Серж Гнабри: «Баварияда» клуб маданияти билан яшашни ўрганасиз...»

Серж Гнабри: «Баварияда» клуб маданияти билан яшашни ўрганасиз...»

Эндиликда тажрибаси анча ошган универсал ҳужумчи - Серж Гнабри яқинда «Бавария» билан шартномаси муддатини узайтирди ва клуб расмий сайтига махсус интервью берди.

Футболчи суҳбат давомида қизиқарли мавзуларга тўхталиш баробарида жиддий хулосани баён этди: «Тайёргарлик жараёни тугади, ҳисоб. Рақобатбардош ўйинлар энди бошланади!»

- Серж, бу йилги тайёргарлик вақти нисбатан қисқа бўлди. Шунга мувофиқ, машғулотларда юқори фаоллик сезилдими?

- Ҳа, вақт чекланганди, олдинда эса ўйинлар жуда кўп. Табиийки, бу ҳолат футболчини жисмонан толиқтиради. Лекин машғулотлар муҳимлигини, нима учун қаттиқ ишлаётганимизни яхши биламиз. Ахир бугунги қийинчиликлар эртага ишимизни анча осонлаштиради.

- Жамоа сафига қўшилган янги футболчилар қандай таассурот уйғотишди? Улар мослашишда қийланишмаяптими?

- Ҳаммаси яхши! Аслида ҳолат оддий эмас, ҳарқалай, аксарият янги йигитлар бошқа тилда гаплашишади ва бизни дарҳол тушунишлари қийин. Лекин кўряпмизки, сафимизга жуда қувноқ йигитлар қўшилишди - ажойиб ижрочилар. Албатта, ҳали ҳаммасини майдонда кўрсатиш талаб этилади. Ишончим комил, клуб раҳбарияти уларни бежиз жалб қилмаган. Қолаверса, янгилар билан ўйнаш ҳамиша мароқли.

- Роберт Левандовски кетди, Садио Мане келди. Бу «Бавария» ҳужуми учун нимани англатади?

- Бизда ҳар доим бир мавсумда 40тача гол урадиган ҳужумчи ўйнаган, Садио бу анъанани давом эттириши керак. «Бавария»га хос маҳсулдорлик янги марраларга олға интилиш ва ҳужумкор ўйинчиларнинг ўсишлари учун яхши имконият, менимча. Қисқаси, бош голеадорнинг ўзгаришида ҳеч қандай ёмон жойи йўқ - бу биз фойдаланишни истайдиган янги имконият.

- «Хоффенхайм»да айнан Юлиан Нагельсман қўл остида ҳужумчи сифатида ўйнагансиз. Ҳозирчи, унинг сиз билан боғлиқ режалари қандай?

- Икки ҳужумчига асосланган ўйин чизмасида ўзимни анча қулай ҳис қиляпман, бу тактика миллий жамоада кўп қўлланилган, қолаверса, «Хоффенхайм»да ҳам шундай ўйнаганмиз. Ўзимга қолса, марказда тўп суришни маъқул кўраман, лекин барчаси аввало, мураббийнинг қандай тизимни танлашига боғлиқ. Ҳар ҳолда, жуда мослашувчанмиз, бизда ўзаро позиция алмаштириб ўйнайдиган футболчилар етарли. Агар бир-биримизни яхши тушунсак ва йўналиш тўғри олинса, кимдир марказдан қанот томон ҳаракатланади ёки аксинча. Асосийси, бунда ҳеч қандай муаммо чиқмайди.

- Мана, клуб билан узоқ муддатли шартнома туздингиз. «Бавария» билан яна нималарни мўлжаллаяпсиз?

- Клуб тарихи доимий равишда янгиланади. Биз - футболчилар ушбу жараённи шакллантириш имкониятига эгамиз. Демак, тарих китобини иложи борича кўпроқ муваффақият билан тўлдиришни хоҳлаймиз. Бу ерда ажойиб жамоавий руҳият мавжуд. Дунё даражасидаги бундай топ-клубда ўйнаш - ўзгача роҳат.

- Ҳозирги шартномангиз якунигача қолсангиз, «Бавария»даги юриш муддати 8 йилга етади. Қизиқ, бу ерда узоқ вақт қолиш учун футболчи қандай фазилатларга эга бўлиши керак?

- Албатта, истеъдод, амбиция, ўзига ишонч ва доимо олдинга интилиш истаги талаб этилади. Жамоа ичида рақобат ҳеч қачон тўхтамайди, ақл бовар қилмас истеъдодлар келаверишади. Худди Жамол Мусиала, Поль Ваннер ёки Габриэль Видович каби. Ўзингизни бироз бўш қўйишингиз асло мумкин эмас, акс ҳолда, ўрнингизни йўқотасиз. Шу ҳам фаолиятингиз ривожланишида катта роль ўйнайди.

- «Бавария»нинг машҳур ДНКси шуми?

- Эҳтимол. Тан оламан, жамоага келишимга қадар менда бундай фазилатлар унча сезилмасди. Буни фақат шу муҳит ичига тушиш ва ҳар куни кўриш асносида ўрганиш мумкин. Ҳар 3 кунда ғалаба қозониш зарурати ҳамма жойда ҳам одатий ҳол эмас, «Бавария» эса мегаклуб, шубҳасиз. Унинг таркибида шу маданият билан яшашни ўрганасиз ўз-ўзидан.

- Ҳозир футболчи учун энг яхши даврдасиз - 27 ёш. Жамоадаги иқтидорлар сиздан нималарни ўрганишлари мумкин?

- Франк Рибери, Арьен Роббен, Филипп Лам, Бастиан Швайнштайгер ва Хаби Алонсо атрофида тажриба тўплаган аввалги авлод вакилларидан кўп нарса ўрганиш мумкин. Барча йигитлар бу ерда мартаба топиш учун келишган ва керакли хусусиятларга эгалар. Албатта, машғулотлар жараёнида ёшларга баъзи йўл йўриқларни кўрсатишим мумкин, албатта, ўз тажрибамдан келиб чиққан ҳолда. Яна нима дейишим мумкин? Йигитлар «Бавария»дек клубда ўз салоҳиятларига ишонч ҳиссини ҳамиша биринчи ўринга қўйишлари керак. Жамоага қўшилиб келишда асосий ва энг муҳим шарт шу. Оддий айтганда, катталар футболига ўтишда ишончсиз ҳаракатлансангиз, ҳеч вақога эришолмайсиз.

- Биродарларингиз билан яна кўплаб совринлар ютишни хоҳлашингиз тайин. Айтингчи, Жошуа Киммих ва Леон Горецка билан дўстлик айнан ўзингиз учун нимани англатади?

- Бизда ўзаро ишонч ўта кучли. Дўстлигимизнинг асосийси маъноси ҳам шу. Бинобарин, бр-биримизни болаликдан яхши биламиз, шунинг учунми, ўртамизда қандайдир муаммо чиқмайди - синовдан ўтган кучли триомиз. Агар сиз ёнингиздаги инсонни яхши билсангиз, қандай фазилатларга эгалигини тушунсангиз, унга ҳар доим ишонишингиз мумкин. Яхши жамоадошлар даврасида ўйнасангиз, ишга шунчаки, бориб-қайтиш тушунчаси ўз-ўзидан йўқолади. Бизда шахсий ҳаётда ҳам умумий жиҳатлар кўп, бу ҳам ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлайди.

- Энди сиз ҳам «Бавария» етакчилари гуруҳидасиз...

- Бунга ёш ва тажриба, шунингдек, жамоадаги мавқеингиз билан етишасиз. Лекин барчаси табиатан қандай инсон эканлигингизга ҳам боғлиқ. Тўғри, етакчиликни ҳамма баралла кўрсатмайди. Мисол учун, бу борада майдонда ҳамиша баланд овозда бақириб ўйнайдиган Жошуа Киммихнинг аксиман. Муҳими - ҳар қандай усулда ёш футболчиларга ёрдам ва далда бериш, уларни руҳлантириш. Вақтида ўзимиз ҳам ёш йигитчалар бўлганмиз ва фахрий футболчилар бизни чинакамига қўллаб-қувватлашган.

МУҲАММАДХОН тайёрлади