АНА, ХОЛОС! Тайрон, бу қандай аҳмоқлик?
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
«Манчестер Сити»нинг етакчи ҳимоячиларидан бири Рубен Диаш болалигидан жаҳон чемпионатида ўйнашни орзу қилган ва бу ҳақда отаси билан кўп бора гаплашган.
Мана, жорий йил 25 ёшини қаршилаган Диаш болалик амбицияларини рўёбга чиқариш арафасида турибди. Айтиш мумкинки, у Қатар майдонларида бу борада биринчи чинакам имкониятга эга бўлади. Тўғри, Диаш «Бенфика» ҳимояси марказида анча олдин ўзини намоён қилди, кейин йиллар давомида истеъдодини ривожлантириб, Португалия миллий жамоаси бош мураббийи Фернанду Сантуш назарига тушди. Шу аснода ҳимоячи 2018 йили Россияда ташкиллаштирилган жаҳон чемпионати олдидан ўз мамлакати бош жамоаси таркибидан жой олди. Бироқ марказий мудофаа вакилига аввалги мундиалнинг бирор ўйинида майдонга тушиш насиб этмади. Шунга қарамай, Рубен ортга катта қониқиш билан қайтди ва турнирни фаолиятидаги «ўзгача лаҳза» сифатида таърифлади. Футболчи ЖЧ-2022 старти арафасида ФИФА расмий сайтига берган интервьюсида ҳам аввало, аввалги мундиал хотираларини эсга олди: «Жаҳон чемпионати арафасида ҳал қилувчи йиғинга чақирилдим, аммо муҳим паллада жароҳатланиб, четга чиқдим. Яхшики, Фернанду Сантуш шунда ҳам мени жамоа таркибидан чиқаргани йўқ ва мундиал ҳавосидан баҳра олдим». ЖЧ-2018 воқеликларини эсласак, турнирга Европа чемпиони мақомида борган Португалия миллий жамоаси Россиядаги ёрқин ўйинлари эвазига 1|8 финалга чиқди ва ҳаяжонли тус олган баҳсда Уругвай термасига имкониятни бой бериб қўйди. Ферданду Сантуш жамоаси шундан буён 4 йил давомида янада кучайди, ҳар ҳолда, Европанинг элит клубларида ўйнайдиган португалиялик иқтидорлар сафи йилдан йилга кенгаймоқда. Ҳозирда португалияликлар учун асосий вазифа - ўйинга боғлиқ алоҳида элементларни уйғунлаштириш ва салоҳияти баланд бўғинлар йиғиндисидан-да кучлироқ, яхшироқ жамоа сифатида ўйнаш. «Бирлашиш ҳақиқатан ҳам, жуда муҳим, - дейди Диаш. - Таркибда рақобатбардош футболчилар кўп бўлиши мумкин, аммо ҳар бир йигитнинг энг кучли томонларидан қандай фойдаланишни билмасангиз, жамоавий куч сифатида тўғри ишлай олмайсиз».
- Рубен, айтингчи, фаолиятингиздаги биринчи мундиалдан кейинги 4 йил давомида нечоғли ўзгардингиз, айнан қайси жиҳатларда яққол ўсишга эришдингиз? Умуман, Қатарда қандай Рубен Диашда кўрамиз?
- Жаҳон чемпионатидек йирик турнирда муваффақиятли иштирок этишни хоҳласангиз, аввало, жамоавий ўйин борасида кучайишингиз керак. Агар жамоангиз яхлит куч сифатида шаклланмаган бўлса, нимадандир умид қилишингиз қийин. Оддий айтганда, сиз индивидуал томондан барча энг яхши хислатларга эга бўлишингиз мумкин, лекин агар буларни жамоавий ҳаракатларга уйғунлаштиролмасангиз, бирор наф чиқиши даргумон. Хуллас, футболда энг асосийси - жамоа билан кучли эканлигингиз. Жаҳон чемпионати - бу ортингда ватанинг шаъни турганини ҳис қилдирадиган катта мусобақа. Барчасини 2018 йили ўз бошимдан ўтказдим, гарчи Россияда бирор ўйинда иштирок этмаган бўлсамда. Шу маънода айтсам, мундиалда жамоа билан бирга бўлишинг индивидуал даражадаги ҳар қандай воқеликдан муҳимроқдир. Шубҳасиз, ортда қолган 4 йил ичида ҳам инсон, ҳам футболчи мақомида анча улғайдим, лекин қайтараман, бу ҳеч нарсани англатмайди агарда яхлит жамоа билан бирга нафас олишни ўрганмасанг. Яна бир томони бор: айнан аҳил жамоа сенга бу даражадаги йирик мусобақада имкон қадар узоқроққа боришинг учун зарур қўшимча куч бағишлайди.
- Кўпчилик эътироф этяпти: ҳозирги Португалия миллий жамоасида энг иқтидорли авлод вакиллари жамланишган. Яқинда берган интервьюнгизда жамоанинг алоҳида қисмлари уйғун ҳолда ишлаш масаласида энг яхши йўлни топиши зарурлиги ҳақида гапиргандингиз. Бу кейинги қадамни баралла ташлаш учун нечоғли муҳим?
- Ҳеч қандай шубҳа йўқ, асосийси - шу. Умуман олганда, ҳар қандай ғолиб жамоанинг сири бирдамлик, менимча. Ҳа, тан олиш керак, индивидуал кўникма ва салоҳият жамоа ҳаётида жуда муҳим ўрин тутади, лекин охир-оқибат, ўзаро мулоқот ва бирга ишлаш қобилияти кўп нарсани ҳал қилади. Бу дарҳақиқат, катта аҳамият касб этади. Такрорлайман, жамоа қанчалик рақобатбардош ва кучли ижрочиларга эга бўлмасин, агар бирдамликда тўғри ишламаса, натижа чиқиши қийин. Бундай ҳолатда одамлар наздида оддий жамоадек қолаверади. Умумий муваффақият яна мураббийлар штабининг ҳар бир футболчига хос кучли жиҳатлардан қай даражада фойдаланишига ҳам бевосита боғлиқ, албатта.
- Португалия терма жамоаси бош мураббийи Фернанду Сантуш жаҳон чемпионати-2022 ҳақида тўхталиб, сизлар учун энг яхшиси ҳали олдинда эканлигини айтди. Хўш, жамоангиз Қатарда Евро-2016 ва Мил-латлар лигаси-2019даги зафарли юришни такрорлаш имкониятига эгами?
- Ҳа, шубҳасиз. Чунончи, таркиб иқтидорли авлод вакилларидан ташкил топган. Тўғри, бошқа жамоаларда ҳам кучли ижрочилар бор. Яъни мундиалда ягона эмасмиз. Ваҳоланки, таркибимиз чиндан ҳам, ажойиб спорт формасидаги футболчилар билан тўла. Йигитларимиз нафақат терма жамоада, балки ўз клубларида яхши ўйнашмоқда ва энди ҳозирги ҳолатдан максимал даражада фойдаланишимиз шарт. Лекин яна бир бора такрорлайман: гап мавжуд барча фазилатларни амалда жамоа сифатида қўллашда...
- Қатар-2022 Криштиану Роналду, Пепе ва Жоау Моутинью каби катта юлдузлар учун сўнгги жаҳон чемпионати бўлиши мумкин. Шу факт ҳам жамоага кучли мотивация берса керак...
- Менимча, ҳақиқий мотивация - шу. Ҳар ҳолда, бутун жамоа улар учун икки ҳисса куч билан ўйнашига ишонаман. Шубҳасиз, жаҳон чемпионатининг ўзи ҳар қандай футболчига қўшимча мотивация беради, лекин агар сизни янада кўпроқ тўлқинлантирадиган қандайдир яхши сабаб бўлса, унда кўраверинг... Гап нафақат Португалия, балки бутун жаҳон футболида ёрқин из қолдирган 3 нафар етук юлдуз ҳақида кетмоқда. Бизда шундай катта номлар борлиги - қўшимча плюс. Ўйлайманки, ҳаммаси Қатарда қўшимча туйғу ва кучли омил бўлади. Мантиқан қарасак ҳам, юлдузларимиз ЖЧда охирги имкониятга эга эканликлари катта мотивация бўлиб хизмат қилиши керак.
- Жаҳон чемпионатининг илк марта евромавсум ўртасига тўғри келгани ўйинлар сифатига ижобий таъсир кўрсатиши тахмин қилинмоқда. Айни пайт жисмоний ва руҳий томондан қандай ҳолатдасиз?
- Буниси ҳам барча учун янги тажриба, албатта. Ҳозирдан баралла гапириш ярамайди, чунки ўйинлар қандай кечишини айтиш қийин. Лекин бир нарса аниқ: мавсум охирида жаҳон ёки Европа чемпионатига борсангиз, чарчоқ ўз сўзини айтади, энг яхши жисмоний ҳолатда бўлмайсиз, барибир. Футболчидан ҳам жисмоний, ҳам руҳий куч талаб қиладиган мусобақаларда тетик ўйнашга нима етсин? Бежиз йирик турнирларда кўпинча жисмоний жиҳатдан энг яхши тайёргарлик кўрган жамоа зафар қучмайди. Мана, навбатдаги мундиал деярли ҳар бир футболчи ўзининг максимал салоҳиятини кўрсатадиган вақтга тўғри келмоқда. Ахир мавсумолди йиғинлар ва бир қатор расмий ўйинларда қатнашишга улгурдик ва ҳозир спорт формаси нуқтаи назаридан энг юқори поғонадамиз. Иқлим шароити қандай таъсир қилишини билмайман, лекин дейлик, Англиядан бориб, Қатарнинг иссиқ ҳавосига кўникиш учун бироз вақт кетса керак, барибир.
М.ПЎЛАТОВ тайёрлади
ЧЛ-2024|2025да жуда зўр старт олган «Астон Вилла» лига босқичи 4-турига келиб, биринчи мағлубиятни тан олди.
Яқинда «Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Холанд жамоаси учун 100-голини ҳадя этиб, жаҳон миқесидаги тенгсиз натижани қайд этди - бунинг учун тўпурарга 105та ўйин етарли бўлди.
Жорий мавсум арафасида 55 миллион евро эвазига «Аталанта»дан харид қилинган Тён Копмейнерс 6 октябрь куни ўтказилган «Юве»нинг «А» Серия 7-тур доирасидаги «Кальяри»га қарши уй учрашуви (1:1)да жароҳат олганди.
Introduction about the author of this blog
Манзил
214 West Arnold St. New York, NY 10002
Phone
+(123) 345-6789