МУРАББИЙЛАР: Бундестимда навбатдаги инқилоб

МУРАББИЙЛАР: Бундестимда навбатдаги инқилоб

Германия терма жамоасига янги бош мураббий тайинланди

36 ёшга чиққунга қадар энг юксак савияда (жумладан, «Бавария»да) ишлаган Юлиан Нагельсманн энди бундестимни бошқаради. Келаси йили бўлажак Евро турнирида мезбон мақомида иштирок этадиган жамоага муносиб устоз бўлиш - ўта масъулиятли юмуш. Нагельсманн бу вазифани уддалай оладими? Умуман, у қай тариқа мазкур лавозимда пайдо бўлди?

Флик варианти омадсиз чиқди

Лёвнинг бундестимдаги даври тарихга айлангани ойдинлашгач, янги номзодни топиш узоққа чўзилмади - мутасаддилар 2019|20 йиллар мавсумида «Бавария» билан клуб тарихидаги энг ёрқин ўйинларни намойиш этган Ханси Фликни таклиф этишди. Қолаверса, Флик бундестим учун бегона эмасди. У узоқ йиллар давомида турли лавозимлардаги самарали хизматлари билан терма жамоа муваффақиятларига (жумладан, ЖЧ-2014даги зафарга) муносиб ҳисса қўшганди.

Ханси Мюнхенда ҳам заргарона нафислик билан мукаммал механизмни яратиб, барча турнирлардаги 86та учрашувда 70та ғалабага эришди ва ички чемпионликни треблга айлантирди. Шу сабабли бундестимнинг нуқсонсиз машинага айланиши тахмин қилинганди. Бошланиши чакки бўлмади - Фликнинг дебюти умумий 33:2 ҳисобида якунланган 8та ғалабалар серияси билан нишонланди. Мағлубиятсиз серия эса 15тага етди. Бир йил давомида мураббий мағлубият нима эканлигини билмади. Шундан кейин Венгриядан қабул қилинган минимал ҳисобдаги мағлубият Қатар мундиалидаги омадсизликка уланиб кетди. Немислар Коста-Рика ва Япония бўлган гуруҳдан чиқа олмадилар, қитъадошларимизга 1:2 ҳисобида имкониятни бой бердилар.

ЖЧдан кейин мураббий вазиятни яхшилаш учун турли чораларни қўллай бошлади - 6та ўртоқлик учрашувида 4та тактик схемани синаб кўрди, ўйинчиларни тўхтовсиз равишда алмаштириб турди. Лекин ижобий силжишга эриша олмади. Жамоа фақат Перуни енга олди (1:0), Украина билан базўр дурангга (3:3) эришди, Бельгия, Польша, Колумбия ва Япониядан енгилди. Қатарда бундестимни ранжитган японлар бу гал янада йирикроқ ҳисобда (4:1) таслим этишди.

Ана шу шармандали мағлубият германиялик мухлису-мутахассислар сабр косасини тўлдириб юборди. Немис футбол иттифоқидагилар мураббий истеъфосини эълон қилиш чоғида ўз уйидаги Евро турнири арафасида жамоа ижобий турткига муҳтож эканлигини, Ханси эса буни уддалай олмаслигини таъкидладилар. Шунингдек, Флик ва унинг штабини ҳурмат қилишлари, лекин унга имконият бериш учун вақт қолмаганлигини баён этдилар ва Нагельсманни тайёрлашга киришдилар.

Нима учун айнан Нагельсманни?

Лёв ҳамда Флик каби Нагельсманнда ҳам қаноатланса бўладиган рақобатчи йўқ. Юлиан ёш, малакали, таниқли ва мустақил мутахассис, немис йигити эканлиги ҳам маҳаллий ФИ учун муҳим аҳамиятга эга. Унга ўхшаш номзодлар - Клопп ва Тухель эса ўз клубларида бандлар. Нагельсманн эса ишсиз.

Мутасаддиларнинг асосий муаммолари шунда эдики, Юлиан ўз имкониятлари ва хоҳиш-истакларини яхши биларди. Шу сабабли, маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, музокаралар ўта қийин кечди. Бир томондан, ўз юртидаги йирик турнирда иштирок этиш у учун тарихий воқеа бўларди. Лекин бошқа томондан, бундестимдаги машаққатли меҳнат туфайли, у топ-клублардаги лаззатли фаолиятдан четда қоларди.

Бироқ музокарани секинлатган қандайдир шартли «Челси»нинг ҳамкорлигини қўлдан чиқаришда эмасди - асосий тўсқинлик маблағ билан боғлиқ эди. Юлиан истеъфога чиққанидан кейин ҳам «Бавария»дан пул олиб турган, 2026 йилга қадар 20 млн. еврога яқин олиши ҳам мумкин эди. ГФИ эса шу муддат учун 10 млн. таклиф этиши мумкин эди. Амалда эса бундан ҳам оз, Евро-2024 тугагунига қадар 10 ойлик шартнома таклиф этишди.

Шунга қарамасдан, Нагельсманн мўмай даромаддан воз кечиб, терма жамоага ўтди. Энди уни «Бавария» билан боғлаб турган ришта йўқ, 2026 йилгача оладиган 20 млн. ўрнига 2024 йилгача атиги 4 «лимон»га эга бўлади. У ёғи - омадга боғлиқ. Мақтовга арзийдиган танлов, лекин у хато қилмадими?

Осон бўлмайди

Немис сайтларидан бири Фликнинг муваффақиятсизлигига ўта аниқ баҳо берганди: «Терма жамоада Ханси «Бавария»да амалга оширган ишларининг тескарисини бажарди. Майдонда у учун тўп сурган ўйинчилар ҳам олтин болалар эмасди».

Қисқа ва ўта аниқ эътироф. «Бавария» билан эришган шон-шуҳратдан кейин Флик ҳеч кимни менсимай қўйди, оддийлик, ишонувчанлик ва барқарорлик хислатларини йўқотди: ҳар бир ўйинда тушуниш қийин бўлган қарорларни қабул қиладиган бўлиб қолди - бу энди унинг мусибати.

Бироқ «олтин болалар» билан боғлиқ фалокат Нагельсманни ҳам тинч қўймаслиги мумкин. Ҳозирги бундестим - фахрийлар, беқарор ёшлар ва ўткинчи персонажлардан шаклланган тузсиз аралашма. Флик уларни бошқара олмади, жумладан, руҳий жиҳатдан. Энди-чи? Нагельсманнинг услублари фахрий футболчиларга мос келадими? Устига, устак, Юлиан - нафис ижод ва мураккаб механизмларни хуш кўради. Муҳим турнирга талаб даражасида тайёргарлик кўриш учун эса вақт жуда кам қолган. Умуман олганда, муаммоли жамоа, мураккаб мураббий ва чекланган вақт. 

Хуллас, ҳозирча мазкур ҳамкорликдан ким кўпроқ манфаат олиши хусусида фикр билдириш жуда қийин. Нагельсманн каттагина маблағдан ва эҳтимол, сердаромад клубда ишлаш имкониятидан жудо бўлди, федерация хавотирда, фақат «Бавария» қисман бўлсада, тежаб қолинган воситалардан мамнун.

Ёзда барча футбол мухлисларини Евро-2024 кутмоқда. Бундестим охирги марта 1996 йилда нуфузли турнирда ғолиб чиққанди. Зафарли юриш такрорланадими? Ишониш қийин.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади