Рўза тутиш мумкин эмасми? Унда...

Рўза тутиш мумкин эмасми? Унда...

Франция футбол федерацияси президенти Филипп Диалло Le Figaro нашрига берган интервьюсида мамлакат терма жамоалари йиғини вақти рўза тутишни тақиқловчи янги қоида жорий этилганини яширмади.

У ушбу бўлмағур қарорни ташкилот низомида белгиланган бетарафлик тамойилига риоя қилиш ҳаракати сифатида изоҳлади. Таъкидланишича, тақиқ U-16дан бошлаб, барча ёш тоифасидаги Франция терма жамоаларига тааллуқли.

Асосийси, муқаддас Рамазон ойи давом этаётган бир паллада чиқарилган ушбу қарор Францияда кучли акс-садо келтириб чиқарди. Хусусан, Мамаду Диавара рўза тутиш тақиқланганига эътироз ўлароқ, Франция U-19 термаси йиғинини муддатидан анча олдин якунлади. ESPN хабарида айтилишича, 19 ёшли ҳужумчи янги қоида туфайли ўта ғазабланган ва ўз клуби - «Лион» ихтиёрига қайтишни маъқул кўрган. Якунда Диаварa ўрнига «Нант»дан Демeн Ассума чақирилди.

«Челси» клуби ва Сенегал миллий жамоаси собиқ ҳужумчиси Демба Ба ҳам Франция футболининг Рамазонга бундай муносабатини кескин қоралади. «Агар сиз йигитлар танлаган турмуш тарзини қабул қилолмасангиз, буни тушунаман. Лекин уларни мусулмонликдан қайтармоқчисиз. Йўқ! Сизга ёқадими ёки йўқ, рўза улар учун шахсиятнинг бир қисми ҳисобланади. Буни зинҳор ўчириб ташлашга уринманг. Агар футболчи бу борада қўллаб-қувватланса, ижобий таъсири қанчалик катта бўлиши мумкинлигини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Футболда одамлар билан ишлаш масаласида ҳали кўп жиҳатларни ўрганиш кераклиги кўриниб қолди. Афсус, Францияда «мусулмонлар учун ов-2024» бошланди. Очиғи, ҳозирги замонда бунақаси ақлга ҳам сиғмайди», - деди Европада етарли даражада ном қозонган собиқ ҳужумчи.