АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Бугунги суҳбатдошимиз - «Насаф» президенти Шуҳрат Асланов. Охирги йилларда Қарши жамоасининг ҳужумкор футболи кўпчиликка ёқаётгани бор гап.
«Насаф»да айниқса, янги иқтидорларни кашф этиш масаласи конвейер даражасига олиб чиқилди. Хўш, бунга қандай эришилди? Жамоа ютуқлари ортида нималар ётибди?
- Шуҳрат Чориевич, салоҳияти баланд корхонага раҳбар бўлиш баробарида футбол клубини ҳам бошқариш оғирлик қилмаяптими?
- Инсон аввало, вақт қадрига етиши керак. Агар у ёки бу ишга улгуролмасам, сабабини ўзимдан ахтараман. 4 минг ходим меҳнат қиладиган «Шўртангазкимё мажмуаси» ва икки юздан ортиқ ишчи-хизматчига эга клуб ўртасида одамлар дарди, ташвиши билан яшаш - ғоят катта масъулият. Шунинг баробарида олий бахт ҳам. Муҳими, тараққиёт йўлидаги кенг қиррали фаолиятимиз самара беряпти. Оддий зиёли оилада вояга етганман, ҳамиша катта-кичик ҳурматини жойига қўйишга интиламан. Уларнинг турли мурожаатларига имкон даражаси бефарқ эмасман. Шундай ёндашув туфайли ҳозирда ҳар икки йўналишда ижобий силжиш кузатиляпти.
- Ҳар бир инсонда маълум хоббиси бор. Шу маънода айтсак, футбол сиз учун хоббими ёки...?
- Футболга ёшлигимдан ошуфтаман. Миллионлар ўйинига муҳаббат ва қизиқиш отамдан ўтган. Падари бузрукворимнинг ёши ҳозир 80дан сакраган бўлсада, футболга меҳри ҳамон сўнмаган. Жамоаларимиз ғалаба қозонган куни нафақат уйимиз, бутун корхонамизда байрамона муҳит ҳукм суради. Албатта, хушкайфиятнинг иш унумига таъсири катта. Қолаверса, корхонамизнинг ўзида ҳам футбол биринчилигини йўлга қўйилган. Шу ўринда бир воқеани айтиб бераман. 1989 йили отам мен ва Феруза опамни Душанбе шаҳрига олиб борганди: «Помир» - «Пахтакор» ўйинини кўргани. Адашмасам, 4-синфда ўқирдим, ҳаммаси кечагидек ёдимда: мухлисларга лиқ тўлган стадион, жанговар ўйин, ажойиб муҳит... Муросасиз баҳс якунида «Пахтакор» Илҳом Шарипов томонидан урилган ягона гол эвазига ғалаба қозонганди. Учрашув якунлангач, стадионда қандай байрам қилганимиз миямга муҳрланган. Умуман, «Пахтакор»нинг Тошкентдаги ўйинларига ҳам кўп бора борганмиз. Айнан ўша сафарлар ҳам футболга меҳримни янада оширгани тайин. Вақтида маҳалла ва мактабдаги тенгдошлар билан ўйнаб, сира чарчамасдик. Хуллас, бу ўйин мени ёшликдан сеҳрлаган. Саволингизга келсак, бугун футбол мен учун ҳам хобби, ҳам иш саналади.
- Ҳойнахоҳ, вақтида футболчи бўлишни ҳам хоҳлагандирсиз...
- Албатта, лекин отам-онам бизни аввало, ўқиш ва илм олишга йўналтиришган. Шунга қарамай, ҳамиша футбол билан ҳамнафас улғайганман. Мисол учун, 1988 йилги собиқ иттифоқ терма жамоаси таркибини ҳозир ҳам бирма-бир айтиб беришим мумкин. Ваҳоланки, ўша вақт атиги 10 ёшли болакай бўлганман.
- Мана, сиз раҳбарлик қилаётган корхона бир неча йилдан буён «Насаф» бош ҳомийси ролини бажармоқда. Айниқса, охирги 6 йилда жамоада кузатилган ўзгаришларни нима билан изоҳлайсиз?
- «Насаф» 2000-2012 йиллар оралиғида мамлакатимизда молиявий жиҳатдан етакчи жамоалардан бири саналган. Баҳром Ҳакимов, Виктор Кумиков, Анатолий Демьяненконинг бош мураббийлик даврида клуб нафақат мамлакат чемпионати, балки Осиё турнирларида ҳам юқори натижалар қайд этди. Дейлик, 2001 йили Осиё кубок эгалари кубогида кучли тўртликдан жой олганди. 2011 йили эса ОФК кубоги қўлга киритилди. Қолаверса, «Насаф» Ўзбекистон чемпионатида 10 марта бронза медали ютди, 1 марта «кумуш»га эга чиқди. Албатта, бу натижалар ўз-ўзидан келмаган. Муҳими, кейинги йилларда ҳам ёқимли анъана давом этди. 2015 йили Ўзбекистон кубогига эга бўлиш, 2017 ва 2021 йилда вице-чемпионликка кўтарилиш ёш таркибга эга «Насаф» обрўсини оширди. Жамоа айниқса, ўтган йили Самарқандда «Пахтакор»ни 2:1 ҳисобида енгиш асносида Ўзбекистон кубоги соҳибига айланиб, ҳаммамизни қувонтирди. Қолаверса, ОФК кубоги финалига чиқиб, ўз салоҳиятини яна бир бора намойиш этди. Хўш, бундай барқарорликка қандай эришилди? 2018 йили жамоада бошланган ислоҳотлар аввало, молиявий таъминотга қаратилди. Маъмурий-ташкилий харажатни камайтириш орқали инфратузилмани тартибга солдик. 2017 йил якунида бир қатор етакчи футболчиларнинг «Насаф»дан кетишгани кейинги мавсум давомида бироз қийинчиликлар туғдирди. Асосийси, маълум омадсизликларга қарамай, «Насаф» мактаби тарбияланувчилари кучига таяниш йўлидан чекинмадик.
Шу тариқа тажрибали мутахассис Сергей Кучеренко бошчилигидаги мураббийлар тарбиялаган ёшлар бирин-кетин «Насаф»нинг асосий таркибидан жой ола бошлашди. Дарвозабонлар Умид Эргашев, Абдувоҳид Неъматов, ҳимоячилар Ғолиб Ғайбуллаев, Дилшод Саидов, ярим ҳимоячилар Акмал Мозговой, Ойбек Бозоров, Шерзод Насруллаев, ҳужумчи Бобур Абдухолиқов... Муҳими, Умарбек Эшмуродов, Ҳусниддин Алиқулов, Марко Станоевич каби тажрибали йигитлар ёш укаларига елкадош бўлишди. Кейинги йилларда Баҳром Абдураҳимовни ортга қайтардик, шунингдек, ҳужумчи Ҳусайн Норчаев ва ҳимоячи Алибек Давронов кашф этилди. Қисқаси, клуб қошидаги футбол мактаби самараси яққол кўриняпти. Албатта, иқтидорли йигитларни саралаш ва катта футболга тўғри йўналтиришда Рўзиқул Бердиев раҳбарлигидаги мураббийлар штаби хизмати катта.
- Шу ўринда «Насаф» мактабининг иш тизими ҳақида кенгроқ тўхталсангиз...
- Мактабга 2009 йили асос солинган. Айни пайт ушбу даргоҳда 6-9 ёшли 1000 нафардан кўп бола шуғулланиб, таҳсил олади. «Насаф»да ўйнаб, меҳр қозонган Валентин Поддубний раҳбарлигидаги мактабда 18 нафар малакали мураббий ёшларга сабоқ бермоқда. Ортда қолган давр мобайнида U-18 жамоаси 3 марта мамлакат чемпиони бўлди. Қолган ёш тоифалари ҳам йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Нафақат Қашқадарё, балки бошқа вилоятлардаги иқтидорларни қабул қилиш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Шунингдек, Қаршида «Локомотив» клуби бор. Қолаверса, Касби ва Қарши туманларида «Насаф» мактаби филиалларини очганмиз. Айни пайт Ўзбекистон чемпионати Биринчи лигасида иштирок этаётган «Насаф-фарм» клуби асосини футбол мактаби тарбияланувчилари ташкил этишяпти. Умуман, бугунги кун тарбияланувчиларимизни Суперлига ва Про лига клубларида ҳам кўриш мумкин. Шу аснода ўзбек футболи равнақига ҳисса қўшаётганлигимиздан ғоят бахтиёрмиз.
Тўғри, олдинда амалга оширадиган ишлар кўп. Яқин орада мактаб қошидаги сунъий қопламали майдон янгиланади. U-23 тоифасидаги Осиё чемпионати олдидан «Марказий» стадионида катта кўламда таъмирлаш ишлари бажарилди. Жумладан, ёритиш тизими қуввати 1800 люксга етказилди. 2 нафардан футболчига мўлжалланган кийиниш ва ювиниш хоналари ҳозирланди. Яна матбуот хизмати учун етарли қулайликлар яратилди. Айни пайт турникетлар ўрнатиляпти. Август ойида аёллар клублари ўртасидаги ОЧЛ ўйинларининг Қаршида ўтказилиши ҳам зиммамизга масъулият юклаяпти. Бунинг учун «Марказий»да сўнгги тайёргарлик ишлари ниҳоясига етказилди.
- 2022 йилнинг январь ойида «Насаф» ва «Севинч» жамоалари ягона тизимда бирлаштирилди. Бунинг моҳияти нима?
- Ҳар икки жамоага бевосита мутасадди эканмиз, бошқарув бир қўлда бўлиши керак. Ҳозирда «Насаф» ихтиёридаги клублар учун машғулотлар майдони ва база етарли: «Геолог» соғломлаштириш маркази, «Меҳнатчи» стадиони, футзал майдони...
- «Севинч»нинг бутун қитъада ўз ўрни, нуфузи борлиги эътиборга молик.
- Дарҳақиқат, 2003 йили футболимиз фидоийларидан бири Алишер Султонов ташаббуси билан ташкил этилган жамоа 13 марта мамлакат чемпиони бўлди, 10 марта кубок соҳибига айланди. Жорий мавсум ҳам «Севинч»нинг шашти баланд. Жамоани Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий Владислав Хан бошқармоқда. Мана, ёзги трансферлар чоғи жамоа таркибига ганалик ҳужумчи Фусеина Мумуни, ҳиндистонлик ярим ҳимоячи Дангмей Грейс, камерунлик ҳимоячи Альвина Имма қўшиб олинди. Хуллас, бу йўналишда ҳам изчил иш олиб бориляпти.
- Дунёдаги топ-жамоаларда ҳужумчилар билан ишлайдиган алоҳида мураббийлар бор. Буни ўзимизда ҳам амалга татбиқ этиш мумкинми? Зеро, футболимизда голеадорлар танқислиги сезилмоқда...
- Бу борада аллақачон иш бошлаганмиз. Маъқул мураббий топилса, жамоага таклиф этамиз. Чунки «Насаф»да ҳам ҳужумчилар масаласида муаммо йўқ эмас.
- Матбуот ва интернет хабарларига таянсак, айни пайт «Насаф» футболчиларига «совчи»лар кўп. Бу борада аниқ маълумот бера оласизми?
