Нима учун Самвел Бабаяннинг мураббийлик лицензияси яна қайтариб олинди?

Нима учун Самвел Бабаяннинг мураббийлик лицензияси яна қайтариб олинди?

«Навбаҳор» клуби бош мураббийи Самвел Бабаяннинг мураббийлик лицензияси вақтинча қайтариб олинади. Бу ҳақда ПФЛ матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд   этилишича Суперлига 18- тури   доирасидаги « Сўғдиёна » — « Навбаҳор »  учрашувидан (0:0)   кейин   наманганликлар   устози   Самвел   Бабаян   матбуот   анжуманига   кириш   чоғида   футбол   мухлисларидан   бири   билан   тортишиб   қолган .

Мазкур вазиятга Миллий гвардия ходимлари ҳам аралашган. Бабаяннинг баланд овозда хунук сўзлар билан бақираётганини эшитган айрим журналистлар матбуот анжуманлари хонасидан кўчага югуриб чиққан. Бу вақтда мутахассис ОАВ ходимлари ҳолатни тасвирга туширмоқда деган фикрда, ўз шерикларидан «Championat.asia» нашри вакилининг телефонини тортиб олиш ҳамда ундаги видеотасвирларни ўчириб ташлашни талаб қилган. 

Шундан кейин Бабаяннинг шериги Фарҳод Умаралиев журналистнинг қўлидан унинг шахсий телефонини тортиб олиб, ўзбошимчалик билан ундаги материалларни ўчириб ташлаган. 

«Жамоа устозлари ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзларини намуна сифатида кўрсатиши шарт. Бабаян учрашув давомида уни тинимсиз ҳақорат қилган футбол мухлиси билан расмий тадбиргача ҳисоб-китоб қилишга уриниши тўғри иш эмас. Қолаверса, ПФЛ мусобақаларини ёритиб борувчи журналистларнинг стадионлардаги фаолиятини ‘ПФЛ томонидан ўтказиладиган тадбирлар ва мусобақаларда ишловчи ОАВ вакиллари учун йўриқнома’ орқали тартибга солади, уларга шу асосда аккредитация тақдим этилади. 

Шундан келиб чиқиб, ПФЛ ўз тадбирларида фаолият олиб бораётган ОАВ вакилларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилади. Бабаян ва унинг шериклари томонидан амалга оширилган иш шу томондан қаралганда на этика нормаларига, на Регламентга ва на қонунчиликка тўғри келади. 

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ПФЛ Самвел Бабаяннинг мазкур ишини ЎФА Тартиб-интизом қўмитасига оширади ва унга қадар мураббийнинг лицензиясини қайтариб олади. 

Шунингдек, қўмитада иш кўриб чиқилаётган вақтда жазо енгилроқ бўлиши учун «Навбаҳор» футбол клуби ва шахсан Самвел Бабаянни ОАВ вакилларидан узр сўрашга чақиради. 

Бунга қадар ҳам матбуот анжуманида кўнгилсиз воқеа келтириб чиқарган, бироқ кейинчалик ўз айбига иқрорлигидан келиб чиқиб, қайта аккредитация берилган Фарҳод Умаралиевнинг аккредитацияси ҳам қайтариб олинади ва у ПФЛ мусобақалари учун рўйхатдан қайта ўтказилмайди. Мазкур шахс матбуот анжуманида иштирок этгани аниқланса, ҳар қандай мезбон клуб жаримага тортилади», — дейилади ПФЛ баёнотида. 

Маълумот учун, Самвел Бабаян ЎФФ (ҳозир ЎФА) Ижроия Қўмитаси Бюросининг 2018 йил 15 январдаги 3-сонли қарорига мувофиқ футболга алоқадор ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан умрбод  четлаштирилган эди . Кейинроқ мутахассис Латвияда иш бошлагач, ташкилот бу қарорнинг фақат Ўзбекистонда амал қилишини  маълум қилганди . 

Аммо орадан бир йил ўтиб, Бабаяннинг дисквалификацияси четлатишдан икки ҳафта ўтибоқ «Бунёдкор» клуби кафиллиги остида бекор қилингани  маълум бўлганди