Мукаммалликка белги лаҳза

Мукаммалликка белги лаҳза

Чемпионшипга «қулаган» «Уотфорд» мавсум бошидаёқ катта шов-шув кўтарди.

Аниқроғи, жамоанинг энг қимматбаҳо футболчиси Исмоила Сарр «Вест Бромвич»га қарши кечган 1-тур ўйинида майдон марказидан гол урди, яна худди афсонавий Дэвид Бекхэм каби. Тўғри, футболчи кейинчалик пенальтини кўкка совурди ва жамоаси 1:1 ҳисоби билан чекланди. Аммо бу омадсизлиги унинг нодир голига соя солмайди, барибир.

«Уотфорд» бош мураббийи Роб Эдвардс ҳайратда: «Бу чиндан ҳам, даҳоликдан нишона бир лаҳза. Зўр техника, узоқ масофадан зарба, ва ўзгача гол. Аслида Исмоила қандай иқтидор эканлигини биламан, аммо ундан бундай зарба кутмагандим. Тўғри, тўпга ҳаракат бошлаганида, беихтиёр ўйладим: «Мана, вақти келди». Тўп унинг оёғидан узилгани ҳамоно эса чиройли гол чиқишини англадим. Таърифга тил ожиз. Бу шунчаки, Исмоила...». Кўпчилик дарҳол ёш Дэвид Бекхэмнинг 1996 йили «Уимблдон» дарвозасига урган афсонавий голини эслади, албатта. 

Қанотда ва ҳужумчи позициясида бемалол ўйнайдиган сенегаллик 24 ёшли Исмоилани олдинга ундайдиган ўзига хос ибрат бор - Садио Мане. Ҳар иккиси футболга «Мец»да қадам ташлаган. Сарр 2019 йили «Уотфорд» сафига қўшилди, чунки клуб яхшироқ таклиф тушган заҳоти қўйиб юборишга ваъда берди. Саррнинг «Уотфорд» таркибидаги энг ёрқин ўйини 2020 йилнинг март ойида кузатилди - «арилар» ўшанда сенегаллик футболчининг 2та голи ва 1та самарали узатмаси эвазига «енгилмас» «Ливерпул»ни 3:0 ҳисобида доғда қолдиришганди. 

Исмоила энди «Уотфорд»ни тезда яна элитага тортиб чиқаришни режалаштирмоқда. Сенегаллик футболчида бундай тажриба йўқ эмас: мавсум-2020|2021 доирасидаги 39та ўйинда 13та гол ва 10та самарали узатмаси билан «арилар»нинг АПЛга йўл олишларида катта роль бажарганди. Аввалги мавсум эса жуда кўп даволанишига тўғри келди.

Исмоила Сарр ҳозир «МЮ» эътиборида. Бу шунчаки, бир ажиб зарба самараси эмас. «Юнайтед» 2 йил олдин ҳам футболчи трансфери юзасидан музокара олиб борган, аммо якунда сумма масаласида «Уотфорд» билан келишолмаганди. Энди «МЮ»да маълум устунлик бор - Сарр АПЛда ўйнашни хоҳлайди, албатта. Лекин футболчига даъвогарлар ҳам етарли. Майдон марказидан урилган гол таъсирида харидорлар ҳаракатни фаоллаштиришса ҳам, ажабмас.

Манба: championat.com