- «Насаф» ҳозирда олимпия ва миллий жамоаларга футболчи етказиб берадиган етакчи клублардан бири бўлиб турибди. Рақамларда айтсак, 6 нафар йигитимиз миллий ва 4 нафари олимпия термаси аъзоси. Бундан ташқари, U-20 термасида 3 нафар ўйинчимиз бор. Бу фахр уйғотади, албатта. Ахир барчамиз аввало, ватан манфаати учун ишлаймиз. Қолаверса, «Насаф» олдида Суперлига ва кубок ўйинлари турибди. 2023 йилнинг февраль ойида ОЧЛдаги юришни давом эттиришимиз керак. Шундай экан, ҳозирги ҳолатда таркибни бузиш ярамайди. Зеро, мавсум ўртасида етакчи футболчиларни қўйиб юбориш яхшиликка олиб келмайди. Қолаверса, аксарият футболчиларнинг шартномаси 2024 йилгача мўлжалланган. Тўғри, трансферлар масаласида баралла гапириш қийин, нима бўлишини вақтнинг ўзи кўрсатади.
- Дунё футболида ўзини маблағ билан таъминлайдиган клублар етарли. Бу масалада «Насаф»даги ишлар истиқболи қандай?
- Жуда ўринли савол. Бу йўналиш бўйича илк натижалар ҳам йўқ эмас. Футболчилар трансферидан тушадиган маблағ ҳисобига молиявий барқарорликни таъминлаш мумкин. Биргина мисол: сўнгги 4 йилда футболчиларни сотиш ортидан 22 миллиард сўм топдик. Бу жамоанинг 1 йиллик бюджетига тенг. Эндиликда бу борада Европанинг номдор клублари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз. Зеро, футболнинг асл моҳияти ҳам шу. Хусусан, «Насаф» футболчилари яқин келажакда Европанинг кучли лигаларида ўйнашлари керак. Ўйлайманки, ОЧЛ Европага чиқишда ойна вазифасини ўтайди.
- Умуман, жорий йил мавсуми учун қандай аниқ вазифалар белгиланган?
- Ҳар доим олға интиламиз. Йигитларимиз майдонга фақат ғалаба учун тушадилар. Жорий мавсумнинг биринчи ярмида жами 20та ўйин ўтказдик. Суперлиганинг охирги турларида қайд этилган кетма-кет 3та дуранг - чарчоқ аломати. Мавсумнинг ҳал қилувчи қисмидан эса умидимиз катта. «Насаф» ўз тарихида кўплаб натижаларга эришган, лекин музейимиз битта алоҳида совринга муҳтож. Чемпионлик кубогини назарда тутяпман, албатта. Ўйлайманки, жамоамизнинг тахтга кўтариладиган вақти келди. Шунингдек, ОЧЛда ҳам имкон қадар узоқроққа боришимиз керак.
- Мароқли суҳбат учун раҳмат.
- Ўз навбатида, бизни қўллаб-қувватлаб турган мухлислар ва фаолиятимизга беэътибор қарамаётган «ИнтерФутбол» газетасига ҳам ташаккур изҳор этаман.
Маълумот учун
Шуҳрат Асланов 1978 йилнинг 21 январь куни Қарши шаҳрида туғилган. Умумий-ўрта таълим мактабидан кейин Қарши муҳандислик-иқтисодиёт ва Тошкент кимё-технология институтларида таҳлил олган. Кейинчалик Президент ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиш академиясида ўз билимини оширган. 2000 йилдан «Шўртангазкимё мажмуаси» МЧЖда фаолият кўрсатмоқда. Айни пайт мазкур корхонанинг бош директори. Оилали. 4 нафар фарзанднинг отаси.
Ҳусан ТЕМИРОВ суҳбатлашди
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Жорий мавсум арафасида 55 миллион евро эвазига «Аталанта»дан харид қилинган Тён Копмейнерс 6 октябрь куни ўтказилган «Юве»нинг «А» Серия 7-тур доирасидаги «Кальяри»га қарши уй учрашуви (1:1)да жароҳат олганди.
Introduction about the author of this blog
Адрес
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Телефон
+(123) 345-6789