Жаҳонгир УСМОНОВ: «МАДРИД»ГА ҚАРШИ ЎЙНАШ ВА БУ КЛУБГА ФУТБОЛЧИ СОТИШНИ ОРЗУ ҚИЛАМАН»

Жаҳонгир УСМОНОВ: «МАДРИД»ГА ҚАРШИ ЎЙНАШ ВА БУ КЛУБГА ФУТБОЛЧИ СОТИШНИ ОРЗУ ҚИЛАМАН»

Газетамизнинг аввалги сешанба сонида жаҳонга машҳур Marca нашрининг «Сурхон» ҳақидаги катта мақоласи эътиборингизга ҳавола қилинганди.

Испания газетасида шунингдек, Термиз клуби вице-президенти Жаҳонгир Усмонов билан алоҳида суҳбат матни ҳам берилди. Хўш, мулоқот давомида испаниялик ҳамкасбларимиз айнан нималарга қизиқишди?

Испания маданияти ошиғи...

Жаҳонгир Усмонов - «испанча» «Сурхон» орқасига «яширинган» идеолог, раҳбар ва асосчи функционер. Омадли ўзбек бизнесменининг айтишича, у испан халқи ва маданиятига ошиқ. «Менда Испанияга яқинлик болалигимдан, Хулио ва Энрике Иглесиас ижросидаги қўшиқларни кўп эшитиш ҳамда Вашингтон Ирвинг қаламига мансуб Cuentos de la Alhambra китобини ўқиш орқали бошланган», - дейди Усмонов.

 

Ўзбекистонда «Реал Мадрид» академиясининг очилиши

Усмонов шунинг баробарида футбол ва «Реал Мадрид»­нинг чин «жинни»си: «Вақтида Бекхэм ўйинларига ошуфта эдим, унинг «Мадрид»дан кетиши мени бироз ранжитган, ҳаттоки, маълум муддат футбол томошасидан воз кечгандим». Лекин кейинчалик функционер ва «Реал»нинг йўллари яна туташди: «2020 йили «Реал Мадрид» фонди билан ҳамкорликда ижтимоий лойиҳаларни амалга ошира бошладик. Кейинги йили эса «Реал Мадрид» жамғармаси ёрдами билан Ўзбекистонда илк El Golazo академиясини очдик. Ҳозирга қадар 50 нафар тарбияланувчимиз Вальдебебасда шуғулланиб, жамғарма турнирида иштирок этди. Тўғриси, бу - ажойиб муваффақият», - дейди Жаҳонгир Усмонов мағрур ҳолда. Гап шундаки, бошида функционернинг орзуси рўёбга чиқишига ҳеч ким ишонмаганди: «Буни кўпчилик «фейк» (ёлғон) сифатида қабул қилди. «Дунёнинг энг зўр жамоаси қанақасига Ўзбекистонда академия очиши мумкин?» - дейишди айримлар. Қачонки, Альваро Арбелоа академия очилишига ташриф буюрганида, одамлар лойиҳа ҳақиқат эканлигини англаб етишди».

Усмонов 2020 йили Испания­га сафари давомида Роберто Карлос, Солари ва Арбелоа билан шахсан учрашди ва бунинг таъсирида унинг футболга қизиқиши янада ошди. Висенте дель Боске ва Анхель Лопес билан суҳбатлар эса ўзбекистонлик бизнесменни буткул енг шимаришга ундади. «Сурхон» давлатга қарашли, аммо молиявий жиҳатдан ҳалокатли аҳволда эди», - дея тан олади у. Муҳими, Жаҳонгир Усмонов ва Нодир Юсупжонов (клуб спорт директори)да аниқ йўл харитаси мавжуд эди: «Биз клубни бутунлай ўзгартиришни ўйладик. Ҳозир Термиз шаҳридаги стадион реконструкция қилинмоқда, қисқаси, инфратузилмани яхшилаш ишлари билан бандмиз». 

