Танишамиз, янгилар гуруҳи!

Танишамиз, янгилар гуруҳи!

РОНАЛДО ЖАМОАСИ, АПЛ ЧЕМПИОНИ ВА «БАРСА»НИНГ СОБИҚ ЮЛДУЗИ.

Ҳаммаси Европанинг кучли 5та лигаси дебютантлари ҳақида. Мана, кучли лигалар бирин-кетин йўлга тушмоқда ва энди эътиборнинг бир қисмини янги евромавсумга қаратишимиз мумкин. Табиий жараён шуки, «кўҳна қитъа»нинг кучли 5та лигаси ҳам бўлажак кампанияга нисбатан янгиланган таркиб билан киришди, киришади. Хўш, Англия, Испания, Германия, Италия ва Франция чемпионатлари тизимида иккинчи ўринда турувчи лигаларда якунига етган мавсум қандай натижалар тақдим этди? Аниқроғи, қайси клублар элит эшелонга кўтарилди?

АПЛ (АНГЛИЯ) - «ЛЕСТЕР», «ИПСВИЧ», «САУТГЕМПТОН»

2023 йили АПЛдан тушиб кетган «Лестер» юқорига қайтиш миссиясини бир мавсумнинг ўзида муваффақиятли якунлади. Тўғри, «тулкилар» Чемпионшип финиш қисмида ўз мухлисларини анча асабийлаштиришди (охирги 6та турда 3та мағлубият). Шунга қарамай, АПЛ-2015/2016 чемпиони якунда 1-ўринни банд этди. Жейми Варди яна АПЛ кенгликларида - бу ажойиб! «Ипсвич Таун» эса 2002 йилдан буён илк марта элитада ўйнайди. Аслида бу жамоа аввалги мавсумни анча сокин бошлади, қолаверса, кўтарилиш учун фаворитлар қаторида ҳам эмасди. Амалда Киран Маккенна жозибадор ўйинни йўлга қўйиш асносида натижани таъминлади. «Челси» ва «МЮ» клубларининг 38 ёшли мутахассис хизматига қизиқа бошлагани бежиз эмас. Энди «Ипсвич» АПЛда қандай каромат кўрсатишини кузатиш қизиқ. Учинчи рақамли дебютант «Саутгемптон»га келсак, «авлиёлар» худди «тулкилар» каби 1 йилдан кейин юқорига қайтишди. Жамоа Чемпионшип турнир жадвалида 4-ўринни эгаллади ва «плей-офф» босқичида аввалига «Вест Бромвич» (0:0, 3:1) тўсиғидан ўтди, кейин «Уэмбли»даги финалда «Лидс»ни ягона гол эвазига доғда қолдирди.

ЛА ЛИГА (ИСПАНИЯ) - «ЛЕГАНЕС», «ВАЛЬЯДОЛИД», «ЭСПАНЬОЛ»

3та эски таниш жамоа Примерога қайтди. «Леганес» (Лионель Мессининг энг севимли клубларидан бири) 2020 йилдан буён Испания элит лигаси юзини кўрмаганди. Мадрид теварагида шаклланган жамоа Сегундада 1-ўринни эгаллаб, ўзини яна кучлилар қаторига отди, ниҳоят. «Вальядолид» эса пешқадамдан атиги 2 очко ортда қолди. Муҳими, афсонавий Роналдога тегишли клуб (бразилиялик ҳозир ҳам жамоа президенти) Сегундадаги 1 йиллик «сайр»дан сўнг Примерога қайтди. Энди мухлисларда Испания чемпионати ўйинлари тран­сляцияларида «сўйлоқ»ни тез-тез кўриш имконияти бор. Ла Лига бутун ўтган мавсум давомида классик «Каталония дербиси» («Барселона» - «Эспаньол»)сиз яшади. Мана, чемпио­натга ушбу ажиб тўқнашув тезда қайт­ди. «Тўтиқушлар» Сегунда финишига 4-ўринда етиб келишди ва кўтарилиш учун «плей-офф» чиғириғидан ўтишди. Дастлаб мураккаб дуэлда «Спортинг» (Хихон)ни мағлублик домига тортган (0:0, 1:0) Эспаньол» 2та ўйиндан иборат финалда «Овьедо»дан кучлироқ эканлигини исботлади - 0:1, 2:0.

БУНДЕСЛИГА (ГЕРМАНИЯ) - 

«САНКТ-ПАУЛИ», «ХОЛЬШТАЙН КИЛЬ»

Бундеслига фақат 2та янги дружинани кутмоқда. Чунончи, Бундеслига-2да учинчи бўлган «Фортуна» (Дюссельдорф) «плей-офф» тўқнашувида «Бохум»га бас келолмади. Ваҳоланки, дюссельдорфликлар биринчи ўйинни 3:0 ҳисобида ўз фойдаларига ҳал қилишганди, боз устига, «Бохум» майдонида. Аммо жавоб ўйинида барчаси 180 даражага ўзгариб кетди: Дюсселдорфда жавобсиз 4та гол урган «Бохум» кучлилар қаторидаги жойини сақлаб қолди. Ажабланарли сценарий! «Санкт-Паули» ва «Хольштейн Киль» эса Бундеслига-2-да асосий вазифани захира очколари билан уддалади. Энди «қароқчилар» тарихда атиги 9-марта Германия элит дивизионида иштирок этишади, улар мавсум-2010/2011дан буён юқори даражада кўриниш беришмаганди. 113 йиллик тарихга эга «Хольштейн Киль» эса соф дебютант ҳисобланади. Мазкур клуб бутун ҳаёти давомида Бундеслигани кўрган эмасди. Демак, мўъжаз Киль шаҳарчасида янги мавсумнинг ҳар бир ўйини гавжум трибуналар остида ўтиши эҳтимоли катта.

«А» СЕРИЯ (ИТАЛИЯ) - «ПАРМА», «КОМО», «ВЕНЕЦИЯ»

Италия футболида ўз ўрнига эга «Парма» яна «А» серияда! «Сариқ-кўклар» элитадан 2021 йили тушиб кетишганди ва қайтиш йўлида 3 мавсум сарфлашди. «Парма»ни кучлилар қаторига «Наполи» ва «Реал»да Рафаэль Бенитесга ассистентлик қилган Фабио Пеккья олиб чиқди. «В» серия мавсумини 2-ўринда якунлаган «Комо» эса юқори дивизионда 2003 йилдан буён кўриниш берган эмасди. Бу жамоа мураббийи - Сеск Фабрегас! Тўғри, «Комо»да ҳужжат бўйича Осиан Робертс «бош» эди, чунки «Барселона» ва «Арсенал»­нинг собиқ ярим ҳимоячиси керакли лицензия­га эга эмасди. Испаниялик ёш мутахассис яқинда бу муаммони ҳал қилди ва расман бош мураббий лавозимини эгаллади. Эътиборли томони, Сеск агар «Комо» элита йўлланмасини қўлга киритса, барча футболчиларни ўз ҳисобидан Ибицага олиб бориши ҳақида ваъда берганди. Якунда у ўз сўзи устидан чиқди ва жамоа вакиллари курорт ҳудудда мириқиб ҳордиқ чиқаришди. Учинчи омадли клуб «Венеция» «А» серияга йўл олиш масаласини «плей-офф» босқичи орқали ҳал этди. Венецияликлар бунда «Палермо» (1:0, 2:1) ва «Кремонезе» (0:0, 1:0) клублари тўсиғидан ўтишди. Дарвоқе, «Венеция»ни элитага «Спартак»- (Москва)нинг собиқ бош мураббийи Паоло Ваноли олиб чиқди, жамоа таркибида эса россиялик Денис Черишев ҳам бор эди. Бироқ янги мавсумда иккисини ҳам клубда кўрмаймиз. Ваноли «Торино» бошқарувини қўлга олган бўлса, Черишев «Венеция» билан хайрлашиб, эркин агентга айланди.

ЛИГА 1 (ФРАНЦИЯ) - «ОСЕР», «АНЖЕ», «СЕНТ-ЭТЬЕН»

Франция чемпионати элит лигаси янги мавсумида «Осер», «Анже» ва «Сент-Этьен» клубларини ҳам кўрамиз. «Осер» бир йиллик узулишдан кейин Лига 1га қайтди. Бу жамоа ўшанда юқори дивизион иштирокчилари сони 20тадан 18тага қисқартирилгани қурбонига айланган эди. Чунончи, бургундияликлар 17-ўринни банд этишганди. Мана, Франция-1996 чемпионининг юқорига кўтарилиши учун атиги 1 мавсум кифоя қилди. «Анже» ҳам 1 йиллик танаффусдан кейин яна Лига 1 таркибини тўлдирди. Мавсум-2022/2023ни кучлилар қаторида 20-ўринда якунлаган клуб бу сафар Лига 2да 2-поғонага жойлашди. Яна бир янги клуб - «Сент-Этьен». Франциянинг энг совриндор жамоаларидан бири (10та чемпионлик, бу борада фақат «ПСЖ» олдинда - 12 карра ғолиблик) мавсум-2021/2022 якунида Лига 1 билан хайрлашганди «плей-офф» ўйинларида «Осер»га бас келолмай. «Сент-Этьен» бу сафар ҳам ўтиш ўйинларида иштирок этди. «Яшиллар» аввалига «Родез»ни 2:0 ҳисобида енгишди, кейин Лига 1да ўйнаган «Мец»га қарши финални бир амаллаб ўз фойдаларига ҳал қилишди - 2:1, 2:2. Шу тариқа Франция чемпионатига эҳтиросли «Сент-Этьен» - «Лион» дербиси ҳам қайтадиган бўлди.

Манба: championat.com, А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади