АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Суперлига жамоалари давралар оралиғидаги трансферлар бозорига алоҳида эътибор қаратди.
Таъкидлаш жоиз, ҳатто мавсум арафасида ҳам таркибни янгилаш пойгаси бу қадар авж олган эмасди. Диққат қилинг, бу жараённи таркибни кучайтириш эмас, янгилаш сифатида баҳолаяпмиз! Савол туғилиши табиий: аксарият жамоаларда нима сабабдан таркибни янгилашга интилиш кузатилди? Дейлик, «Навбаҳор»да бунга қандай эҳтиёж бор эди? Жавоб аниқ: чемпион бўлиш эҳтиёжи! Мазкур хулоса яна савол келтириб чиқаради: таркибдаги шу янгиланишни мавсум арафасида амалга ошириш мумкин эмасмиди? Жорий чемпионат бошланишидан олдин таклиф этилган Элгужа Григалашвили ва Ислом Кенжабоев, асосий таркиб вакили ҳисобланган Эҳсони Паншанбенинг давралар оралиғида «лочинлар» билан хайрлашишганини қандай қандай тушуниш керак? Ишончимиз комил, бош мураббий Самвел Бабаян бу каби саволларга ўзига хос аргументлар билан эътироз туғдирмайдиган даражада жавоб қайтаради. Ҳар доим шундай бўлган ва бу ҳолат кейинчалик ҳам ўзгармаслиги аниқ.
Биз бу жараёнга сал бошқачароқ ёндашамиз, барибир. Чунки янги мавсум арафасида «Қизилқум»да кузатилган ўзига хос трансферлар сиёсати ва Элгужа Григалашвилининг «Навбаҳор»га ўтиши масаласида танқидий мулоҳаза билдиргандик. Ўшанда айрим ҳамкасбларимиз хулосаларимизга ғашлик билан қарашган, ҳатто бунда мантиқ йўқлигини ёзишганди асоссиз равишда. Трансферлар жараёнига боғлиқ номувофиқлик ва бу ҳаракат ўзини оқламаслиги шундоққина билиниб турганига қарамай, ўша ҳамкасбларимиз негадир ўзларини кўриб-кўрмасликка солишган, «Қизилқум» таркибидаги ўзгаришлар ва грузиялик футболчининг «Навбаҳор» сафига қўшилишини оқлашганди. Aлбатта, ўша вақт танқидий муносабатларга жиддий эътибор қаратмадик ва барчасини вақт ҳукмига ташладик, негаки, мулоҳазаларимиз реал воқеликни ифодалаётганига ишонардик, улар Суперлига баҳслари бошланиши билан ўз исботини топишини билардик. Шу ўринда «Навбаҳор» бош мураббийи эътироф этмайдиган, у тилга кўчирмаган яна бир мулоҳаза. Самвел Бабаян аслида Зоран Марушич ўйинидан ҳам қониқмади, у ушбу футболчи хизматидан воз кечишни ич-ичидан истайди, лекин юзага чиқаролмайди, аниқроғи, шундай қилишдан уялади. Зеро, «Навбаҳор»нинг янги мавсум арафасидаги трансферлари ташаббускори айнан Самвел Бабаян ва не тонгки харидлар жамоа учун фойдали бўлиб чиқмади. Оқибатда мураббийлар штаби давралар оралиғида яна таркиб борасида бош қотиришга мажбур бўлди. Бундан бошқа илож ҳам қолмаганди.
«Навбаҳор»нинг турнир жадвалидаги ўрни, чемпион бўлиш орзуси ва клуб раҳбарияти қўйган талаблар мураббийларни мураккаб вазиятдан чиқиш йўлларини излашга ундади, барибир. Очиғи, «Навбаҳор» штаби бу ишни юксак мақсадларга уйғун даражада амалга оширганини айтишдан йироқмиз ва ўйлаймизки, клубнинг минг-минглаб садоқатли мухлислари бизнинг қарашларимизни тўғри тушунишади. Ўзи «Навбаҳор» ва унинг ажойиб мухлисларини ҳеч қачон қайсидир масалада айбламаганмиз, айбламаймиз ҳам. Ҳамма гап клубда тез-тез алмашаётган бош мураббий ва таркибга мувофиқ тушмаётган футболчилар ҳақида. Куни кеча «Кушон» кичик саноат зонасида тадбиркорлар билан бўлган учрашувда Наманган вилояти ҳокими муаммолар борасида сўз очмаётган иштирокчиларга қарата «Биласизларми, «Навбаҳор» футболчилари ҳам шунақа! Улардан муаммони сўрасанг, индамай тураверишади, майдонга тушиб ҳам тузукроқ ўйнашмайди!» - деди. У ҳақ! Тўғри, вилоят раҳбари ўша вазиятда мулоқотни жонлантириш мақсадида юмордан фойдаланди, лекин бундай сўзлар ўз-ўзича тилга кўчмади. Гарчи «Навбаҳор» биринчи даврани турнир жадвали пешқадами мақомида якунлаган бўлса-да, бу мавқе омонат эканлиги ва кучли рақобат натижасида 1-ўрин исталган турда бой берилиши мумкинлигини наинки вилоят раҳбари, балки клубнинг зукко мухлислари ҳам яхши тушуниб туришибди.
