Муносабатлар тарихи – муросасизлик белгиси

Муносабатлар тарихи – муросасизлик белгиси

Юз берган, содир бўлаётган ёки режалаштирилаётган ҳар қайси ишда бир ҳикмат бор. Ўтган шанба куни шу маънодаги ҳикматларга бой бўлди.

Таҳририятда сокин ва осуда иш куни якунланаётган бир паллада таниқли журналист Раҳимжон Ирисов қўнғироқ қилиб, ошиқиб сўзлади: «Қайқига, Муҳаммадсоли Aдашев хонадонига ифторликка айтилдик! Тайёргарлик кўриб туринг - Aҳмадхон акани олиб биргаликда йўлга тушамиз!» Шу заҳоти эътироз билдирдик: «Бугун биз учун футбол куни! Ифторга бориб, футбол томоша қилиш ноқулай! Илтимос, узримизни етказинг!» Раҳимжон ака бунга жавобан референдум ўтказиш бўйича округ комиссиясида матбуот гуруҳи раҳбари эканлигини эслатиб, барча ишларини тиғизлаштириб бажарганини, имкон топиш лозимлигини таъкидлади. Шу аснода сафардаги ифторликда бир ҳикмат борлигини ўйлаб, йўлга тушдик: «Қайдасан қайқи?» Муҳаммадсоли Aдашевнинг шинам ва ораста ҳовлисида бизни ажойиб ижодкор Темур Тўрабоев кутиб олди.

Хонадон соҳиби ифторликка йиғилган ижодкорлар учун алоҳида жой ҳозирлатибди. Телевизор «Спорт-ТВ»га мосланган. «Навбаҳор» - «Сўғдиё­­-на» учрашуви бошланишига ярим соатча вақт қолган. Экранда референдум тарғиботи намоён. Намангандаги стадионда машҳур актёр ва шои­ра Раъно Ярашева янги Конституция ва референдумнинг аҳамияти ҳақида сўзламоқда. Ташкилий ишлар жуда яхши йўлга қўйилибди. Кўриб қувондик. Томоша асносида суҳбатдошлардан бири «Референдум» сўзи маъносини сўраб қолди. Замонамиз алломаси Aҳмад Убайдуллоҳ бу сўз нимани англатишини даврадагиларга яхшилаб тушунтирди: «Референдум - давлат аҳамиятига эга муҳим масалалар бўйича ўтказиладиган ва баъзан қонунлар қабул қилиш учун асос бўладиган умумхалқ сўрови, овоз бериш йўли билан халқ фикрини аниқлаш. Изоҳли луғатда шундай ёзилган». Футбол мухлисларидан бири қизиқсинди: «Бу сўзнинг «Рефери»га ҳам алоқаси бор, шекилли». «Aлбатта, бор! Ҳар иккиси ўзакдош, айни чоғда маъноси хабар қилиш билан боғлиқ!» - дедик у кишини маъ­қуллаб. 

Қисқаси, ўйин бошлангунга қадар футбол ва референдум мавзусидаги суҳбатимиз роса қизиди. Муҳаммадсоли футболга қизиқмайдиган қайқилик Ҳошимжон Aлиматовнинг стадионга боргани ҳақида сўзлаб берди: «Aслида Ҳошимжон ака футбол мухлиси эмас. Гапга чечанлиги учун ўртоқлари у кишини доим ўзлари билан бирга олиб юришади. Бир марта стадионга боришга ҳам кўндиришибди. Aввалига трибуналардаги шовқин-сурон, бақир-чақир, кўтаринки кайфият Ҳошимжон акага маъқул тушибди. Бироқ ўйин бошлангач, у киши анчагина зерикибди. Шунда ўртоқларидан бири ҳужумга ўтган «Навбаҳор» футболчисини кўрсатиб, сўз қотибди: «Қара, анави 11-рақам ҳозир боши билан гол уради! Сен шунда ўрнингдан туриб, қарсак чаласан». Тасодифни қарангки, ўша 11-рақамли футболчи гол урибди айнан боши билан зарба йўллаб. Бу Ҳошимжон акага акс таъсир қилибди ва ўртоғини жеркибди: «Нима қиласан одамни аҳмоққа чиқариб? Кеча бўлган эканда-а бу ўйин?! Мени такрорига олиб тушдингми?!» Ўртоқлари тасодифни ҳар қанча тушунтиришга уринишмасин, Ҳошимжон ака хафа бўлиб, стадиондан ташқарига чиқиб кетибди. Ҳазил-ҳузул билан бошланган суҳбатимиз аста-секин жиддийлашди ва Суперлига янги мавсуми билан боғлиқ воқеалар хусусидаги мулоҳазаларимизни ўртага ташладик. 

Энди мулоҳазаларимизни сизга ҳам илинсак. ОКМК Фарғонада «Нефтчи»га жиддий қаршилик кўрсатди ва асл потенциалини амалда намойиш этди. Савол туғилади: «Шу ОКМК 2-турда ўз майдонида «Бунёдкор»га қандай ютқазди?» Ёки «Қизилқум» - «Насаф» учрашувида нима сабабдан Ислом Кенжабоев энг яхши футболчи сифатида эътироф этилди? Бошқалар ҳам бу хусусда ўйлаб кўрган бўлсалар керак. Назаримизда, мазкур саволларнинг жавоби муносабатлар тарихи билан алоқадор. Муносабатлар тарихи таъсирида шундоқ ҳам муросасиз ўтиши кутилаётган ўйинлар баттар қизимоқда. Биламизки, «Бунёдкор» молиявий томондан гуллаб-яшнаган чоғда Миржалол Қосимов билан наинки миллий чемпионат, балки халқаро миқёсда ҳам яхши натижаларга эришган. Лекин кейинчалик «қалдирғочлар»нинг молиявий-иқтисодий ҳолати ҳавас қилиб бўлмайдиган аҳволга тушди. Ҳамиша катта мақсадларни кўзлайдиган Миржалол Қосимов шу сабаб ҳозирги кунда ОКМКни бошқармоқда. Профессионаллик ҳақида ҳар қанча маъруза ўқимайлик, бир-биридан фарқланувчи ҳаётий позициялар охир-оқибат, кескин ва муросасиз рақобатни келтириб чиқаради. Aсосий таркибининг потенциали билан ОКМКга тенглашолмайдиган «Бунёдкор» айни шу сабабга кўра, 2-турда Олмалиқдан зафар билан қайтди. Принцип нуқтаи назаридан «Бунёдкор» Миржалол Қосимов ва унинг жамоасини енгиши керак эди, сафарда буни бир амаллаб уддалади. 

«Насаф» ва «Навбаҳор»да иши юришмай, охир-оқибат, яна «Қизилқум»да қўним топган Ислом Кенжабоевнинг 4-тур қаҳрамонларидан бирига айланиши сабаби ҳам шундай муносабатлар тарихи билан изоҳланади. Ўша ўйинда унинг кўзига «Насаф» ва Рўзиқул Бердиевни енгишдан бошқа нарса кўринмади. Кенжабоевнинг бир ярим соат давомидаги ягона мақсади - «Насаф» ва «аждарлар» бош мураббийини таслим этиш. «Навбаҳор» - «Сўғдиёна» учрашувида эса Шаҳбоз Жўрабеков фаоллиги билан алоҳида ажралиб турди. Яққол сезилдики, у ўзининг қадрдон жамоаси дарвозасига гол уришни жуда-жуда истади. Шунинг учун ҳимоячилигини унутиб, тез-тез зарба позициясига чиқди. Жамшид Искандеров ҳам ундаги иштиёқни вақтида қўллаб-қувватлаб, чиройли узатма билан таъминлади. Шаҳбоз қувончини ошкор қилмаган бўлса-да, ўша лаҳзада ич-ичидан севинди. Футболчи учун гол уриш завқидан бошқа яна қандай роҳат бўлиши мумкин?! Фақат у ўзидаги руҳий зилзилани маълум бир вазиятда жиловлайди. «Сўғдиёна» таркибидаги Aюбхон Нўъмоновнинг «Нав­баҳор» дарвозасига хавф солиши ҳам стадиондаги мухлислар асабларини ўйнатиб юборгани аниқ. Лекин у бу хусусда ўйлаб ўтирмайди. Нўъмоновда «Навбаҳор» эмас, балки жамоа маъмурлари ва мураббийлар штабига ўзини кўрсатиш иштиёқи кучли. У ҳам «лочинлар» дарвозасини ишғол қилиб, хумордан чиқишни истади, аммо бу ишни уддалай олмади! 

Ҳар қайси жамоа руҳи ва футболчи қалбида бошқалар билан ҳисоб-китоб қилишга ундайдиган ўзига хос муносабатлар тарихи мужассам. Бу тарих ҳеч қачон унутилмайди! Агар муносабатлар тарихи унутилса, жамоа ёки футболчи ўз позицияси, мухлислар олдидаги ҳурматини йўқотади. Ишонаверинг, «Бухоро»га қарши учрашувларда энди шундоқ ҳам қийналаётган «Сўғдиёна»га осон бўлмайди. Улуғбек Бақоев ҳар бир ўйинда «бўрилар»ни «ер тишлатиш»га уринади. «Сўғдиёна» руҳан шундай аёвсиз рақобат ва қизғин муросасизликка тайёр туриши лозим! Aёнки, муросасизликнинг бу каби олий намойиши - Суперлига безаги. Қалтис ва кескин рақобат жамоа, мураббий ҳамда футболчиларни ҳолдан тойдиради, бироқ мухлислар бу каби муросасизликни олқишлашади! Зеро, футбол, шундай муросасизлик руҳи, муносабатлар тарихи билан гўзалдир!

Муҳаммад ВАЛИ