Ўртоқлик ўйини: Эҳ, ғалаба ўрнига мағлубият...

Ўртоқлик ўйини: Эҳ, ғалаба ўрнига мағлубият...

Ўзбекистон миллий жамоаси Жанубий Корея йиғинидан икки ёқимли ғалаба билан қайтишга жуда яқин эди

Афсус, насиб эмас экан, Сречко Катанец шогирдлари ЖЧ-2022нинг яна бир иштирокчиси - Коста-Рика термасига қарши ўйиннинг сўнгги лаҳзаларида ғалабани мағлубиятга алмаштиришди. Аламли, жуда аламли якун...

Аслида миллий жамоамиз Коста-рикаликларга ҳам худди Камерун термаси билан ўйиндаги каби анча далил кураш таклиф этди. Тўғри, учрашувдаги илк хавфли вазиятни рақиблар юзага келтиришди - 4-дақиқада Орландо Гало тўпни боши билан дарвозага йўллаб, Ўткир Юсупов ҳушёрлигини синаб кўрди. Ўз ўрнида айтиш керак, Коста-Рика термаси бош мураббийи Луис Фернандо Суарес ўйиндан олдин Жанубий Корея йиғинига 26 нафар футболчи таклиф қилганию, мезбон жамоага қарши кечган ўйин (2:2)га нисбатан мутлақо бошқача таркиб танлашини айтганди. У амалда худди шундай йўл тутди. Яъни биринчи «ўртоқлик билан таққослаганда, таркибда 10та ўзгаришни амалга оширди. Суареснинг бунга изоҳи ҳам эътиборга молик: «Шундай қилишим адолатдан. Зеро, йиғинга чақирилган барча йигитларга имкон беришим, уларни амалда кўришим муҳим. Яна муайян услубни яратиб, таркибни аниқлашим муҳим». Ўйинга қайтсак, вакилларимиз илк хавфли вазиятдан кейин ўзларини қўлга олиб, ҳужумга ўтиш йўлларини излай бошлашди. Бу ҳаракатлар 26-дақиқада самара ҳам берди - Элдор Шомуродов дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориб, имкониятни қўлдан чиқармади. Эътиборлиси, ассистентлик ролини камерунликлар билан баҳсда ҳам гол ҳаммуаллифига айланган Одил Ҳамробеков бажарди. Кейинги ҳужумдаёқ Шомуродов устунликни мустаҳкамлаши мумкин эди, бироқ «Рома» ҳужумчиси бунисида яккама-якка ҳолатдан фойдаланолмади. 33-дақиқада эса Азиз Турғунбоев бурчак зарбасини амалга оширгач, марказий ҳимоячи Ҳусниддин Алиқулов боши билан хавфли зарба йўллади, фақат дарвозабон Аарон Крус ўз ўрнида. 

Танаффусдан кейинги биринчи энг жиддий ҳамлани ҳам вакилларимиз содир этишди - Отабек Шукуровнинг чиройли узатмасидан кейин яна ўша Элдор ўз омадини синаб кўрди, фақат зарбаси бироз ноаниқ чиқди. Шимолий америкаликлар ҳам вазиятни ўзгартириш илинжида ҳужумлар ташкил этишга уринишди, лекин 90 дақиқа ортда қолдики, Ўткир Юсупов дарвозасига чинакамига хавф сола олишмади. Қисқаси, Сречко Катанец жамоаси навбатдаги ғалаба ва ФИФА рейтинги учун яхшигина очко ишлашга жуда яқин эди, фақат ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқалар барчасини бузиб юборди. 90}2 ва 90}4-дақиқаларда Энтони Эрнандес ҳамда Кендалл Уостон томонидан урилган бирин-кетин голлар ғалабамизни мағлубиятга айлантирди-қўйди...

*** Коста-Рика термаси Сречко Катанец бошқарувидаги жамоамизнинг 7та ўйинга чўзилган ғалабали одимини узиб қўйди. Вакилларимиз 2022 йил ҳисобидан илк марта мағлубиятни тан олишди. 

