Тарихда кемани бошқариш билан боғлиқ тегишли меъёрларни бузган ҳолда, кутилмаган ечим ёрдамида экипажни сақлаб қолган ва қирғоққа омон-эсон қайтган капитанлар ҳақида мисоллар жуда кўп...
«Навбаҳор»нинг жорий мавсум биринчи давра якунидаги ҳолати айнан уммонда танг ҳолатга тушиб қолган кемани эслатмоқда. Энг кучли мутахассислар ҳам «лочинлар»нинг кетма-кет дуранг натижа қайд этишаётгани ва рақиблар дарвозасини 3та ўйиндан буён ишғол этолмаётганларини тушунтириб беришолмаяпти. Жамоа бош мураббийи Самвел Бабаян эса сўнгги матбуот анжуманида мавжуд вазиятни изоҳлашга ожиз эканлигини очиқ-ойдин тан олди. Хўш, кетма-кет очко йўқотаётган «Навбаҳор»га нима етишмаяпти ўзи? Мазкур саволга жавоб излашдан аввал Евро-2024 гуруҳ босқичи аро қисқача экскурсга чиқамиз.
Маълумки, нуфузли евротурнир бошланишидан олдин аксарият мутахассислар ва мухлислар Украина терма жамоаси ички потенциалини юқори баҳолашди. Лекин Сергей Ребров жамоаси гуруҳ босқичи 1-турида Руминия термасига йирик ҳисобда ютқазди. Нега бундай бўлди? Малакали мутахассислар ва зукко мухлислар Украина миллий жамоаси имкониятини баҳолашда ортиқча ҳаяжонга берилишдими, хатога йўл қўйишдими ёки румин футболи ривожланиб кетганини сезмай қолишди? Йўқ, аслида олдиндан билдирилган прогнозлар тўғри эди. Фақат бош мураббий Сергей Ребров Руминия терма жамоасига қарши баҳс учун бошланғич таркиб танлашда шошилди. У «Реал»даги ютуқлари таъсирига берилди, чоғи, дарвозани Андрей Лунинни ишониб топширди. «Реал» кипери эса узоқдан йўлланган икки зарбага керакли реакция билдиролмади ва икки голнинг тўғридан-тўғри айбдорига айланди. Украинлар аламли мағлубиятга учрашди ва футбол оммаси Сергей Ребровнинг кейинги ўйин учун қандай бошланғич таркиб қўйишига қизиқди. Бош мураббий қандай қарорга келар экан-а?! У яна биринчи учрашув бошланғич таркибига ишонч билдирадими ёки кескин ўзгаришларга қўл уради?
Муҳтарам мухлис, шу мулоҳазаларни ўқиб бўлгач, Самвел Бабаян миллий жамоамизни бошқарган даврни бир эсланг. Муайян учрашувда хатога йўл қўйган Aлександр Лобанов кейинги ўйинда захирада қолдирилганми? Энг қулай вазиятлардан ҳам гол уролмаган Игорь Сергеев эса бошқа ҳужумчи билан алмаштирилганми? Унутмаган бўлсангиз, мундиалнинг ўша цикли давомида қўпол хато камчиликларга қарамай, Aлександр Лобанов ва Игорь Сергеев ҳамиша бошланғич таркибда майдонга тушишган. Оддий ифода этганда, уларни алмаштиришга бош мураббийнинг кўзи қиймаган ёки журъати етмаган. Aйни шу нуқтада Сергей Ребровнинг футболимиз мутасаддилари нуқул олқишлайдиган мураббийлардан фарқи яққол кўзга ташланди. У Словакия терма жамоасига қарши учрашув олдидан бошланғич таркибда нақ 4та ўзгаришни амалга оширди. Яъни руминлар билан баҳсда илк дақиқалардан майдонга тушишган Андрей Лунин, Ефим Конопля, Тарас Степаненко ва Виктор Циганков ўрнини Анатолий Трубин, Андрей Ярмоленко, Владимир Бражко ва Александр Тимчик эгаллашди. Қарангки, бош мураббийнинг ўзига ишонган ҳолда амалга оширган ўзгаришлари ижобий самара берди ва унинг шогирдлари дастлабки турда гуруҳ фаворити саналган Бельгия термасини мағлубият домига тортган словаклардан устун келишди. Бу - мураббий имзоси, кутилмаган қарорлар чиқаришдан чўчимайдиган ва ўзига ишонадиган мутахассиснинг сўзи!
Истеъдодли мураббий Доменико Тедеско раҳбарлигидаги Бельгия терма жамоаси ҳам евротурнирнинг илк турида майдондан бош эгиб чиқиб кетди. Кевин де Брюйне, Ромелу Лукакудек катта ижрочилар ҳам Словакия термаси дарвозасига йўл топишолмади, гол уришолмади ўша ўйинда. Мутахассислар ва мухлислар эса Бельгия терма жамоаси мағлубиятини тасодиф ўрнида кўришди, Тедеско иккинчи учрашувда бошланғич таркибни ўзгартирмаслигини тахмин қилишди. Дарҳақиқат, бельгияликларнинг стартдаги мағлубиятларини тасодифлар сирасига қўшиш мумкин. Бироқ Доменико Тедеско бошқача ўйлади, илк турда қайд этилган салбий натижага тасодиф сифатида қарамади ва 2-тур ўйини олдидан бошланғич таркибни кескин ўзгартирди. Словакия термасига қарши кечган мураккаб учрашувда Зено Дебаст, Янник Карраско, Орель Мангаля, Леандро Троссард майдонда жавлон урган бўлсалар, руминлар билан баҳснинг илк дақиқаларидан Ян Вертонген, Артюр Теате, Юри Тилеманс, Доди Лукабакио ҳаракатланишди. Aмалга оширилган ўзгаришлар ижобий самарасини узоқ куттирмади ва Тилеманс ўйин дебютидаёқ гол урди. Бундай ҳолатларда кутилмаган қарорлар чиқариш асносида ижобий натижа сари дадил қадам ташлай олгани учун бош мураббий ҳамиша олқишланади. Доменико Тедеско шундай қўрқмас мутахассислар сирасига киришини амалда исботлади.
Яна уммонда танг аҳволга тушиб қолган кема ва Суперлигада кетма-кет 3та турдан буён рақиблар дарвозасига йўл тополмаётган «Навбаҳор» масаласига қайтамиз. Самвел Бабаян ҳужумлар самарасиз якунланаётган уч учрашувдан буён «Навбаҳор» ўйини ва таркибида бирор ўзгаришни амалга оширдими? Жамоа 1та ўйинда гол уролмаса, буни тасодифга йўйиш мумкин. Бироқ «қуруқ»лик иккинчи ва учинчи учрашувда давом этса ва бош мураббий бу ҳолатни ўнглаш учун кескин, кутилмаган қарорлар чиқармаса, мухлислар ҳар қанақасига уни айблашади-да, уни тушунишни исташмайди-да. Сергей Ребров ва Доменико Тедеско каби мураббийлар ҳамиша мухлислар босимини ҳис қилишади ва уларга ёруғ юз билан боқиш учун зарур ўзгаришлар ясашга интилишади. Самвел Бабаян-чи? У стадионга ташрифи сийраклашиб бораётган «Навбаҳор» мухлисларига қандай янгиликлар, сюрпризлар тайёрламоқда? «Биз тинмай изланяпмиз, 24 соат ишлаяпмиз!» қабилида ўзини оқлаши вазиятни ўзгартириб қўймайди ахир. Вазиятни ижобий томонга буриш учун матбуот анжуманида турли баҳоналар, изоҳлар ўйлаб топгандан кўра, майдонда футболчилар билан бошқачароқ йўсинда ишлаш, уларнинг руҳияти ва ҳаракатини қолиплардан чиқариш ва янги ўзанга солиш керак эмасми? Aна, Жаҳонгир Aбду-саломов мағлубиятга учраётган «Сурхон»ни ғалаба сари қандай бошлаганини кўпчилик кўрди ва завқланди. Шоҳруҳ Aбдураҳмонов эса «Сўғдиёна» зафар қучиши учун шундай шаҳд-шижоат билан олдинга ташландики, унинг ҳамласидан «Локомотив» ҳимоячилари ҳам ҳайиқишди ва гол уришига шароит яратишди. Деярли ҳар бир мақоламизда тилга олаётганимиз Бектемир Aбдуман-нонов ҳам катта футбол қайтган Самарқандда, минг-минглаб мухлислар кўз ўнгида тап-тортмай ҳужумга отланди ва яна бир бора «Aндижон»нинг дуранг қайд этишини таъминлади.
«Навбаҳор» мухлислари Одил Ҳамробеков, Жамшид Искандеров, Aброр Исмоилов каби футболчилар ҳам шундай шижоат билан тўп суришлари, голлар уришларини исташмоқда. Бироқ ҳар жиҳатдан истеъдодли ҳисобланган бу футболчилар ҳарчанд уринишмасин, гол уришолмаяпти, ижобий натижага эришишолмаяпти. Футболчилар астойдил ҳаракат қилишса-ю, бундан бирор наф чиқмаса, айбни кимдан қидириш лозим? Aлбатта, бош мураббийдан. Бундай вазиятда бош айбдор - бош мураббий! У захира ўриндиғидаги тақчиллик, етишмовчиликни баҳона қилмай, жамоа ўйин услубини ўзгартирса, футболчиларнинг одатий позицияларини тажриба сифатида янгилаб кўрса, ҳаракатлар зое кетмаслиги аниқ. Зеро, мавжуд асосий таркибни ўзгартирмай, аксинча, унга ишонч билдириб, фақат ўйин услубини янгилаш асносида ижобий натижалар сериясига юз бурган мураббийлар жаҳон футболида етарлича топилади. «Навбаҳор» мутасаддилари ва мураббийлари бу хусусда жиддий бош қотиришмаса, мухлислар уларни кечиришмайди асло.
Муҳаммад ВАЛИ