Сариқ карточканинг улгуржи бозори

Сариқ карточканинг улгуржи бозори

БИРДАНИГА 16 НАФАР ФУТБОЛЧИГА САРИҚ КАРТОЧКА!

Футбол тарихида яна бир ажиб ҳодисот рўй берди - Чехия чемпионати қуйи дивизиони (ҳаваскорлар лигаси) иштирокчиси - «Cокол» (Упоглава) футболчилари бирданига 16та сариқ карточка олишди - улгуржи харид. Қанақасига, нима улар ҳакамни дўппослашдими? Эҳтимол, қандайдир тўполон кўтаришгандир...? Йўқ, гап бошқа томонда.

Упоглаваликлар 4 ноябрь куни «Либочован Cокол»га қарши майдонга тушишди ва 55-дақиқага қадар рақибдан жавобсиз 6та гол қабул қилишди. 82-дақиқага келиб, Мартин Ближил камтарин жамоанинг биринчи жавоб голини урди ва барча футболчилар (захирадагилар ҳам) уни формани ечиш билан нишонлашди. Ҳакам эса қоида бўйича иш кўриб, жами 16 нафар футболчини бирма-бир сариқ карточка билан «мукофотлади». Энг эътиборли томони, орадан 4 дақиқа ўтиб, «Сокол» рақиб дарвозасини яна бир бора ишғол қилди. Хайриятки, бунисида бирор футболчи эгнидаги либосни ечишга жазм этгани йўқ. Акс ҳолда, қоидадон ҳакам ҳаммани майдондан четлаштирарди катта эҳтимол... Якунда «Сокол» 6:2 ҳисобида енгилди, лекин 16та сариқ карточка туфайли бир зумда танилди.

Маълум бўлишича, упоглаваликлар ўйин танаффусида ўзаро келишиб олишган экан. «Деярли барча ўйинларда гол уролмай, мағлубиятга учраяпмиз. Қисқаси, кийиниш хонасида кимдир агар лоақал 1та гол урсак, унинг шарафига футболкаларни ечиш таклифини ўртага ташлади. Бизда бунинг учун жарима йўқ, фақат ноўрин тарзда сариқ карточка олган футболчигина жамоани ичимлик билан меҳмон қилади», - дея Войтех Горки (жамоа футболчиси) сўзларини келтирди tn.nova.cz сайти.