Нигоҳ: «А» серия ютуғи

Нигоҳ: «А» серия ютуғи

ҚАЙСИ ЛИГАЛАР ЧЛга 5та КЛУБ ЮБОРАДИ?

Италия «А» серияси 5та чипта расмийлаштиришга улгурди, АПЛ эса бундай имкониятни йўқотди деярли. Келаси мавсум УЕФА рейтинги бўйича кучли икки лигада 5-ўринни эгаллаган клубларга ҳам ЧЛ йўлланмаси берилади. Италия «А» серияси 5та жойни банд қилишга улгурди, ҳатто 6-чипта учун ҳам имконияти бор. Эслатма, бунга қадар УEФА рейтингидаги дастлабки 4та мамлакатдан ЧЛда 4тадан жамоа ўй-нарди кўпинча. Мусобақанинг янги форматига кўра эса, рейтинги энг яхши икки мамлакатга 5тадан жой ажратилади. Ҳо-зир рейтингда вазият қандай?

Рейтинг очколари қандай ҳисобланади? Клубларнинг ҳар бир ғалабасига 2 балл берилса, дуранг қиймати 1 баллга тенг. Агар ўйин қўшимча бўлимга ўтса, унда пенальтилар серияси натижаси эмас, балки 120 дақиқалик якунидаги ҳисоб эътиборга олинади. 3та еврокубок ярим финал ва финали учун ҳам бонус берилади. Айни ҳолатда Италия математик жиҳатдан кучли иккиликдан жой кафолатлади, демак, келаси мавсум ЧЛда «А» сериянинг 5та клубини кўришимиз аниқ. Қолаверса, назарий жиҳатдан итальянлар улуши ҳали 6та чиптага етиши ҳам мумкин. Яъни агар «Рома» ёки «Аталанта» ЕЛда ғолиб чиқиш баробарида «А» серия турнир жадвали кучли тўртлигидан четда қолса, 6-чипта расмийлаштирилади. Германия ҳам худди шу ҳолатда. Зеро, «Боруссия» Д. ЧЛда ғалаба қозониш орқали қўшимча йўлланма олиши мумкин. Умуман, рейтингда ҳам Германиянинг 2-ўринни банд этиши эҳтимол катта.

УЕФА рейтинги: етакчи мамлакатларнинг еврокубокларда қолган клублари

Италия: «Рома», «Аталанта», «Фиорентина»

Германия: «Бавария», «Боруссия» Д., «Байер»

Англия: «Астон Вилла»

Франция: «ПСЖ», «Марсель»

Испания: «Реал»

Айтиш керак, аввалги ҳафта «Манчестер Сити» ва «Арсенал»нинг ЧЛдан чиқиб кетиши оқибатида Англия жорий мавсум илк марта рейтингда кучли иккиликдан пастга тушди. Германия клублари эса идеал даражада ўйнади. Ҳозирда немисларда 5-йўлланмани нақд қилиш имконияти катта:

- Қолган ўйинларда атиги 2та ғалаба

- Қолган ўйинларда атиги 3та дуранг

- Қолган ўйинларда атиги 1та ғалаба + 2та дуранг

- Қолган ўйинларда 2та дуранг, фақат камида 1та клубнинг финалга чиқиши шарти билан

А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади