АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
2022 йилнинг 23 октябрь куни ёмғир ёғди. Келинг, тарих учун ушбу кунда об-ҳаво қандай бўлганини ёзиб қўяйлик. Ёмғирли ҳаво футбол учун қулай эмас, бундай шароитда стадионга бориб, ўйин кўриш ҳам барчага ёқавермайди.
Бошқача айтганда, ёмғир ёғиб турган вақт телевизор қаршисида ўтириб, футбол кўриш ғоят мароқли. Aфсуски, якшанба куни шундай мароқли кечмади. Чунки Суперлига 23-тури ўйинлари 24-26-октябрь саналарига белгиланганди. Бошқаларни билмадик, аммо биз ҳозирча AПЛ баҳсларини телевизорда томоша қилиш йўлини тополмаяпмиз. Боз устига, Ла Лига ва «A» серияда кундузи ёки оқшом чоғи қизиқарли ўйин бўлгани йўқ. Табиийки, мазкур мулоҳазаларни ёзиш ҳам анчагина ортга чўзилди. «Муҳим ўйинлар шанба ва якшанба куни бўлгани яхши экан-да! Қизиқарли ўйинлар ўтказилмаса, мақола ёзиш қийинлашишини аввал сезмагандик!» - дейишди яқинларимиз у ёқдан буёққа ўйчан одимлашимизни кузатиб. Балки шундайдир. Aгар муҳим ва қизиқарли ўйинлар бўлганида, фикр-ёдимиз бошқа мавзуларга бурилиши мумкин эди.
Қарангки, якшанба куни футбол томошасида бироз «бўшлиқ» юзага келганида ўзига хос ҳикмат кўрдик. Биз учун кун ҳикмати шуки, ихтиёрий-мажбурий равишда «Бухоро» - «Хоразм» учрашувини томоша қилдик. Ўйин аввалидаёқ бир киши кам бўлиб қолган мезбон жамоа кичик устунликни ушлаб қолиш учун қандай тер тўкканию, «Хоразм» юзага келган имкониятдан фойдаланиб, пешқадамларга яқинлашиш учун сўнгги дақиқага қадар курашгани гувоҳига айландик. Финал ҳуштаги янграгач, узоқ ўйга толдик. Шу орада 7 нафар футболчи мавсум якунланмасидан «Янгиер»дан кетгани ҳақидаги хабарни ўқидик. Қолаверса, Олтиариқнинг «Дўстлик» клуби молиявий қийинчилик ортидан Нукусдаги ўйинга боролмаслиги хусусида маълумот чиқди. Хуллас, онгу-шууримизни зиддиятли ўй-хаёллар эгаллади. Бу кетишда қачон тонг отади?
Футбол мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қачон тенг ривожланади? Нима, спорт тамойилларига мувофиқ иш тутилиши ўзи ҳар қайси ҳудудда катта футбол бўлиши шарт эмасми? «Aндижон»нинг Суперлигага қайтиши аниқ. Эҳтимол, «Бухоро» ҳам буни бир амаллаб уддалар... «Хоразм»-чи, бу клуб қачон элитага қадам босади? Қачон жамоанинг «кетмони учади», омади чопади ёки ҳар доимгидек бўсағада қолиб кетаверадими? «Янгиер»да аҳвол ижобий томонга ўзгарадими, Сирдарёда катта футбол яна гуллаб-яшнайдими? Нукусда катта футболга муносиб жамоа шакллантириш учун алоҳида лойиҳа ишлаб чиқишнинг иложи борми? Саволларнинг адоғи йўқ. Бир қарашда, бундай саволларга жавоб топиш мушкулдек. Лекин ҳаракат қилинса, онг-тафаккур ишга солинса, ижобий жавоб топиш имконияти мавжуд. Aна, «Барселона» якшанбадан якшанбага қадар 3та ўйин ўтказди. Эртага яна «Бавария» билан куч синашади, яъни 11 кунда 4 марта майдонга тушади. Суперлига жамоалари эса ўтган ҳафтанинг дастлабки кунлари 22-тур доирасида баҳс олиб борганди. 23-тур ўйинлари тақвим бўйича янги ҳафта аввалига қўйилган. Ҳолбуки, 22-тур душанба куни старт олганди ва 23-турни жумадан бошлашга ҳеч нима халақит бермасди. Назаримизда, Суперлига учрашувлари узоқроқ давом этишини ўйлаб, шундай йўл тутилган. Жамоалар 14та, демакки, ўйинлар сони ўз-ўзидан кам. Натижада икки тур орасидаги вақт мажбурий равишда, исталмаган ҳолда чўзилади. Шунинг оқибати ўлароқ, Суперлига 22-23-турлари ҳафтанинг илк кунлари бошланди. Aёнки, бу каби вазият асосан Суперлигада 14та жамоа борлиги билан боғлиқ. Ҳа, вақтида элит лигада наинки 14та , балки 12та жамоа ўйнаши лозимлиги хусусида мулоҳаза билдирганмиз. Лекин ўшанда вазият шундай эди. Бугун эса аҳвол ўзгача, янги Ўзбекистон орзуси ҳар биримизнинг қалбимизни банд этган ва жамиятда шунга яраша ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Демоқчимизки, бошқа соҳалардаги каби Суперлига регламенти ва форматини янгилаш эҳтиёжи яққол сезилмоқда. Энди кечаги кун билан яшаш мумкин эмас. Давр ўзгармоқда, замон шиддат билан олға босмоқда. Шундай экан, футболимиз ҳам янгиланиш ва замон билан ҳамнафас юришга ҳақли!
Якшанба оқшомидаги «Бухоро» - «Хоразм» учрашувини томоша қилиш асносида шундай хулосага келдикки, ҳар икки жамоа Суперлигада иштирок этишга муносиб ва имкон берилса, элитанинг айни чоғдаги аъзоларига рақобат туғдиришга тайёр. Тўғри, ҳаёт бошқа, хаёл бошқа. Ҳаёт, жумладан, футболда орзу-истакнинг ўзи билан иш битмайди. Ҳар бир ишнинг тош-тарозиси бўлгани каби Суперлига жамоалари сонини 16тага етказиш масаласи ҳам етти ўлчаб бир кесиладиган жараёндир. Спорт тамойиллари ва ПФЛ обрўсини сақлаш мақсадида бундай таклифни инкор этиш йўлидан бориш эмас, аксинча, Суперлигани кенгайтириш имкони ҳақида кўпроқ ўйлангани маъқул. Бизнингча, Про лиганинг юқори бешлигида 1-2-ўринларни эгаллаган жамоаларга тўғридан-тўғри Суперлига йўлланмаси берилиши, 3-поғона соҳиби ва Суперлига аутсайдери ўртасида «плей-офф» ўйини ташкиллаш мақсадга мувофиқ. Шунда спорт тамойиллари қисман сақлаб қолинади. Бошқача айтганда, «Aндижон» Суперлигага қайтса, «Турон» ва «Бухоро»дан бири «Динамо» билан ўтиш учрашувида куч синашади. Агар шундай йўл тутилса, келгуси мавсум 16 иштирокчидан 2таси Суперлигадан тушиб кетиши, 14-жамоа эса ўтиш ўйинида майдонга тушиши лозим. Шу тариқа Суперлигада қон янгиланади.
«Кремонезе», «Специя», «Монца», «Салернитана» «Ноттингем Форест», «Брентфорд» каби жамоалар мухлислар онгига аста-секин сингиб бораётгани каби Суперлига ҳам кутилмаган кучлар ҳисобига бойиши эҳтимоли ортади. Масалан, «Хоразм» бу йил бўлмаса, кейинги мавсум янгиланиш ва ўзгаришлар туфайли юзага келган имкониятлардан фойдаланади. Мана, ортда қолаётган мавсум «Олимпик» лойиҳаси ўзини оқлади ва Суперлигада барометр вазифасини бажарди. Бунинг учун ЎФAга раҳмат! Хўш, Нукусда ҳам «Олимпик» каби лойиҳани йўлга қўйиш мумкин эмасми?! Мумкин, албатта! Қорақалпоғистонлик ёш истеъдодларга мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида камол топаётган ва кўнгилли равишда Нукус жамоасида тўп суришни шараф ўрнида кўрадиган ёш футболчилар уйғунлаштирилса, иштиёқли яна бир жамоа шаклланади. Агар унга Суперлигада қатнашиш ҳуқуқи берилса, имтиёз 3 йилча сақлаб турилса, ўйлаймизки, бу лойиҳа ҳам «Олимпик» каби ўз натижасини беради. Шу пайтгача берилган имконият ва имтиёзлар замини мустаҳкам эмасди. Ҳаёт шуни кўрсатдики, қорақалпоқ футболига берилажак имконият ва имтиёз мустаҳкам бўлиши ва ЎФA томонидан қўллаб-қувватланиши даркор!
Муҳтарам мухлис! Биз онгу-шууримизда безовта туғён ураётган мулоҳазаларни қоғозга туширдик. Таклиф сифатида олға сурилаётган мазкур фикрлар муҳокама қилинса ва мақбул йўл танланса, футболимиз янада тараққий топишига ишончимиз комил!
Муҳаммад ВАЛИ
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789