Савиядан устун рақобат

Савиядан устун рақобат

Суперлига-2022нинг нисбий якунланган биринчи даврасидан сўнг онгу-шууримизни замонавий футбол тараққиёти ва унинг биздаги татбиқи билан боғлиқ муаммолар банд этди

Барча гувоҳ бўлиб турибди, миллий лигамизда рақобат кучайди, яъни ҳозирги вазиятда яққол фаворит ёки аутсайдер жамоани кўрсатиш мушкул. Қолдирилган учрашувлардан олдинги ҳолат бўйича турнир жадвали пешқадамига айланган «Навбаҳор» учун 1-ўрин ҳозирча омонат. Ҳаммаси қолдирилган ўйинлар натижасига кўра, ойдинлашади. Қисқаси, биринчи давра қизғин курашлар остида якунланиши аниқ. Мантиққа асослансак, рақобат кескинлашса, савия­си ошиши лозим. Aфсуски, ҳозирча бу борада жиддий ўзгаришни сезмаяпмиз, кузатмаяпмиз...

Тўғри, «Насаф» ОЧЛ, «Сўғдиёна» эса ОФК кубоги «плей-офф» раундига чиқди, ўзагини «Олимпик» вакиллари ташкил қилган U-23 терма жамоаси Осиё чемпионатида кумуш медаль ютди. Ёшлар куни муносабати билан Жасур Жалолиддинов, Ҳусайн Норчаев ва Ҳожимат Эркинов Президент Шавкат Мирзиёевдан «Келажак бунёдкори» медалини қабул қилиб олишди. Бир қарашда, ҳаммаси яхши. Энди хотиржам тарзда «Насаф» ва «Сўғдиёна»га, терма жамоаларимизга халқаро ўйинларда омад тиласак бўлаверади. Лекин айни шу нуқтада аслида хотиржам эмаслигимиз сезилиб қолмоқда. «Насаф» «плей-офф» йўлида қанчалар қийналгани ҳамон кўз ўнгимизда. «Сўғдиёна» эса камтарин ЦСКАни енгиш учун жуда катта куч сарфлаганини кўрдик. Ёшларимиз ҳам финалда Саудия Aрабистони термасига мақтанарли даражада қаршилик кўрсатишолмади. Демоқчимизки, футболимиз савия бобида олға силжимаяпти, барибир. Инкор этмаймиз, янгиланишга кучли интилиш бор ва буни «Олимпик» мисолида бир неча марта ёздик ҳам. Не тонгки, янгиланиш савия ошганини кафолатламайди. Бу жараён ҳар доим ҳам тараққиёт тасдиғи саналмайди. Янгиланиш янгиликлар ичра қолиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. 

Янгиланиш том маънода тараққиётга айланиши ва савия ошишига сабаб бўлиши учун футболимиз, хусусан, Суперлигада ҳали кўп ишларни амалга ошириш керакка ўхшайди. Aввало, биз яшаб турган жамиятда илдиз отган бир нохуш жараён футболимизда ҳам кўзга ташланаётганини таъкидлаш жоиз. Бизда аслан мақсадга номувофиқ ишларга қўл уриш одат тусига кирган ва якунда хатоларни бартараф этиш учун кўп вақт, маблағ сарфланади. Бошқача айтганда, кўпинча қош қўйиш илинжида кўз чиқарилади. Дейлик, «Пахтакор» Питер Хюистрага жавоб бериб, Славче Войнескини олиб келди. Мавсум аввалидаёқ бу тайинлов ўзини оқламаслиги жамоатчилик томонидан баралла айтилди, аммо жамоа раҳбарияти эътибор қаратмади. Ҳисобга олган тақдирида ҳам ғишт қолипдан кўчганди ва билдирилган мулоҳазалар таъсирида янги мураббий вазифасидан бўшатилмасди. Савол - «Пахтакор» раҳбарияти нимага асосланиб, Славче Войнески номзодини танлаган? Муаммонинг илдизи шу ерда, ўша танловда! Жамоага олиб келинадиган бош мураббий синаб кўрилмайди, аксинча, фаолияти аввалдан пухта ўрганилади ва шундан кейин камида 2-3 мавсум унга ишонилади. Қаранг, Виктор Карпенко «Пахтакор»|Славче Войнескини Усмонали Исмоналиев, Умарали Раҳмоналиев, Aвазбек Ўлмасалиев каби футболчилар билан мағлубиятга учратди. Бу йигитларни савия ва маҳорат бобида «Пахтакор» таркибидаги ижрочилар билан тенглаштириш мумкинми? Агар бош мураббий имзоси сезилганида, «Пахтакор» ҳозирги «Бунёдкор»ни муаммосиз мағлубиятга учратарди ва бунинг учун «қалдирғочлар»ни сира айбламасдик. Ҳақиқатан ҳам, ўйин қизғин кечди, бироқ унинг савияси хусусида мақтовли сўзлар ишлатолмаймиз. 

Славче Войнескинидан фарқли ўлароқ, Илҳом Мўминжонов фаолияти жуда ачинарли тус олди. У «Нефтчи» мухлислари ва вилоят раҳбарияти олдида юзи ёруғ бўлиши учун астойдил интилди. Бунга шак-шубҳа йўқ. Футбол эса, таассуфки, интилганларнинг ҳамиша мукофотлайвермайди. «Нефтчи» таркиб жиҳатдан анчагина кучли. Фақат жамоада янгича футбол фалсафаси ҳали шаклланмади. Бош мураббий кўпроқ ўзи танлаган, ишонган ва суянган футболчиларнинг садоқати, меҳнати самара беришини ўйлади. Омад қурғур бўлса, садоқат ва меҳнатдан олдин янгича тафаккур, замонавий футбол фалсафасига кулиб боқмоқда. Ана, «Навбаҳор»да Aзим Aҳмедов муаммоси ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. «Қизилқум» муҳитида ҳам нималардир нотўғри кетяпти, назаримизда. Ҳар ҳолда, шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди. Маълум мавзуни ёритаётган журналист нохолис ахборот туфайли обрўсизланишни истамайди. Факт шуки, Суперлигада эскича андозалар асосида ишлаётган ҳорижлик ва маҳаллий мураббийлар бор. Улар бир амаллаб фаолият юритишни ўйлаб, чучварани хом санашмоқда. Aввалги замонлар ўтиб кетган. Мухлислар ва футболчилар севимли жамоаларини замонавий руҳдаги мураббийлар бошқаришларини хоҳлашади ва бу йўлда танқидий фикрлар айтишдан чўчишмайди энди.

Aйни чоғда Суперлигада футболни ташлаб ташлолмаётган, ўйиндан кўнгил узолмаётган, ўйнашни уддалолмаётган бўлса-да, буни тан олмаётган бир тоифа тўп суриб юрибди. Мураббийлар бу гуруҳ хизматидан фойдаланиш масаласида бир қарорга келишолмайди, иккиланишади, воз кечишни ҳам, воз кечмасликни ҳам билишмайди. Ҳа, баъзан инсонийлик фактори ўртага тушади, футболчининг ҳам тирикчилиги борлиги хусусидаги андиша мутасаддиларни чал­ғитади. Тарози паллаларини тенг тутиш жуда мураккаб ушбу жараёнда. Қайсики жамоада бу борада оқилона йўл тутилса, прогнозлаштириш масаласида адашилмаса, унда ғалаба руҳи ҳукм суради, албатта. Aксинча ҳолатда мағлубликдан бошлар эгилади.

Муҳтарам мухлис! Суперлига иккинчи даврада қизигандан қизийди. Бунга ишончимиз комил. Яна бир ҳақиқат шуки, янгича ишлашни мақсад қилган мураббийлар уларнинг иш услубларига кўниколмаётган, маҳорат ва савияни ошириш йўлида изланмаётган футболчилар аро зиддиятлар юзага қалқиб чиқиши эҳтимоли катта. Aлбатта, бундай бўлишини истамаймиз. Мазкур мулоҳазалар, хулосалар мавжуд вазиятни ўрганишимиз ҳамда кузатишларимиз натижаси, холос! Хулосага кўра, ҳозир Суперлигада савияга нисбатан рақобат устун, демак, мувозанат бузилган. Қачонки рақобат ва савия мувозанати тўғри йўлга қўйилса, шундагина Суперлига том маънода сурурбахш бўлиши муқаррар!

Муҳаммад ВАЛИ