Владислав ХАН: «ХАЛҚАРО АРЕНАЛАРДА ҲАМ КАТТА НАТИЖАЛАРГА ЭРИШМОҚЧИМИЗ»

Владислав ХАН: «ХАЛҚАРО АРЕНАЛАРДА ҲАМ КАТТА НАТИЖАЛАРГА ЭРИШМОҚЧИМИЗ»

«Севинч»нинг қувончли дамлари

Қаршининг «Севинч» аёллар жамоаси нафақат мамлакатимизда, балки қитъамизда ҳам маълум ва машҳурдир. Ўн уч карра Ўзбекистон чемпиони, ўн карра Кубок ва икки карра Суперкубок соҳиби бўлган жамоа 2022 йилни ҳам залворли ютуқлар билан якунламоқда. Жорий йилнинг 5 ноябрь куни жамоа мамлакат кубоги учун ҳал қилувчи учрашувда майдонга тушади. Ана шу муносабат билан махсус мухбиримиз «Севинч» бош мураббийи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Владислав Хандан қуйидаги интервьюни олди.

- Владислав Николаевич, авваламбор Сизни ва аҳил жамоангизни Ўзбекистон кубогининг финалига қадар етиб келганингиз билан табриклаймиз.

- Раҳмат. Албатта бу натижа нафақат жамоамиз меҳнати, балки клубимиз президенти Шуҳрат Чориевичнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги ҳосили сифатида эътироф этган бўлардим. Бу йил бизга бош ҳомиймиз томонидан кўпроқ эътибор қаратилаяпти. Ўз ўрнида жамоамиз бунга жавобан яхши натижаларни қўлга киритиш учун бор кучларини сарфлашмоқда.

- «Севинч»ни тетапоя қилган, уни йўргаклашда бош доя (бош мураббий) бўлганингиз барчага аён. Ана шу тарихий лаҳзаларни биргаликда эсласак.

- Мана, «Севинч» ташкил бўлганига ҳам салкам чорак асрга яқинлашиб қолибди. Дарвоқе, келаси йили клуб ташкил бўлганига 20 йил тўлади. Бу давр мобайнида биргина катта футбол бўйича «Севинч», 13 карра Ўзбекистон чемпиони, 10 карра кубоги, 2 карра Суперкубоги соҳиби бўлди. Бундан ташқари, футболнинг бошқа турлари бўйича ҳам «Севинч» совриндорлик бўйича мамлакатимизда тенгсиз ҳисобланади. Шунингдек кўплаб халқаро турнирларда қатнашиб, нуфузли ютуқларга эришганмиз. Албатта, бу мамлакатимизда аёллар футболига эътибор, клубимиз раҳбариятининг яқиндан қўллаб-қувватлаши эвазига қўлга киритилган. Бир сўз билан айтганда, «Севинч» нафақат юртимизда, балки хорижда таниқли ҳисобланади.

- «Севинч»гача сиз босиб ўтган йўл ҳам осон бўлмаган. Буни бугунги кунда мухлисларингиз, айниқса, ҳозирги ёшлар ҳам билиб қўйса фойдадан ҳоли бўлмайди.

- Ҳар бир мутахасис бирор ютуққа эришиши учун аввало ўз ишини севиши керак, маълум бир мақсади бўлиши керак. Бунга эришиш учун эса доимо изланиш ва сидқидилдан меҳнат қилиш талаб этилади. Бунинг учун кўпинча ўз манфаатидан, ўзи бажараётган вазифани устун қўйиши лозим. Ишонаверинг, бундай йўл тутган мутахасис ўзи эришган натижалардан ҳузур ҳам олади.

- 2022 йил мавсўми олдидан бироз муддат жамоадан кетиб қолдингиз. Яна «Севинч»га қайтганингиз барчамизга хурсанд­чилик бағишлади.

- Мураббийлик оғир иш. Катта маъсулият талаб қилади. Баъзан ишлар сиз ўйлаганчалик кетмайди. Асаблар ҳам чарчайди. Булар бора-бора йиғилиб, соғлигингизга ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Мен ҳам шунинг учун дам олишга қарор қилдим. Даволандим. Клубимиз президенти Шуҳрат Чориевнинг чорлови туфайли яна ишга қайтдим.

