тасдиқлади. Мукоконинг ёши расмий ҳужжатда ёзилганига мувофиқ келишига шубҳа йўқ. DFB ушбу масалада клуб маълумотларига тўлиқ ишонади», - дея Bild нашри сўровига жавоб берди футбол ассоциацияси иттифоқи матбуот хизмати. Ўша 2017 йили «Боруссия» U-23 жамоаси бош мураббийи Тимо Преусс 12 ёшли Юсуфнинг ҳужжатлари «носоз»лиги хусусидаги тахминларга нисбатан кескин фикр билдирганди: «Мукоко гавдасига қарасангиз, асл ёши катталигини тахмин қилишингиз турган гап. Эҳтимол 1-2 ёш каттароқ ҳамдир. Аммо 17 ёшда эмаслиги аниқ. Уни айблашдан маъно йўқ, бола алдамайди».
Ҳозирда Мукоко атрофидаги воқеалар қандай ривожланиши номаълум. «Ньюкасл» ва «Челси» каби клублар аллақачон иқтидорли ҳужумчи учун таклиф тайёрлаш ҳақида ўйлаётганди. Бироқ шубҳалар тасдиқланса, барчаси 180 даражага ўзгариб кетиши тайин.