ШАХС: Трансферлар қироли

ШАХС: Трансферлар қироли

Ўтган мавсум ниҳоясида «ПСЖ» президенти Носир Ал-Хелайфи клубда улкан ўзгаришлар рўй беришини эълон қилганди.

Парижликлар аввалига ҳужумчи Килиан Мбаппе билан янги шартномани расмийлаштирдилар, кейин Луиш Кампушни футбол масалалари бўйича президент маслаҳатчиси лавозимига тайинладилар. Ўша паллада клуб спорт директори Леонардо истеъфога чиқарилишини маълум қилмаган бўлсада, бу ўз-ўзидан тушунарли эди. Энди Леонардо зиммасидаги юмушларни бир қатор жамоаларни йирик муваффақиятларга олиб келган мутахассис бажаради. Ҳеч бўлмаганда, ички мусобақалар доирасида.

Кампушнинг бутун ҳаёти футбол билан ўтмоқда. Мазкур фаолият Порту университетида бошланган, олийгоҳда Луиш Жозе Моуриньо билан битта факультетда таҳсил олганди. Универстетдан кейин Кампуш Португалиянинг кўпгина жамоаларини мураббий сифатида бошқарди, лекин улар билан мақташга арзийдиган натижаларга эриша олмади. Кампушнинг мураббийлик соҳасидаги энг эътиборли натижаси шуки, «Жил Висенте» жамоаси Моуриньо раҳбарлигидаги «Порту»нинг 27 ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясига барҳам берганди. Курсдош ва касбдош мутахассис ўтрасидаги муросасиз беллашув 2004 йилда бўлиб ўтган.

Шундан кейин Луиш яна бир қатор маҳаллий клубларда муваффақиятга эриша олмагач, маълум муддатга футболни тарк этди. Бироқ Моу билан алоқани узмади. Ниҳоят, 2012 йилда у ватандошидан «Реал»га таклиф олди. Испания пойтахтида Кампуш скаутлик ва таҳлилчилик билан шуғулланди, аммо бу узоққа чўзилмади. Бир йилдан сўнг у «Монако»га ўтиб, аввал спорт координатори, кейин техник директор лавозимларида ишлади. Монегасклар функционер зиммасига мураккаб вазифани - Лига1га чиққан жамоани қайта шакллантиришни юкладилар. Мутахассис топшириқни уддалади, «Монако» ўз дебютини чемпионатнинг кумуш медалларини қўлга киритиш билан нишонлади.

Дарҳақиқат, Луишнинг турли лавозимларда тўплаган бой тажрибаси князлик клубининг муваффақиятида қўл келди. Бироқ унинг энг устун жиҳати - трансфер бозоридаги қобилиятидир. Айнан унинг даврида Бернарду Силва, Бенжамен Менди, Тьемуэ Бакайоко ва Тома Лемар каби иқтидорлар монегасклар сафини тўлдиришди. Маълум муддатдан кейин уларнинг барчаси топ-клублар эътиборини тортди. Натижада монегасклар 268 млн. еврога эга бўлишди.

«Монако»дан кейин мутахассис «Лилл»да спорт директори лавозимини эгаллади. Айнан ўша паллада бош мураббийликка Марсело Бьелса тайинланди. Лекин португалиялик ва аргентиналик мутахассислар ҳамкорлиги узоққа бормади, жамоани шакллантириш борасида фикрлари бир жойдан чиқмади. Бьельса таркибни тўла-тўкис ўзгартирди ва ... 14та учрашувдан кейин ўз ўрнини Кристоф Гальтьега бўшатиб берди. Шундан кейин Луишнинг иш шароити анча яхшиланди. Янги дуэтнинг самарали ҳамкорлиги натижаларда ўз аксини топди - рақобатбардош жамоа мақомига кўтарилган «Лилль» аввалига ЕЧЛга чиқди, кейин Франция чемпиони унвонига сазовор бўлди.

Кампуш Лиллга Виктор Осимхен ва Николя Пепени олиб келди, кейин эса ўрни келганида манфаатли баҳода сотиб юборди. Нигериялик футболчи учун «Наполи» 75 млн. евро, француз учун «Арсенал» 80 миллиондан воз кечди. Шунингдек, унинг даврида келган Ренату Саншеш, Жонатан Иконе ва Зеки Челиклар жамоа чемпион бўлишига сезиларли ҳисса қўшдилар. Шундан кейин Кампуш қисқа муддат «Галатасарой» ва «Сельта»да ишлади. Кейин Вигодан Парижга равона бўлди. Функционер айнан Лига1да муваффақиятга эришганини инобатга олган пойтахт клуби уни ўз сафига чорлади.

Янги иш жойида Луиш бир қатор юмушларни бажаришига тўғри келади. Уларнинг биринчиси - таркибни шакллантириш. Бу масалада иш бошланди, десак, хато бўлмайди. У маҳаллий «Реймс»дан ҳужумчи Хьюго Экитикени Парижга олиб келди. Афтидан, ёш иқтидор Мауро Икарди ўрнини эгаллайдиган кўринади. Функционер «Порту» ярим ҳимоячиси Витиньяни ҳам чорлади. Ватандоши «ПСЖ»да Жоржиньо Вейналдум ўрнини тўлдиради. Чунки нидерландиялик футболчи талаб даражасида ўйнай олмаяпти.

Янги харидларни амалга ошириш учун, пойтахтликлар аввало иш ҳақи рўйхатидан ўрин ажратишлари лозим. Анхель Ди Мария, Альфонс Ареола ва Хави Симмонслар жамоани тарк этишди. Улар ортидан Левейн Курзава ҳам йўл олиши мумкин. Леандро Паредес, Вейналдум, Кейлор Навас (ёки унинг ўрнига Жанлуижи Доннарумма) номзодлар сафидалар, Серхио Рамос масаласи ҳозирча ҳал бўлмаган. Юлдузлик мақомига Кампуш ортиқча эътибор қаратмайди. Миш-мишларга кўра, функционер Неймарни ҳам сотиб юбориш ниятида, шу йўл билан иш ҳақи рўйхатини анча­йин енгиллатиш имконияти юзага келади.

Ҳали Париж клубидаги ишларини тўла-тўкис бошлашга улгурмай туриб, Луиш «ПСЖ»нинг энг муҳим келишуви - Килиан Мбаппени таркибда сақлаб қолиш жараёнига ижобий таъсир кўрсатди. Айтишларича, Леонардонинг ўрнига Кампушнинг келганлиги ҳақидаги хабарни эшитганидан кейин, футболчи Париждан кетмасликка қарор қилган. Килиан португалиялик мутахассисни «Монако»даги давридан бери яхши билади. Ўшанда Кампуш Мбаппега пойтахтга ошиқмасликни маслаҳат берганди. Оқибатда, франциялик ҳужумчи янада юксакроқ савияга кўтарилганидан кейин «ПСЖ»га ўтган, монегасклар у туфайли 145 млн. еврога эга бўлишганди.

Луиш ва Килианнинг бирлашуви жамоага бўлган қизиқишни кучайтириб юборди. Энди функционер ўзи билан «Лилл»да ҳамкорлик қилган ва жамоани шоҳсупага олиб чиққан Гальтьени Франция пойтахтига чақирди. Уни «Сельта»дан шунчаки, «юлиб олишмади». Йирик жамоанинг қадамлари ҳам йирик бўлади, «ПСЖ» соҳибларининг иззатталабликлари эса, барчага маълум. Парижликлар учун пул - муаммо эмас, аммо уларга чинакам жамоа керак. Хуллас, трансферлар қиролини чинакам синов кутмоқда.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади.