Том маънодаги терма жамоа

Том маънодаги терма жамоа

Тобора авжига чиқиб бораётган Евро-2024 Албания терма жамоаси тарихидаги иккинчи йирик мусобақа - бундан аввал жамоа 2016 йилда Франциядаги мусобақада иштирок этганди.

Ўшанда терма жамоанинг италиялик бош мураббийи Жанни Де Бьязи ва ҳозирги бразилиялик Сильвинолар бу юксак кўрсаткич учун мамлакатнинг олий мукофотига сазовор бўлишди: уларга Албания фуқароси фахрий унвони берилди. Францияда албанлар узоққа бора олмадилар: 1та ғалаба ва 2та мағлубият билан турнирни гуруҳ босқичида якунладилар. Бироқ шунинг ўзи ҳам илк бор йирик мусобақада қатнашаётган мамлакат учун улкан муваффақият ва футбол ривожи учун жиддий туртки бўлганди.

Кейинги қитьа биринчилигига жамоа саралашдан чиқа олмаган бўлсада, мутасаддилар терма жамоани кучайтиришга зўр беришди. 2023 йилда Роберто Манчини билан Италия терма жамоасида ишлаган бразилиялик Силвиньо бош мураббий этиб тайинланди. Силвиньо ўзига билдирилган ишончни оқлаб, Албанияни Евро-2024 турнирига олиб чиқди.

Очиғи, иккинчи йирик мусобақада ҳам гуруҳ босқичи борасида омад Албаниядан юз ўгирди: Францияда жамоа мусобақа мезбонлари, Швейцария ва Руминияга қарши майдонга тушганди, ҳозирги рақиблар янада кучлироқ - Хорватия, Италия ва Испания. Бироқ стартда Италия билан куч синашган албанлар 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришди, лекин Надим Байрамининг 23-сониядаги голи эвазига футбол тарихидан жой олишди. Бу Европа чемпионатлари тарихидаги энг тезкор гол эди. Иккинчи беллашувда жамоа Хорватиядан 2та гол қабул қилган бўлсада, қўшимча вақтда мувозанатни тиклашга муваффақ бўлди!

Аҳолиси 3 млн.га етмаган жажжи мамлакат учун - улкан муваффақият. Қўшимчасига, бунгача амалга оширилган узоқ йиллик саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бермоқда. Мутахассислар аждодлари албаниялик бўлган барча футболчилар билан танишишлари натижасида терма жамоада янги ўйинчилар пайдо бўлишди.

Силвиньонинг иш куни офисдаги қисқа нонуштадан бошланиб, терма жамоага жалб этиш мумкин бўлган ўйинчиларни ўрганиш билан давом этади. Мураббий Марко Росси (йўқ, Венгрия бош мураббийи эмас) раҳбарилигидаги таҳлилчилар маълумотларини диққат билан ўрганиб чиққан ва турли шаҳарлардаги футболчилар билан танишиш учун шахсан ўзи парвоз қилганди.

Тўғри, ҳар бир терма жамоанинг мураббийи ўз шогирдлари билан мулоқот қилади, уларнинг ўйинларини кузатади ва кейин бир қарорга келади. Бироқ Силвиньога Албания ташқарисидаги мамлакатлардан юзлаб футболчиларни  топиш вазифаси топширилганди.       

Албания - 2,8 млн. аҳолилик мамлакат. 8,5 миллиондан кўпроқ этник албанлар бош­қа мамлакатларда, ҳатто олис АҚШ, Канада ва Австралияда яшайдилар. Коммунизм давридан кейин фуқароларнинг 40 фоизи, 90-йиллардаги Болқон урушидан кейин яна минглаб албанлар бошқа мамлакатларга кўчиб кетишган. Терма жамоанинг асосий футболчилари албан оилаларида, лекин ўзга юртларда таваллуд топишган ва ўша ерда футбол сирларини ўрганишган.

Евро-2024 турнирида қатнашаётган Албания - ўта интернационал жамоа. Барча футболчилар бир тилда гаплаша олмайдилар. Таркибдаги 26 нафар ўйинчининг атиги 8 нафари Албанияда туғилган, қолганлари бошқа юртларда:

  Швейцария - 5 нафар;

  Косово - 3;

  Шимолий Македония - 3;

  Германия - 2;

  Греция - 2;

  Англия - 1;

  Испания - 1;

  Италия - 1.

Силвиньонинг асосий топилмаси сифатида Жанубий Кореянинг «Кванжу» клубида ўйнайдиган Ёсир Асанини эътироф этиш мумкин. Ҳужумчи Шимолий Македонияда этник албанлар оиласида дунёга келган, лекин терма жамоага жалб этилмаганди. Шу сабабли, бразилиялик мураббий тавсиясига биноан, уни Албания терма жамоасига таклиф этишди. Буни қарангки, Асани ўта қисқа вақт ичида таркибга мослашиб олди.

«Рубин»да тўп сурадиган Мирлинд Даку эса Косовода туғилиб, ёшлар ва асосий терма жамоада ўйнашга улгурганди. Лекин 2023 йилда Силвиньо жамоаси сафига ўтди. «Локомотив»даги Марио Митай Грецияда туғилиб, 16 ёшлилар жамоасидан чорлов олганди. Бироқ 2019 йилда ўз миллий жамоасида ўйнашга қарор қилди.

Навбатдаги кашфиёт - Таульянт Сефери, Шимолий Македонияда дунёга келиб, 17 ёшидан терма жамоа, кейинчалик асосий жамоада ўйнади, 2019 йилда Силвиньо жамоасидан жой олди. Англиядан Армандо Броюни топишди - «туманли ўлка»да туғилган йигит футбол сирларини «Тоттенхэм» академиясида ўрганди, кейин «Челси» ёшлар жамоасида тўп сурди. 2019 йилдан бошлаб, футболчи Албаниянинг 19 ёшлилар жамоасида давом эттирди.

Бошқа бир ноёб топилма - Рей Манайни Италияда кашф этишди. Лекин Силвиньонинг изланишларидан анча аввалроқ: 2014 йилда у илк марта Албания ёшлар терма жамоаси таркибида майдонга тушганди.

Ниҳоят, сўнгги маълумот - терма жамоа таркибидаги 26 нафар футболчининг ҳаммаси хорижий мамлакатлар клубларида тўп суришади, 10 кишилик энг катта гуруҳ Италия клублари вакилларидир.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади