«Оқсоқол» дебютант

«Оқсоқол» дебютант

Нидерландия терма жамоасининг бош мураббийи Луи ван Галь УЕФА Миллатлар Лигаси турнирининг сентябрь ойидаги ўйинларига уч нафар янги футболчиларни таклиф этганди.

Улардан бири - ноябрь ойида 39 ёшга тўладиган «Аякс» дарвозабони Ремко Пасвеер эди. Польша ва Бельгия терма жамоалари билан кечган учрашувлар натижаси айниқса, фахрий футболчи учун тарихий аҳамиятга эга - мазкур беллашувларда у ўз дебютини ортиғи билан муваффақиятли ўтказди - иккита жиддий ўйинда 3та яққол голли вазиятларни бартараф этди ва ҳар икки ўйинда ҳам ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қола олди.

Бундай юксак мартабага эришиш учун Ремко ўта олис йўлни босиб ўтди. 2006 йилда 22 ёшли посбон Клас-Ян Хунтелар (4та гол урган, жумладан, 2таси финалда Украина дарвозасига, ва турнирнинг энг яхши тўпурари бўлган) билан ёшлар ўртасидаги Европа чемпионатида шоҳсупага кўтарилганди. Ўша мусобақадаги 22 нафар жамоадошларидан 18 нафари ўз фаолиятларини якунлаб бўлдилар. Айтганча, мазкур мусобақада Нани, Куарежма, Мейрелеш, Аггер, Кьеллини, Иванович, Красич, Санья, Гуркюфф, Фламини, Милевский, Чигринский, Алиев каби ёш иқтидорлар тўп суришганди. Дарвозабонлардан Манданда ва Пятовларни таъкидлаш мумкин.

Дейлик, Пятов шу йил ёзда терма жамоадаги фаолиятини ниҳоясига етказган бўлса, Пасвеернинг даври энди куртак ёзмоқда. Ўз гуруҳларида пешқадамликни бой бермаган нидерландияликлар миллатлар Лигасининг 2023 йил июнида бўладиган «тўртлик финали» йўлланмасини нақд қилишди. Энди бундан ҳам муҳимроқ воқеълик бор - 39 ёшли «оқсоқол» посбоннинг жаҳон чемпионатидаги дебюти.

Ремко Пасвеер ўзининг фаолиятини Нидерландияда ўтказган - «Твенте», «Хераклес», ПСВ, «Витесс» ва «Аякс» жамоалари шарафини ҳимоя қилган. Пасвеер ПСВда асосан захирада ўтирганига қарамай, икки марта чемпионлик унвонига сазовор бўлганди. «Аякс» ўтган йилнинг ёзида Пасвеерни эркин агент мақомида ўз сафига қўшиб олиш билан дисквалификация қилинган Андре Онананинг ўрнини тўлдирди. Ремконинг янги жамоадаги дебюти ўта омадсиз чиқди: ПСВга қарши Суперкубок беллашувида ўз дарвозасидан 4та гол ўтказиб юборди. Лекин дисквалификация ва жароҳатлар туфайли Онана ва Стекеленбург сафдан чиқишгач, асосий таркибда майдонга тушди ва қисқа вақт ичида Эрик тен Хаг наздида мамлакатдаги энг моҳир дарвозабон мақомига кўтарилди. Аввалги мавсум стартидаги 12та ўйинда Пасвеер атиги 2та гол ўтказиб юборди ва чемпионат рекордини ўрнатди. Мавсум якунида эса 20 учрашувда 4та гол ўтказиб юборган ҳолда 3-марта шоҳсупадан жой олди. 2021 йилнинг октябрида Ремко Эрлинг Холанднинг 3та аниқ зарбасини бартараф этган дастлабки дарвозабонга айланди. Унинг жамоаси эса «Боруссия Д.»ни 4:0 ҳисобида маҳв этди. 4 кундан кейин ПСВ янада йирикроқ (0:5) мағлубиятни тан олди. Фақат мавсум ниҳоясида Ремко бармоғини синдириб олгач, ўрнини Онанага бўшатиб берди. Ёзда анчайин заифлашиб қолганига қарамай, «Аякс» янги мавсумни ҳам ўта муваффақиятли бошлади - 6 ўйинли ғалабалар сериясида «оқсоқол» посбон 4та «қуруқ» учрашувни расмийлаштирди. ЕЧЛда эса жамоа гуруҳ босқичини «Рейнжерс» дарвозасига 4та жавобсиз гол уриш билан бошлади. «Энфилд»даги «Ливерпуль»га қарши беллашувнинг сўнгги сонияларида дурангни бой берди. Лекин 1:2 ҳисобида бой берилган ўйинда ҳам Пасвеер 7та сэйвни намойиш этди.

Хуллас, терма жамоанинг илк чорловига фахрий дарвозабон ҳақли равишда эришди. Ахир у Роббен ва Снейдердан анча катта! Олдинда эса Ремко Пасвеерни 2та нуфузли турнир кутмоқда. Бунинг учун Ремкодан Бельгияга қарши баҳсда ўз дарвозаси дахлсизлигини таъминлаш талаб этилади.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади