Савия, маданият ва этикага қизил карточка

Савия, маданият ва этикага қизил карточка

Ламин Ямал «Барселона»ни яшнатди, Гарри Кейн «Бавария»ни баландлатди.

Икки пенальти ишлаган Алехандро Гарначо «МЮ»  мавқеини мустаҳкамлади, Арда Гюлер «Реал» жозибасига жозиба қўшди. Шукрки, ўзбегим ўғлонлари ҳам футбол майдонларида улардан кам эмасликларини исботлашмоқда.

Элдор ёққан евроаланга ёхуд олимпиячиларимизга нима бўляпти?

ОК-2023дан сўнг миллий жамоамиз «томорқа»сига роса тош ҳам отилди. Евроареналардаги оловли ўйинлар ва Суперлига стартида кузатилган қизғин учрашувлар ўша аламларни бир қадар босди. Айниқса, Элдор Шомуродов қайд этган «дубль»  барчани қувонтирмоқда. Хушхабарнинг қаноти бор - Элдорнинг етиши мушкулдек туюлган муддаога 7 дақиқада эришгани оғиздан оғизга кўчиб, мухлислар орасида жуда тез тарқалди. Ҳамюртимиз дадил босган қўш қадам «Кальяри»га ёқди ва Клаудио Раньери жамоаси ниҳоят, аутсайдерлар ҳудудидан узоқлашди. Агар Шомуродов шу шашт билан Қатарга борганидами, унинг қаршисида Акрам Афиф ҳам ип эшолмай қоларди эҳтимол! Майли, Элдор энди шу шашт-шижоатини ЖЧ-2026 саралаш босқичи ўйинларида баралла намоён этса, бас. Унга мундиалнинг ўзида ҳам шоу кўрсатиш насиб этсин, илоҳим! 

Умуман олганда, миллий жамоамиз аъзолари ўйинларида кўтарилиш кузатиляпти. Кўз тегмасин! Ана, Қатарда ўз имкониятини тўлиқ юзага чиқаролмаган Остон Ўрунов «Персеполис» муҳитига тез мослашди ва дебют голини нишонлади. Жалолиддин Машарипов эса Достон Турсуновнинг клубига қарши баҳсда «Истиқлол»га ғалаба келтирган ягона гол ҳаммуаллифига айланди. Жалолиддиннинг Теҳрон клуби билан тузган шартномасида кўрсатилган ҳуқуқлари ва қадр-қиммати учун курашаётгани таҳсинга сазовор. Ўйлаймизки, у ўзини бу борада ҳам профессионалларча тутади ва машғулотларда фаол иштирок этади. Шарт­нома билан боғлиқ муаммоларга эса соф юридик муносабатда бўлади. Сречко Катанец томонидан ОК-2023га жалб қилинмаган Азиз Ғаниев эса трансфер баҳоси бў­йича ўсишга эришди ва бу ҳол бош жамоамиз мураббийини ҳушёр торттирса, ажабмас! 

Миллий жамоамиз вакилларидан фарқли ўлароқ,  олимпиячиларимизнинг бўшашиброқ ҳаракатланишаётгани мухлисларни хавотирлантирмоқда. «Олимпик» Суперлиганинг дастлабки икки турида мағлубиятга учраганини тушуниш мумкиндир бир амаллаб. Чунки Темур Кападзе жамоаси асосий ижрочиларсиз ўйнамоқда ва моҳиятан ёмон таассурот қолдирмаяпти. Клуб ғалабага чанқоқ ва футболчилар майдонда иштиёқ билан тўп суришмоқда. Лекин апрель ойига белгиланган Осиё чемпионатида Париж-2024 йўлланмаси учун курашадиган олимпия жамоасининг асосий футболчилари ҳаракатларида негадир сусткашлик кўзга ташланмоқда. Дейлик, Улуғбек Ҳошимов «Сурхон»да ҳозирча ўзини кўрсатолмади. «Нефтчи»га ўтган Жасур Жалолиддинов ва Ҳусайн Норчаевда ҳам фаоллик сезилмаяпти. Руслан Жиянов эса «Навбаҳор» ўйинига дадил қўшилаётган бўлса-да, голга тортадаган вазиятлар яратолмаяпти. Аббос Файзуллаев РПЛнинг сўнгги турида захирадан туширилди, шунингдек, Умарали Раҳмоналиев ҳам. Нималар бўляпти ўзи? Олимпиячиларимиз нега гол уришолмаяпти? Ҳозиргача ўз ўйинлари билан мухлислар қалбида ишонч уйғотган йигитлар нега бирдан бундай аҳволга тушиб қолишди? Ахир узоқ кутилган ва футболимиз учун ўта муҳим ҳисобланган турнир тобора яқинлашмоқда. Анча вақт махсус тайёргарлик кўрилганига яраша олимпия термасининг асосий ижрочилари тезроқ уйғонишлари ва ўзларини қўлга олишлари шарт. Йўқ, миллий жамоамиз футболчиларининг Осиё кубогидан кейинги уй­ғонишларини «Энди нима кераги бор?» қабилида баҳоламаймиз асло. Зеро, Сречко Катанец шогирдларини ҳам олдинда ўта масъулиятли ўйинлар кутмоқда. Бироқ олимпия жамоаси айнан  март - апрель ойларида ўз сўзларини айтишлари ва Париж-2024 йўлланмасини расмийлаштиришлари талаб этилади. Акс ҳолда, Қатарда ўтадиган турнирдан кейинги уйғониш ва оловланишга нисбатан «Энди нима кераги бор?» дейишга мажбур бўламиз. Албатта, бундай воқеа юз беришини мутлақо истамаймиз!

Мухлис кўчада қолмасин

Мухлислар ташрифининг камлиги - пойтахт стадионларига хос доимий манзара. Яхшики, Тошкентдек шаҳри азимда ризқ-насиба топишни мақсад қилганлар кўп. Ана ўшаларнинг бир гуруҳи пул топиш билан боғлиқ вақтини қизғонса-да, футбол томоша қилиш иштиёқи қизғониш туйғусидан устун келиб, «Пахтакор» - «Насаф» ўйинига шошилди. Бироқ мухлислар стадионга боришса, чипта қиммат. Маъруфхон Тошкандийнинг айтишича, 50-100 минг сўм атрофида. 

Аранг тирикчилик ўтказаётган ва топган пулини оиласига жўнатишни истайдиган ишчи-мухлислар учун бу сумма анча баланд. «Навбаҳор» - ОКМК ўйини учун чиқарилган чипталар 20 минг сўмдан сотилганини ҳисобга олсак, мутасаддилар «Пахтакор» - «Насаф» қарама-қаршилигига катта баҳо бериб юборишгани ва шундан келиб чиқиб, нарх белгилашгани ойдинлашади. Энг қизиғи, чипта суммаси баландлигини билишгач ҳам, мухлислар стадион атрофидан узоқлашишмади ва танаффусдан сўнг ичрагига қўйиб юборишларини кутишди. Афсуски, мухлисларнинг умидлари чиппакка чиқди. Ўриндиқлар бўм-бўш бўлса-да, мутасаддилар иккинчи бўлим бошлангандан кейин ҳам уларни стадионга киритишни исташмади. Назаримизда, мухлислар бунга ўрганиб қолишларидан чўчишди, шекилли. Пойтахт стадионлари хоҳловчиларни ўз бағрига  сиғдиролмаётган бўлганида эди, мутасаддилар қарорини маъқуллардик балки. Улар «Стадионга келган мухлисларга 50 минг сўмдан тарқатамиз!» - қабилида эълон бериб кўришсинчи, «Пахтакор», «Бунёдкор», «Локомотив» стадионлари тўлиб-тошиб кетармикан?! Ҳозирги ҳолатда шундай ҳотамтойлик ҳам наф бермайдигандек кўринмоқда. Шундай экан, иккинчи бўлимда  бўлсада, футболни бепул томоша қилишни истаган мухлис йўлини тўсишдан нима наф?! Ундан кўра, йўлни очинг, тўсиқларни олиб ташланг, жаноблар!

Ҳазилнинг таги -  «қизил»

Доно халқимиз бисотидан ажойиб мақол: «Ҳазилнинг таги - зил». «Андижон» - «Бунёдкор» ўйинида эса бу мақолга «тузатиш» киритилди. Яъни ўйин чоғи ҳазилнинг таги «қизил» бўлди. Ўша лавҳада Азиз Асимов «Бунёдкор» вакили Усмонали Исмоналиевни айбдор кўрди. Бир мухлис учун бу вазиятдаги айбдор - Фарҳод Бекмуродов, бошқаси учун - Муҳаммадкарим Тои­ров. Хўш, биз кимни асосий айбдор сифатида кўрсатамиз? Футбол қонун-қоидаларини бир четга суриб айтамизки, ўша вазиятда ҳеч ким айбдор эмас аслида. На ҳакам ва на футболчилар. Асосий айбдор - савия, маданият, этика! Фикримизча, ҳакам салобати ва савияси шу даражада юксак бўлиши керакки, унинг мақоми қаршисида футболчилар эҳтиром билан бош эгишсин. Ўзларига ортиқча эрк беришмасин. Майдонда футболчи оёғини кўтариш даражасида ҳазиллашишга ботиняптими, жамоадоши ҳеч бир истиҳола қилмай, майнавозчиликни давом эттиряптими, демак, уларда ўйинни бошқараётган ҳакамга нисбатан ҳурмат туйғуси йўқ. Азиз Асимовнинг ўзи ҳам буни вақтида тушунди чоғи, жаҳл устида Усмонали Исмоналиевни қизил карточка билан «сийлади». У футбол қоидалари нуқтаи назаридан тўғри йўл тутгандир. Аммо учрашувни оқилона бошқариш жиҳатидан бу қарори ўзини оқламади. Яъни реферининг жаҳли ўйинни бузди. 

«Навбаҳор»нинг бирор футболчисини ўз жамоасида кўришни истамаслигини очиқ-ошкора айтган Миржалол Қосимов том маънода профессионаллиги билан яна бир бора мухлислар эътиборини қозонди. Агар у «Навбаҳор»­нинг қайсидир вакилини тилга олганида ва бунга ҳатто ҳазил сифатида қаралса ҳам, мураббийлик этикасига путур етарди. Азиз Асимов айнан шу этика масаласида адашди. Унинг қизил карточка кўрсатиши тўғри қарор эканлиги ўз йўлига, ҳамма гап мураккаб вазиятдан оқилона чиқиб кетишда. Муборак Рамазон ойи арафасида мухлислар кўз ўнгида 3 нафар футболчи ўзини бундай тутиши эса ҳеч бир қуйишқонга сиғмайди. Азиз Асимов уларга шуни тушунтириб, дашном берганида, ишончимиз комил, мухлислардан  олқиш оларди. Ҳар ҳолда, ўша вазиятда қизил карточка ортиқча эди! Ўзаро яқин футболчиларга ҳазил ярашади. Фақат бундай ҳазил-ҳузул кўпчилик нигоҳидан нарида, майдон ташқарисида бўлгани яхши! 

Хулоса

Мулоҳазаларимизни якшанба оқшомида якунлаяпмиз. Ҳар доимгидек, душанба куни бўладиган учрашув қандай натижа билан тугаши бизни  кўпроқ қизиқтирмоқда. Агар «Қизилқум» ғалаба қозонса, «Нефтчи» билан тенглашади ва 4 очколиларга турнир жадвали юқорисидан қарайди! Мабодо шундай бўлса, 6 очко тўплашга аҳд қилганларнинг роса ичлари қизирди-а?! Моҳи Рамазон муборак, азизлар!

Муҳаммад ВАЛИ