«Реал» машғулотларидан кўчирма...

«Реал» машғулотларидан кўчирма...

ОК-2023га катта умид боғлаётган Саудия Арабистони миллий жамоаси Қатарга биринчилардан бўлиб етиб борди.

Диққатни тортадиган томони, Роберто Манчини бошқарувидаги араблар Дохадаги машғулотларда кислород ниқоблари (гипоксик ниқоб)дан ҳам фойдаланишмоқда.

31 декабрда Қатарга етиб борган мусобақа фаворитларидан бири Саудия Арабистони термаси янги йилнинг биринчи куниданоқ машғулотларга киришди. Осиё кубоги олтин медалини таъминлаш учун жалб этилган бош мураббий Роберто Манчини дастлабки сеансда футболчиларни махсус гипоксик ниқобда шуғуллантирди. Бу ниқоб ҳаво киришини чеклаш учун ўрнатилган клапанли респираторнинг ўзгинаси. Кислород ниқоби 3та клапан ёрдамида танага кирадиган ҳаво миқдорини меъёрлаштиради. Ниқоб гидрокостюмлар материалидан тайёрланган бўлиб, юзга ёпишиб туради ва амалда спортчига халақит бермайди. 

Кислород ниқоби «Реал»да кенг қўлланилади. Мадрид клубида буни италиялик жисмоний тайёргарлик мураббийи Антонио Пинтус йўлга қўйган. Умуман, ниқобда ишлаш Пинтус методикасининг бир қисми сифатида тилга олинади. Эҳтимолки, Роберто Манчини ҳам­юртининг «Реал»даги муваффақиятидан илҳомланиб, бу тажрибани қўллаб кўришни лозим топгандир. Дарвоқе, Саудия Арабистони футбол федерацияси президенти Ёсир ал Мишал Қатарда терма жамоа билан бирга ва Роберто Манчини экспериментини мутлақо қўллаб-қувватламоқда.