Шундай воқеалар ичра «лочинлар» таркибида ўзгаришларга қўл урилди ва буни клуб раҳбарияти қўллаб-қувватлади. Қўллаб-қувватлашнинг амалий ифодаси сифатида бош мураббий билан шартнома муддати узайтирилди. Қаранг, мавсум арафасида трансферлар сиёсати масаласида хатога йўл қўйган, футболчилар таклиф қилишда адашган мураббийга нисбатан шундай йўл тутилди! Нима дердик, ҳаммаси «лочинлар» учун хайрли ривожлансин! Олдин ҳам кўп бора айтганимиздек, бизнинг вазифамиз шундоқ кўриниб турган муаммоларни шахсий мулоҳаза шаклида билдириб қўйиш. Хўш, кўпчиликка кўриниб турган ноўрин трансферларни бош мураббий нега сезмаяпти? У сезмаяптими, сезишни истамаяптими ёки атайлаб шундай йўл тутяпти? Бу саволларга ҳозир жавоб бериш иложсиз! Йўқ, бизда саволларнинг шахсий мулоҳазалар шаклидаги жавоблари мавжуд - фақат ҳозир уларни кўпчилик эътиборига ҳавола қилиш мавриди эмас. Чунки Суперлигада иккинчи давра бошланди ва қизғин баҳслар аро кўнгилда туғилаётган саволларга жавоб қайтариш ноўрин! Бундай ҳолатда «Навбаҳор» ва Суперлиганинг бошқа жамоаларига омад тилаш билан кифояланиш лозим! Aфсуски, замонавий футболдаги шиддатли янгиланишлардан ортда қолаётган мураббийлар эскича қарашларини таркибни ўзгартириш сиёсати билан ниқоблашмоқда. Бундай аламли ниқобланиш Суперлигани қамраб олаётгани, нафақат «Навбаҳор», балки «Пахтакор» ва «Бунёдкор», AГМК ва «Насаф»да ҳам бўй ростлаётгани ачинарли, албатта. Ривалдо даврида порлаган «Бунёдкор»ни истисно этганда, миллий чемпионатимизни ҳар вақт ўзимизнинг юлдузлар, истеъдодлар қиздиришган, гуллатиб-яшнатишган. Болқонлик легионерлар эффекти футболимиз тараққиётига ижобий таъсир кўрсатолмайди, барибир. Ягона йўл - ёш ва умидли истеъдодларни кашф этиш! Шунинг учун ҳам кўп бора «Олимпик» шаънига мақтовлар ёғдирдик ва бу позицияда собит турамиз. Эски авлод Владимир Фёдоров, Миржалол Қосимов, Игорь Шквирин, Aзамат Aбдураимов, Максим Шацких, Сервер Жепаров, Aлександр Гейнрих, Одил Aҳмедов, Элдор Шомуродов каби юлдузлар порлаган сал кам ярим асрлик воқеликлар гувоҳидир. Ҳозир эса, таассуфки, миллий чемпионатимизда Суперлига осмонини ёритгувчи юлдузлар кўзга ташланишмаяпти. Само узра юлдузлар порламаса - манзилга бориш машаққат! Ёш истеъдодлар порламайдиган ва кашф этилмайдиган Суперлига стадионлари мухлислар билан тўлиб-тошмайди. Мураббийлар шу ҳақиқатни тан олиб, шу ҳақиқат ичра ўзлари бошқараётган жамоалар қиёфасига боқишмагунича Суперлигада жиддий ижобий ўзгаришлар барқ уришига ишониш қийин!
Муҳаммад ВАЛИ
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Жорий мавсум арафасида 55 миллион евро эвазига «Аталанта»дан харид қилинган Тён Копмейнерс 6 октябрь куни ўтказилган «Юве»нинг «А» Серия 7-тур доирасидаги «Кальяри»га қарши уй учрашуви (1:1)да жароҳат олганди.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789