*** Коста-Рика термаси 20 йил олдин ЖЧ-2002 доирасида Бразилия миллий жамоаси билан айнан Suwon World Cup стадионида ўйнаган ва 2:5 ҳисобида енгилганди. 

*** Элдор Шомуродов Ўзбекистон термаси либосидаги 59-ўйинида 32-голини уриб, жамоа тарихидаги тўпурарлар рўйхатида Александр Гейнрих ва Миржалол Қосимов (31тадан гол)дан ўзиб кетди - 2-ўрин. Энди ундан олдинда биргина Максим Шацких (34та гол) қолди.

*** Элдор Шомуродов жаҳон миллий жамоалари тўпурарлари рўйхатида кучли 100таликка қўшилди. У бу борада 32та гол билан 94-98-ўринларни эгаллаб турган Шандел Самуэль (Сент-Винсент), Михалис Конс­тантину (Кипр), Эммануэль Адебайор (Того), Генрих Мхитарян (Арманистон) ва Роке Санта Крус (Парагвай)га тенглашди. 

*** Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий жамоасида 2022 йилда урган голлари сонини 10тага етказиб, бу борада Норвегия термаси вакили Эрлинг Холандни 2-ўринга суриб қўйди. 

*** Камерун термаси билан ўйинда гол урган Остон Ўрунов оилавий тадбир туфайли мураббийлар штаби рухсати билан Тошкентга эртароқ қайтди ва Коста-рикаликлар билан баҳсда қатнашмади.

*** Коста-Рика термаси ФИФА рейтингида 34-ўринда бормоқда (КОНКАКАФ миқёсида 3-ўрин). Ўзбекистон термаси эса 77-поғонада.

ЎЗБЕКИСТОН — КОСТА-РИКА - 1:2 (1:0)

27 сентябрь. Сувон (Жанубий Корея). Suwon World Cup стадиони.

Ҳакамлар: Ким Даэ Йонг, Юн Жаэ Йол, Жанг Жонг Пил, Парк Се Жин (Ж.Корея).

Голлар: Элдор Шомуродов (26) - Энтони Эрнандес (90}2), Кендалл Уостон (90}4).

Ўзбекистон: 1. Ўткир Юсупов, 3. Ҳожиакбар Алижонов, 7. Отабек Шукуров, 

8. Ҳожимат Эркинов (22. Ойбек Бозоров, 57), 9. Одил Ҳамробеков, 13. Шерзод Насруллаев (4. Фаррух Сайфиев, 72), 14. Элдор Шомуродов (21. Игорь Сергеев, 72), 

15. Умарбек Эшмуродов, 17. Сардор Собирхўжаев (20. Акмал Мозговой, 72), 19. Азиз Турғунбоев (6. Иброҳимхалил Йўлдошев, 57), 23. Ҳусниддин Алиқулов.

Захира: 12. Абдувоҳид Неъматов, 

16. Ботирали Эргашев, 2. Ислом Қобилов, 5. Рустам Ашурматов, 10. Шаҳбоз 

Умаров, 18. Абдулла Абдуллаев.

Коста-Рика: 18. Аарон Крус (23. Патрик Секейра, 46), 3. Хуан Пабло Варгас, 

4. Кейшер Фуллер, 8. Брайан Овьедо 

(22. Карлос Мартинес, 66), 11. Йохан Венегас (7. Энтони Контрерас, 66), 14. Орландо Гало, 16. Арон Суарес (25. Энтони Эрнандес, 74), 19. Кендалл Уостон, 20. Брандон Агилера (10. Брайан Руис, 46), 21. Карлос Мора (26. Альваро Самора, 46), 24. 

Дуглас Лопес.

Захира: 2. Даниэль Чакон, 5. Сельсо Борхес, 6. Оскар Дуарте, 9. Жевисон Беннетте, 12. Жоэль Кэмпбелл, 13. Герсон Торрес, 15. Франсиско Кальво, 17. Роан Уилсон.

Огоҳлантиришлар: Одил Ҳамробеков (28), Иброҳимхалил Йўлдошев (81), Фаррух Сайфиев (90}3) - Брандон Агилера (34), Кейшер Фуллер (36), Альваро Самора (50).