Рейтинг: Клозе хотиржам, фақат ҳозирча!

Рейтинг: Клозе хотиржам, фақат ҳозирча!

Аргентина миллий жамоаси етакчиси Лионель Месси ЖЧ финал босқичи ҳисобидан 10-голини уриб, турнир тарихидаги энг яхши тўпурарлар рўйхатида 8-13-ўринларга кўтарилди.

 Бироқ 9та голга эга Килиан Мбаппе чорак финал баҳсида ўз натижасини яхшилай олмади.

Мундиалнинг амалдаги бош тўпурари германиялик поляк Мирослав Клозеда 16та гол бор. Амалдаги футболчилардан унга энг яқини Лионель Месси ва Томас Мюллер. Ҳар иккиси етакчидан 6та гол даражасида ортда қолмоқда. Тушунарлики, аргентиналик юлдузнинг жорий чемпионат ҳисобидаги эҳтимолий 2та ўйинда 6та гол уришига ишониш мушкул. Германиялик футболчи эса Қатар-2022 билан гуруҳ раундидан кейиноқ хайрлашди. 

Хуллас, ҳозирги ҳолатда Клозенинг натижаси дахлсиздек кўринмоқда. Лекин кучлилар рўйхатида Килиан Мбаппе борлигини унутмаслик керак. Ахир у 2та мундиалда 9та гол тўплашга улгурди. Ихтиёрида эса жорий турнир доирасидаги эҳтимолий 2та ўйин бор, яна кўп вақт ҳам. Ахир Мбаппе атиги 23 ёшда. Демак, уни ҳали камида яна 3та мундиалда кўришимиз мумкин.

ЖЧ тарихидаги энг яхши тўпурарлар

1. Мирослав Клозе (Германия) - 16та

2. Роналдо (Бразилия) - 15та

3. Герд Мюллер (Германия) - 14та

4. Жюст Фонтен (Франция) - 13та

5. Пеле (Бразилия) - 12та

6-7. Шандор Кочиш (Венгрия) - 11та 

6-7. Юрген Клинсманн (Германия) - 11та

8-13.  Лионель Месси (Аргентина) - 10та

8-13. Габриэль Батистута (Аргентина) - 10та

8-13. Хельмут Ран (Германия) - 10та

8-13. Гари Линекер (Англия) - 10та

8-13. Теофило Кубильяс (Перу) - 10та

8-13. Томас Мюллер (Германия) - 10та

8-13. Гжегож Лято (Польша) - 10та

14-24-ўринлардан жой олган Килиан Мбаппе (Франция), Адемир (Бразилия), Эйсебио (Португалия), Кристиан Вьери (Италия), Вава (Бразилия), Давид Вилья (Испания), Паоло Росси (Италия), Жаирзиньо (Бразилия), Роберто Баджо (Италия), Карл-Хайнц Румменигге (Германия) ва Уве Зеелер (Германия) 9тадан голга эга.

Факт. Лионель Месси ЖЧ ўйинларида урган голлари сонини 10тага етказиб, Аргентина миллий жамоасининг турнирдаги бош тўпурари Габриэль Батистута натижасини такрорлади. Демак, яна 1та аниқ зарба Леони «альбиселестлар» мутлақ рекордчисига айлантиради.