АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
19 сентябрь куни ПФЛнинг кенгайтирилган мажлиси ўтказилди. Унда Суперлига ва Про лига клублари раҳбарлари ҳамда бош мураббийлари иштирок этишди.
Кейинги мавсум режаси муҳокамаси чоғи кутилмаган воқелик кузатилди: ПФЛ директори Диёр Имомхўжаев ва «Динамо» бош мураббийи Вадим Абрамов ўртаси оғзаки тортишув юз берди. «Навбаҳор» бош мураббийи Самвел Бабаян ва АГМК устози Миржалол Қосимов кейинги мавсумдан Суперлигада клублар сонини 16тага ошириш таклифини илгари суришгач, Вадим Абрамов ҳам бу борада ўз фикрини билдириб, чемпионат учун 14та жамоа камлигини айтди. Шунда ПФЛ директори ва Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ мурабиййи ўртасида тортишув юзага келди. Якунда Вадим Карленович мажлисдан чиқиб кетди.
АБРАМОВ НИМА ДЕЙДИ?
Ушбу воқелардан сўнг tribuna.uz сайти журналистлари «Динамо» бош мураббийи билан учрашиб, аслида нима бўлганини билишга қизиқишди.
- Вадим Карленович, ПФЛ директори билан ўртангизда тортишув юз бергани ҳақида хабарлар тарқалди. Жанжал қандай юз берди?
- Бунга ортиқча тўхталишни истамасдим. Йиғилишда мураббийлар ва клуб вакиллари ҳам тўпланишганди, яхшиси, улардан сўраганингиз маъқул.
- Лекин шахсан ўзингиздан эшитишни истардик. Айнан қайси таклифингиз ПФЛ раҳбари томонидан кескин қарши олинди?
- Йўқ, аслида таклиф ҳам билдирмагандим. Самвел Бабаян ва Миржалол Қосимов Суперлига мавсумига 26та ўйин камлиги, футболчилар кўпроқ амалиёт олишлари учун клублар сонини 16тага етказиш ҳақида фикр билдиришди. ПФЛ раҳбари эса ўзига қолса, иштирокчилар сонини 18тага етказиши, аммо бунда Про лигада Суперлига учун курашадиган клублар қолмаслиги, қуйида жамоалар молиявий қийинчиликка учраётганини айтди. Шунда қуйи лигадаги молиявий вазият Суперлигага дахли йўқлиги, чемпионатимиз учун 14та клуб кам эканлигини таъкидладим. Лекин лигада 16, 18 ёки 20та жамоа ўйнаши кераклиги ҳақида оғиз очмадим. Тушунинг, бу ҳақда Суперлигада қолиш учун курашаётган жамоа бош мураббийи эмас, мутахассис сифатида гапирдим. Таклиф сўрашгани учун фикр билдиргандим.
- Диёр Имомхўжаевнинг қайси гапидан кейин йиғилишдан чиқиб кетдингиз?
- Ўйинлар кўпайса, миллий жамоага номзод футболчилар етарли амалиётга эга бўлишлари ҳақида гапирдим. У эса сўзимни гўёки «Сенинг миллий жамоа ҳақида гапиришга ҳақинг йўқ» қабилида кесди. Кейин «Лицензиясиз бу мураббийни нега чақирдинглар, уни бу ерга ким таклиф қилди?», дея овозини кўтарди. Шундан кейин залдан чиқиб кетишга мажбур бўлдим...
ПФЛ НИМА ДЕЙДИ?
Ушбу воқеликлардан сўнг Қатарда ишлаётган таниқли мутахассис Алишер Никимбаев «Телеграм»даги каналида бир саволни ўртага ташлади: «Маълум бўлишича, Тошкентдаги йиғилишга фақат Про дипломига эга мураббийларни чақиришган. Шу жойда савол туғилади, Вадим Абрамовда бундай ҳужжат йўқ экан, у «Динамо»ни нега бошқармоқда? Мана, мисол учун, Виталий Левченко Про дипломига эга эмас, шунинг учун расмий жиҳатдан «Нефтчи»да Владимир Ежуров бош мураббий саналмоқда. Дарвоқе, у «Истиқ-лол»нинг ОЧЛдаги иштирокида ҳеч қачон бош мураббий сифатида қайд этилмаган. 2021 йили ёрдамчи, бу йил эса вазифани бажаруви мақомида эди. Айтишларича, Левченко йиғилишда қатнашган. Нима, унга Про дипломисиз бундай йиғилишда қатнашиш мумкинми?»
ПФЛ матбуот хизмати эса барчасига жойида муносабат билдирди:
- Йиғилишда фақатгина Про лицензиясига эга мураббийлар қатнашишганини айтиш нотўғри. Биз Суперлиганинг 14та ва Про лиганинг 5та клуби вакилларини жалб қилдик. Вадим Абрамов эса таклиф этилмаганди. Сабаби Абрамов Про лицензияси янгиланаётган вақт, айнан имтиҳон куни баҳона билан бош-қа давлатга учиб кетганди. ПФЛ лицензияси янгиланган ёки йўқлиги масаласида 1 ой аввал ЎФА Футбол мутахассисларини тайёрлаш марказига сўров берган. Шу вақт ичида мазкур масала бир неча бор эслатилган бўлса-да, аниқ жавоб қайтарилмади. Қолаверса, Вадим Абрамовнинг ўзи ҳам бунга беписанд қаради. Шундан келиб чиқиб, Суперлига 19-туридан кейин унинг лицензияси қайтариб олиниши керак эди. Бу ҳақда «Динамо» раҳбарияти огоҳлантирилган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, лигада қолиш учун кураш олиб бораётган жамоа режаларини бузиб қўймаслик муҳим эди. Умуман олганда, Суперлига иштирокчиси ҳам қандай мураббий билан шартнома тузаётганини текшириши керак. Агар унда Про лицензияси бўлмаса, демак, Суперлигада ишлолмайди, буни барча жамоалар билади.
- Куз келса, айрим мураббийлар Суперлига иштирокчилари сонини 16тага кўтариш ҳаракатига тушиб қолади. Бу эса спорт принципларининг тўғридан-тўғри бузилишидир. Лига раҳбари Самвел Бабаян томонидан илгари сурилган мазкур масалага асослантирилган жавоблар қайтарди. Яъни унинг ўзи ҳам жамоалар сонининг ошишини истайди, бироқ ҳозирча Ўзбекистон шароитида бунинг имконияти йўқ. Сабаби Про лигада «Турон»ни инобатга олмаса, қолган барча клубларда молиявий муаммолар бор. Бабаяннинг 35 миллион аҳолимиз борлиги ҳақида айтган фикрига жавобан Диёр Имомхўжаев Хитойда 1,5 миллиард одам яшаши, аммо жамоалар сони 100та эмаслигини мисол келтирди. Жанубий Корея ва Қатар лигаларида, жамоаларида пул биздагидан кўп, аммо чемпионатлари 16талик даражага етган эмас. Нидерландия, Украина, Бельгия каби мамлакатлар чемпионатлари ҳам вақтида 12та клуб билан ташкил этилгани мисол ўрнида келтирилди. Бабаян пул топилишини айтганида, унга чиройли жавоб берилди: «Наманган вилояти ҳокими каттароқ лавозимга кўтарилса ва ўрнига футболга қизиқмайдиган раҳбар келса, сизда пул бўладими?» Бабаян бунга жавоб беролмади. Ўз навбатида, Диёр Имомхўжаев 26та ўйин камлигига қўшилди ва мусобақа форматини ўзгартириш эвазига сонни кўпайтириш масаласини муҳокама қилишга тайёрлигини билдирди. Фақат Суперлига ва Про лига ўртасидаги спорт принципи бузилмаслиги керак. Чунки Про лигани ҳозирги даражасига келтириш осон бўлмади ва уни шу даражада ушлаб туриш аввалгидан икки карра қийинроқ. Мана шу вазиятда Абрамов энса қотириб, бундан терма жамоа ютишини билдирди ва лига раҳбаридан «Энди терма жамоа ҳақида қайғуришингиз шарт эмас, «Динамо»га жавоб беринг» жавобини эшитиб, янада асабийлашди. Унинг «Нега унда шунча одамни чақирдинглар?» деган саволига эса, ПФЛ раҳбари оддий жавоб берди: «Сизни чақирмаганмиз». Шундан кейин Абрамов зални тарк этди. Бу ерда ҳеч қандай ҳақорат йўқ, қолганлар ҳам тасдиқлашлари мумкин.
«Нефтчи» устозининг йиғилишга таклиф этилиши эса унинг Регламент талабларига ҳурмат билан муносабатда бўлаётганига боғлиқ. Чунки клубда Про лицензиясига эга мутахассис бор. Қолаверса, Левченко ҳам мазкур лицензия учун таҳсилни давом эттиряпти. Хуллас, фикр олиш мақсадида де факто клубда асосий ролни бажараётган мутахассисни таклиф қилдик. Никимбаевнинг саволи ўринли, аммо провакацияга яқинроқ. Умуман олганда, бунга ажабланмай қўйганмиз.
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Англия ёшлар терма жамоасининг собиқ мураббийи бу футболчининг салоҳияти Фил Фоден ва Коул Палмерникидан кам эмаслигини таъкидлади.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789