Ракурс: АПЛ йўлланмаси +200 миллион евро!

Ракурс: АПЛ йўлланмаси +200 миллион евро!

Ракурс: АПЛ йўлланмаси +200 миллион евро!

Ҳа, Чемпионшип «плей-офф» босқичи финали футболда баҳоси энг баланд ўйин ҳисобланади. Оддий айтганда, «Лутон» ва «Ковентри» ўртасидаги баҳсда нафақат АПЛ йўлланмаси, балки 200 миллион евро тақдирига ҳам ойдинлик киритилди. Deloitte гуруҳи ҳисоб-китобига кўра, финал ғолиби, яъни «Лутон» келаси мавсум АПЛдан тушиб кетса ҳам, 3 йил давомида 170 миллион фунт стерлингдан кўпроқ олади. Қанақасига? Чемпионшип «плей-офф» босқичи финали нега бунчалик қиммат? Англия чемпионатининг потенциал аутсайдери иштирокидаги жанг ниманинг ҳисобига жаҳон футболида молиявий жиҳатдан энг «оғир» ўйин даражасига чиққан? Sports.ru сайти маълумотлари асосида тайёрланган қуйидаги мақола шу ҳақда.

«Лутон» айнан қанча олади?

АПЛнинг молиявий гегемонияси ва Англия футболи қуйи лигалари тузилмаси туфайли Чемпионшип «плей-офф» босқичи финали натижаси чамаси 205 миллион евролик чек қайси клубга насиб этишини кўрсатиб беради. Ҳозирда АПЛ турнир жадвалида охирги ўринни банд этган жамоа ТВ-ҳуқуқлар ортидан мавсум учун камида 111 миллион евро олади. Мутлақо омадсизликка юз тутган тақдирида ҳам. АПЛга кўтарилган жамоага эса нафақат бир мавсум учун улуш, балки чемпионатдан тушиб кетган тақдирида камида 2 йиллик парашют тўлови берилади. Бу - даромаддан айрилган клубга қўшимча енгиллик. Оддий айтганда, омадсизликни нисбатан оғриқсиз қабул қилиб, тезда ўзини ўнглаб олиши учун компенсация. Хуллас, АПЛдаги ўрнини йўқотган клуб қуйи лигадаги биринчи мавсумда элитанинг ҳар бир иштирокчисига кафолатланган суммадан 55 фоизини олади, 45 фоизи ке­йинги йили тўланади. Рақамларда келтирсак, бу 49}40 миллион еврони ташкил этади. Демак, «Лутон» Чемпионшипда 1-2-ўринларни эгаллаган «Берн­ли» ва «Шеффилд» каби 3 йил давомида 205 миллион евро олади.

Тўғри, ушбу формулада нозик томонлари ҳам бор:

1. Агар «Лутон», «Бернли» ёки «Шеффилд» АПЛдаги биринчи мавсум якунида қуйи лигага тушиб кетса, ТВ-ҳуқуқлар ортидан камида 111 миллион евро олади, бунга Чемпионшип давомида параш­ют тўлови (49 миллион евро) қўшилади. Мабодо клуб бир йилда АПЛ қайтолмаса, унга яна 45 миллион евро (параш­ют тўлови ва мукофот пули) берилади. Шу аснода клуб 3 йилда камида 205 миллион евро ишлайди. 

2. Агар «Лутон» АПЛда лоақал яна 1 мавсум қолса, унинг улуши 137 миллион еврога ошади. Схема ўша-ўша, фақат сумма каттароқ: АПЛ­даги 2 йил учун 120}111 миллион ТВ-ҳуқуқ тушуми, парашют тўлови 49}40 миллион евро. Қўшимча равишда кейинги мавсум учун 19 «лимон» парашют тўлови ва Чемпионшипдаги иштирок ортидан 8 миллион еврога тенг мукофот пули. Шу тариқа клубнинг 5 йиллик даромади 347 миллион еврога етади.

3. «Плей-офф» финалини бой берган «Ковентри» эса Чемпионшипдан бирдамлик ва мукофот пули олади (йилига 7,8 миллион евро). Агар жамоа АПЛга чиқолмаса ва қуйи лигага тушиб кетмаса, 3 йиллик даромади 23 миллион еврога етади (5 йиллик сумма эса 39 миллион бўлади). Демак, «Лутон» 3 йил ичида «Ковентри»дан камида 182 миллион евро кўпроқ олади (агар АПЛда камида бир мавсум ўз ўрнини сақлаб қолса, 308 миллион кўпроқ).

Ғоят гўзал тарих билан

«Лутон» - охирги 30 йил бадалига юқори лига юзини кўрмаган клуб. Муҳими, у охирги 10 мавсумнинг деярли ҳар бирида ўсиш қайд этиб, идеал йўлни бўсиб ўтди. Умуман, «Лутон» ва «Ковентри» жуда қадимий жамоалар (тарихи 135 йилдан ошди), ҳар иккиси ўтган асрнинг 90-йиллари Англия чемпионати юқори дивизионида ўйнаган. Кейин икки клуб синхрон равишдан қуйи лигаларга «шўнғиди». Дейлик, «Лутон» ва «Ковентри» 5 йилча олдин ҳам (мавсум-2017/2018) Англия чемпионати Тўртинчи лигасида бирга ўйнади. Энди эса «Лутон» 1та асосий ўйиндаги ғалаба эвазига илк марта элитага кўтарилди. Жамоа аслида 1950-1990 йиллар оралиғида Англия юқори дивизионида иштирок этган, лекин АПЛ йўлга қўйилишидан олдин (1992 йил) қуйига тушиб кетганди. «Лутон» ҳеч қачон суперюлдузларга таянган эмас. Клуб тарихидаги энг машҳур футболчи  - бу Евро-92 чемпиони Ларс Эльструп. Лекин даниялик ҳужумчи ҳам қитъа чемпионати арафасида «Лутон» бош мураббийи билан келишолмай, ўз юрти, боз устига, Иккинчи лига клубига кетиб қолганди. Айтганча, Ларс Евро-92дан бир йил ўтгач, анархия-буддавий оқимига қўшилиш учун футболдан воз кечган. Эндри Грэй («Уотфорд»да танилган ямайкалик ҳужумчи) ва Жеймс Жастин (2022 йили Англия миллий жамоасида дебют қилган «Лестер» ҳимоячиси) ҳам ҳаммасини «Лутон»да бошлашган.

«Лутон» йўли - азоб ва қайта «тирилиш» ҳикояси

«Лутон» 1992 йилдан аста-секин қуйига тушаверди ва икки аср оралиғида пасайиш суръати тезлашди. Бу вақт клубда 3 марта ташқи бош­қарув жорий қилинди. 2009 йили эса «Лутон» молиявий қоидабузарликлар ортидан Иккинчи лигадан Тўртинчи дивизионга туширилди, ке­йин Бешинчи лигага ҳам «учди». Шундан сўнг ҳайратланарли юксалишни қайд этди. Ҳар ҳолда, «Лутон» 2012/2013 йиллар мавсумидан буён деярли ҳар мавсум аввалгисидан яхшироқ натижа кўрсатди. Асосийси, 10 йил ичида Чемпионшипга кўтарилди. Дарвоқе, «Лутон» ўтган мавсум ҳам «плей-офф» босқичида ўйнаган, аммо «Хаддерс­филд»га ютқазиб қўйганди. Мана, энди АПЛ довони забт этилди, ниҳоят.

«Ковентри» ҳам гўзал тарихга эга

1960-2000 йиллар оралиғида Англия элит дивизионининг энг барқарор иштирокчилари қаторида юрган «Ковентри» бу оралиқда 7-ўриндан юқорига кўтарилмаган. 1987 йили эса Англия кубогини қўлга киритганди. Жеймс Мэддисон, Робби Кин ва Крейг Беллами каби машҳурлар футболга шу клуб орқали кириб келишган. 2001 йили АПЛ билан хайрлашган «Ковентри» атиги 6 мавсумда Тўртинчи лигагача қулади. Агар «Лутон» аста-секин тикланган бўлса, «Ковентри» тезда Чемпионшипга қайт­ди, аммо анча вақт ўртамиёналар қаторида бўлди. Эъти-борни тортадиган факт: «Ковентри» якунига етган мавсумнинг 10та туридан кейин Чемпионшип турнир жадвалида охирги - 24-ўринни банд этиб турганди. 15-турдан сўнг ҳам жамоанинг ҳолатига ҳавас қи-либ бўлмасди: жадвалда хавфли ҳудуд. Боз устига, стадиони чими талабга жавоб бермаслиги туфайли уй ўйинлари қолдирилди. Оқибатда «Ковентри» рақиблар харажатини қоплашга мажбур бўлди, қолаверса, яна 1та ўйини қолдирилса, 5 очкодан маҳрум қилинарди. Ноябрь ойида вазият анча яхшиланди - «Ковентри» қолдирилган уй учрашувларидаги ғалабалар эвазига турнир жадвали ўрталарига қайтди. Кейин янги туртки кузатилди - клуб назорат пакетини Yelo Entreprises компанияси бош директори - англия­лик бизнесмен Даг Кинг сотиб олди. «Ковентри» ушбу ўзгаришдан ке­йин яна бир ой мағлубиятлар гирдобида қолиб, қуйи лигага тушиб кетиш хавфига яқин келди. Ҳаттоки, Англия кубогида қуйи дивизион вакили - актёр Райан Рейнольдсга тегишли «Рекхэм»га ҳам ютқазди. Муҳими, охирги 16та турда 1тагина мағлубият қайд этган тарихий жамоа якунда 5-ўринга  кўтарилди ва «плей-офф» иштирокчисига айланди, фақат финалда...

*** «Лутон Таун» ярим ҳимоячиси Пелли-Руддок Мпанзу тарихда 1та клуб сафида Англия чемпионати Бешинчи дивизионидан АПЛга кўтарилган биринчи футболчи бўлди.

*** «Лутон Таун» таркибдаги футболчиларнинг умумий трансфер баҳоси бўйича Чемпионшипнинг 17-жамоаси эди!

А.АҲМЕДОВ тайёрлади