 

Испан футболига муҳаббат

Жаҳонгир Усмоновда спорт томонлама ҳеч қандай шубҳа йўқ: «Испан моделига тўлиқ ишонамиз, шунинг учун Анхель Лопес билан шартнома туздик. «Сурхон» мураббийлар штаби кадрлар тайёрлаш бўйича айни пайт Ўзбекистонда 1-рақамли клубдир. Жамоамиз тизимида 10 нафар испаниялик бор, улардан 4 нафари футболчи. Жумладан, Луис Кезада «Реал Мадрид» тарбияланувчиси, «Кастилья» ва «Кадис» клуб-лари собиқ фут-болчиси. Жамоамиз сафига яқинда қў-шилган Манель эса «Барса» аф-соналаридан бири «Маноло» - Хосе Мануэль Мартинес Торалнинг ўғлидир. Шунингдек, яна бир ҳужумчи бор - Рубен Санчес. Иккиси ҳар мав-сум жами 25та гол уришга ваъда берди. Серхио Родригес эса жамоамизда марказий ҳимояга жавоб беради. Мураббийлар штаби 6 нафар мутахассисдан иборат. Ўйлайманки, тўғри йўлдамиз. Ишончим комил, «Сурхон» кейинги йилиёқ мамлакатнинг энг яхши жамоалари қаторига киради.  Умуман, испанлардан ташкил топган мураббийлар штабининг иш бошлаши маҳаллий футболчиларни жуда ҳайратга солди. Шу ўринда Ўзбекистон ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаевга миннатдорчилик билдирмоқчиман. Унинг футболга нисбатан иштиёқи, саъй-ҳаракатлари туфайли айни пайтга келиб барча жамоалар профессионал даражага чиқди. Масалан, жорий мавсум жамоалар ўртасида рақобат кучайди, ПФЛ кубогининг ташкил этилиши клубларнинг янада рақобатбардош бўлишини таъминлайди».

Муҳими, клубда пойдевор аллақачон қўйилган. «Биз тарих яратмоқдамиз. «Сурхон» ўз тарихида «Бунёдкор»ни бирор марта мағлуб этмаганди, «Пахтакор» дарвозасига эса Тошкентда 28 йилдан буён гол уролмаётганди, жорий мавсум мазкур нохушликларга чек қўйдик. Қолаверса, Анхель Лопес ва унинг мураббийлар штаби футболчилар билан шахсий даражада кўп ишламоқдаки, бу ўйинларда ҳам, майдон ташқарисида ҳам ўз натижасини кўрсатмоқда. Яқинда клубнинг халқаро бўлими бошлиғи Фаррух Исмои­лов билан бирга катта трансферни амалга оширишга муваффақ бўлдик: иқтидорли футболчиларимиздан бири Бахтиёр Қосимов Қатарга йўл олди. Менимча, жамоамиз аллақачон халқаро миқёсда эътибор қозониб улгурди», - дейди Жаҳонгир Усмонов. Аммо у янада кўпроғини хоҳлайди: «Мақсадим - қачондир ўртоқлик ўйинида бўлсада, «Реал»га қарши майдонга тушиш. Испанияга борганимда, дунёнинг энг яхши футболчиси Карим Бензема менга ўзи ва «Мадрид»нинг барча вакиллари имзоси туширилган футболкасини сов­ға қилди. Совғаси ва футболчиларга ўрнак бўлаётгани учун Бенземадан бағоят миннатдорман. Бу йил асосий жамоа­да дебют қилиб улгурган 19 ёшли дарвозабон Даврон Мерганов ва 17 ёшли ҳужумчи Абдуғофур Ҳайдаров каби ёшларимизни кун келиб «Реал»да кўришни орзу қиламан». Айтганча, Усмонов «Реал» президенти Флорентино Перес­га ҳам ҳурмат ва ҳавас билан қарайди: «Иккимизни боғлаб турадиган умумий жиҳатлар ҳам бор - биз қурилиш соҳасида фаолият юритамиз ва футбол жамоасини бошқарамиз».

М.ПЎЛАТОВ тайёрлади