- Жамоадаги пасайиш (сўнгги 2-3 йилда)ни нима билан изоҳлайсиз?

- Жамоада авлод алмашинуви рўй берди. Кўплаб тажрибали футболчиларимиз сафимизни тарк этди. Уларнинг ўрнини тўлдириш албатта осон эмас. Аёллар футболида футболчи тайёрлаш осон кечмайди. Яхши футболчи топиш эса яна муаммо. Албатта, бу жараён «Севинч»нинг ҳам муваффақиятсизлигига сабаблардан бўлди. Қолаверса, бошқа жамоалар ҳам қўл қовуштириб ўтиришгани йўқ. Улар ҳам ҳаракатда. Кейинги йилларда аёллар футболида ҳам рақобат кучайиб бормоқда.

- Ҳозирги шарт-шароит ва эътиборга муносабатингиз?

- Бу саволингизга лўнда қилиб айтсам, «Севинч»га кейинги йилларга нисбатан бу йил эътибор ва ғамхўрлик жуда катта. Шунигнгдек энди нафақат мамлакатимизда балки хорижда ҳам эътирофга лойиқ бўлаётган «Насаф» клубига қўшилдик. Клубда ўз ишини профессионаллари меҳнат қилишади. Бу ҳам ҳозирги ютуқларимизга омил бўлмоқда.

- Бу йилги Ўзбекистон кубоги учун финалгача босиб ўтилган йўл ҳақида қисқача гапириб берсангиз.

- Ҳозир футболимизда мусобақалар ўтказилиш форматлари ҳам ўзгариб бормоқда. Албатта, яхши томонга. Биз финалгача ним чорак, чорак ва ярим финал учрашувларида қатнашдик ва ҳаммасида ғалабага эришдик. Ҳар йили Кубок финалчиси бўлган «Севинч», ўтган йили чорак финалдаёқ ўз юришини тўхтатган эди.

- 5 ноябрдаги «Бунёдкор»­га қарши финалдан намалар кутяпсиз?

- Финал - бу номи билан финал. Битта учрашув натижаси тақдирни ҳал қилади. Ким учрашувга пухта тайёргарлик кўрса, натижа ҳам шунга яраша бўлади. Биз шу пайтгача ўз тарихимизда 16 маротоба Кубок финалида қатнашдик. Аммо ҳеч қачон ўз шаҳримизда ўйнаганимиз йўқ. Бу йилги финал Қарши шаҳримизда ўтказилишининг ўзи ҳам тарихий ҳисобланади. Албатта, ҳар қандай жамоага ўз мухлислари қаршисида тўп тепиши далда беради. Ўйлайманки, ҳозирги эътибор ва ғамхўрликка ҳамда мухлисларимизнинг кўз ўнгида ўйнашимизга жавобан - Кубокни қўлга киритмасликка ҳаққимиз йўқ!

- «Севинч»нинг улуғвор режалари ҳақида нималар дейсиз?

- «Севинч» мамлакатимизда салмоқли натижаларни қўлга киритди ва буни давом эттиради. Энди биз халқаро майдонларда ҳам буни такрорлаш имкониятига яқинмиз. Келаси йилдан аёллардан футболида ҳам клублар учун қитъа чемпионати бошланиши мумкин. Олдимиздаги асосий мақсадлардан, бундай мусобақаларни доимий иштирокчисига айланиб, катта натижаларга эришиш. Устувор мақсадлар яна бири, бу - мамлакатимиз аёллар терма жамоасига муносиб футболчилар етиштириб бериш ҳамдир.

- Мухлислар, газетхонларга истакларингиз?

- Аввало сиҳат-саломатлик, бахт саодат. Энг муҳими тинчлик тилайман. Яратганга минг бор шукур, тинч ва фаравон мамлакатда яшаяпмиз. Тинчлик бўлмаса, аслида футболни ҳам кераги йўқ. Мана шу тинчлигимиз бардавом бўлсин! Футболдан узоқлашманг!

Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди