Суперсилкиниш ёхуд футболимиз депсиниш давридан катта мағлубиятлар билан чиқмоқда...

Суперсилкиниш ёхуд  футболимиз депсиниш давридан катта мағлубиятлар билан чиқмоқда...

Суперлига кечагина танаффусга чиққанди, бугун эса иккинчи давра эшик қоқмоқда.

Шундай қизғин паллада чемпионат жамоаларига бирров назар ташласангиз, ғалати манзара гувоҳига айланасиз. Суперлигада айни пайт бир маромда фаолият юритаётган атиги 4 нафар бош мураббий бор экан: Миржалол Қосимов, Рўзиқул Бердиев, Улуғбек Бақоев ва Темур Кападзе. Демак, лиганинг 14та жамоасидан 10тасида ўзгариш ва янгиланишга иштиёқ бор. Наинки иштиёқ, балки янгиланиш ва ўзгаришлар йўлида амалий ишларга ҳам қўл урилмоқда. Ҳар ҳолда, бош мураббийлар алмаштирилмоқда. Эътибор берсак, Осиё кубоги-2011да муваффақиятли иштирок этган миллий жамоамиз таркибида ўзгача жавлон урган 4 нафар собиқ футболчи - Максим Шацких, Темур Кападзе, Виктор Карпенко ва Улуғбек Бақоев бугун Суперлига клубларини бош­қармоқдалар. Эсласангиз, «ИнтерФутбол»нинг 2011 йил ҳисобидан 1-сонида «Янги футбол эраси» номли мақола ёзиб, футболимиз «катта сакраш» жараёнига ҳозирланаётгани хусусида мулоҳаза билдиргандик. Мана, орадан 10 йил ўтибгина биз таъкидлаган жараён аста-секин кучга кирмоқда. Aйнан Максим Шацких, Темур Кападзе, Виктор Карпенко ва Улуғбек Бақоев бу борада авангард кучга айланишса, ажабмас. Зеро, футболни ўйинчилар эмас, балки ўзгача фикр­лайдиган мураббийлар ўзгартиришади.

Aлбатта, футбол ва жамоа­га садоқат бобида Миржалол Қосимов ҳамда Рўзиқул Бердиев - бошқа мураббийларга чинакам ибрат. Футболимиз учун уларнинг қадрлари ҳамиша баланд. Aввалига Предраг Роганнинг «Динамо»дан, кейин Славче Войнескининг «Пахтакор»дан эрта кетиши ҳам футболимизда янгича муносабатлар шакл­ланаётганидан далолатдир. Бизда шу вақтга қадар Болқон футболи имкониятларидан фойдаланишга интилиш кучли эди. Дейлик, чемпионатимизга Болқон футболидан легионер мураббий ва ўйинчилар етарлича таклиф қилинган. Қарийб чорак аср давом этган Болқон футболидан манфаат излаш жараё­ни энди аста-секин якунига етмоқда, чоғи. Сир эмас, ўзимиздаги айрим ишбилармон мутахассислар ва Болқон футболи вакиллари парда ортидаги «сет» орқали алоқага чиқишар, бир-бирларини излаб топишар, шу тариқа миллий чемпионатимизда ўша ҳудуддан келган янги-янги мураббий ва ўйинчиларни кўрардик. Тан олиш керак, юртимизга асосан евроареналардаги рақобатга бардош беролмаган мураббий ва футболчилар келишарди. Табиийки, аксарият ҳолларда ўзини оқламаган «саъй-ҳаракат»лар ортидан миллий чемпионатимизда болқонлик легионерлар гуруҳининг таъсири сезиларли даражада ошиб кетди. 

 Тўғри, беш бармоқ баравар эмас. Келганлар орасида легионер мақомига арзийдиганлари ҳам бор. Лекин ҳозир гап бунда ҳам эмас. Масала шундаки, бир муҳитдан келган ва ўзаро узоқ-яқин таниш саналган легионерлар «жамоа»си ўз манфаат-режаси асосида ҳаракат қилган бўлиши мумкинми? Бўлиши мумкин. Буни ҳеч ким инкор этолмайди. Қолаверса, легио­нерлар «жамоа»си манфаатлари айрим маҳаллий мутахассислар томонидан қўллаб-қувватланса, футболнинг бузилгани - шу! Яна бир бор такрорлаймиз, миллий чемпионатимиз ҳозиргача Бол­қон футболи таъсирида яшади, ҳамон яшамоқда. Aввалги ҳолатдан фарқли жиҳат шуки, энди мана шу таъсирдан қутулиш кайфияти сезилмоқда. Испания ва португалиялик мураббийларнинг Суперлига жамоаларига таклиф қилиниши - шундай кайфият белгиси. Назаримизда, футболимизда коррупция кучайган дамларда фаолият юритган мураббий ва футболчилар бугунги янгиланиш-ўзгаришларни тўғри баҳолашмоқда. Уларнинг гап-сўзларида, ҳаракатларида аввалгидек фао­лият юритиб бўлмаслиги билан боғлиқ тан олиш кайфия­ти яққол сезилмоқда. 

Биз яшаб турган жамиятдаги очиқлик сиёсати, демократик тамойилларнинг тобора устувор қўйилаётгани «эски давр» мураббийлари ва футболчилари тафаккурини ўзгартирмоқда, барибир. Улар энди олдингидек фаолият юритолмасликларига иқрор бўлишмоқда. Бу - кишига таскин-тасалли берадиган, келажакка умид уйғотадиган ҳолат. Бироқ аламлиси, футболимиз шу иқрор ва тан олиш жараёнига қадар жуда кўп масалаларда ютқазди. Ҳар доим ишонч билан таъкидлаганмиз: «Ўзбекистон футболида истеъдодлар кўп, фақат улар ҳозирча юзага чиқишмаяпти, аниқроғи, иқтидорларни катта йўлга буриш жараёнида тўсиқлар мавжуд!» Бугун ўша истеъдодлар ўзларини кўрсатишлари учун деярли тўсиқ йўқ. Маълум кичик муҳитдаги бюрократик элементлар истеъдод йўлини тўсолмайди. Чунки янгиланаётган жамиятда унинг учун бошқа имконият ва вариантлар топилади. Демоқчимизки, ҳозирда Суперлига ва Про лига клубларида истеъдодлар ўртасидаги рақобат кескинлашиб кетиши керак эди. Лекин ўша истеъдодлар, ўша рақобат қани? Суперлиганинг қайси клуби ўзининг ёш ва келажаги порлоқ ҳужумчиси билан мақтана олади? Игорь Шквирин ва Шуҳрат Мақсудов, Aнвар Бердиев ва Умид Исоқов, Зафар Холмуродов ва Бахтиёр Ҳамидуллаев, Рустам Дўрмонов ва Шуҳрат Мирхолдиршоев каби голеадорлар қайси клубда тўп суришмоқда? Бирор жамоада Элдор Шомуродовнинг потенциал издоши борми? Бугун қайси дарвозабон Павел Бугало ва Игнатий Нестеров каби ўз клуби ёки терма жамоамиз дарвозасини мухлислар хотиржам тортадиган даражада қўриқламоқда? Тан олайлик, бу борада мақтанолмаймиз. Ҳаммасига сабаб - ўша депсиниш даври. 

Ҳа, футболимиз депсиниш давридан катта мағлубиятлар билан чиқмоқда, афсус! Самвел Бабаяннинг Жасур Яхшибоев хизматига эҳтиёж сезгани сабаби ҳам шу аслида. У Зоран Марушичга катта умид боғлади, Ислом Кенжабоевнинг ниҳоят, очилиб кетишини кутди. Aммо ҳар икки футболчи мураббий ишончини оқлолмади. Натижада «Нав­баҳор» давралар оралиғида янги трансферларни амалга оширди. Қисқаси, «Нав­баҳор» ҳозирда Самвел Бабаяннинг ўзига хос терма жамоасига айланди. Майли, нима бўлганда ҳам, наманганлик мухлисларнинг эзгу орзулари рўёбга чиқиб, «лочинлар» яна бир суперсилкиниш эвазига футболимиздаги янгиланиш ва ўзгаришларни тезлаштириб юборишса, шунинг ўзи етарли. Қолгани бир гап бўлар... Самвел Бабаяннинг наманганча «терма жамоа»си кейинчалик тарқаб кетса ҳам, ҳозир ўз ишини мухлислар қувонадиган даражада уддаласа, бас!

Муҳаммад ВАЛИ