Рекордга атиги ярим дақиқа...

Рекордга атиги ярим дақиқа...

Франциялик ноунейм Рандаль Коло-Муанининг жаҳон чемпионати рекордини янгилашига озгина қолди.

 24 ёшли футболчи Қатар мундиали финали чиптаси тақдирига ойдинлик киритган Хорватия термасига қарши ўйинда захирадан майдонга тушибоқ гол уриб, ҳисобни 2:0га етказди. Шу тариқа Дидье Дешам жамоаси финал ҳуштагига қадар анча хотиржам ўйнаб, якунда ҳал қилувчи баҳсга сакради. Биз эса ҳозир ЖЧ тарихида ўйинга захирадан қўшилиб, гол уришга энг кам вақт сарфлаган футболчилар ҳақида гаплашамиз.

Ричард Моралес (Уругвай, ЖЧ-2002) - 16 сония

Захира вакилининг энг тезкор голи масаласидаги рекорд уругвайлик ҳужумчи Ричард Моралесга тегишли. У танаффусдан сўнг майдонга тушиб, атиги 16 сония ўтиб, Сенегал термаси дарвозасини нишонга олган ва КОНМЕБОЛ вакили шу тариқа машҳур «кам­бэк»ни бошлаганди. Уругвайликлар якунда катта қаҳрамонлик кўрсатиб, ўйин 3:3 ҳисобида хотима топишини таъминлашганди, бироқ гуруҳдан чиқолмагандилар, барибир. Яъни Ж.Корея|Япония мундиалида «плей-офф» йўлланмалари Сенегал ва Дания миллий жамоаларига насиб этганди. Тўғрироғи, данияликлар гуруҳда 1-ўрин, сенегалликлар эса 2-поғонага жойлашган бўлсалар, уругвайликлар 3-қатор билан чекланишганди.

Эббе Санд  (Дания, ЖЧ-98) - 26 сония

Асосан «Шальке» сафидаги ёрқин ўйинлари билан танилган ҳужумчи Франция мезбонлик қилган жаҳон чемпионати 1|8 финалида Нигерия термасининг кутилмаган «катта» мағлубиятида иштирок этганди. Оддий айтганда, иккинчи бўлим давомида сафга қўшилган Санд орадан атиги 26 сония ўтиб, «динамит»нинг 3-голига муаллифлик қилганди. Якуний ҳисоб - 4:1. Данияликларни чорак финалда қўрқинчли Бразилия миллий жамоаси кутиб турганди. Улар Жанубий Америка вакилига имкон қадар қаршилик кўрсатишади, аммо якунда 2:3 ҳисобидаги мағлубиятни тан олишади, барибир.

Рандаль Коло-Муани (Франция, ЧМ-2022) — 44 сония

«Айнтрахт»нинг 24 ёшли ҳужумчиси Қатарда ЖЧ тарихидаги 3-юқори натижани қайд этди. Коло-Муанининг ушбу тезкор голи ярим финалда урилгани билан эътиборга молик. Ўзингиз тасаввур қилинг, футболчи майдонга тушгач, атиги 44 сониядан сўнг ҳисобни 2:0га айлантирди ва Франция миллий жаморасини асабий якундан қутқариб қолди амалда. Ҳар ҳолда, агар 1:0 ҳисоби сақланиб турганида, Марокаш термаси футболчилари сўнгги дақиқаларда 10 ҳисса кўп куч билан олдинга ташланардилар...

 

А.АҲМЕДОВ тайёрлади