Бир пайтлар дунёнинг энг қимматбаҳо футболчиси ва ўз позициясида тенгсиз бўлган ўйинчини Роналдиньодек афсона «Олтин тўп»нинг бўлажак соҳиби сифатида таърифлаганди.
2016 йилда Поль «МЮ»га ўтганида, «Орзулар театри» унга ўз салоҳиятини юзага чиқариш имкониятини берди. Якунда футболчи ўзининг бедаво қилиқлари қурбонига айланди. 30 ёшли хавбекнинг фаолияти жароҳат ва интизомсизлиги оқибатида 4 йилга дисквалификация билан жазоланганини инобатга олсак, аввалги юксак савиясини тиклай олишига ишониш мушкул.
Погбанинг ҳозирги ҳолатини мукаммал ифодалай оладиган ягона ибора - афсус. Ўта ноёб иқтидор соҳибларидан бири энди юксак савияда тўп сура олмайди. Сурган тақдирда ҳам, барибир, илк йилларда «Ювентус» ёки Франция терма жамоасида намойиш этган тенги йўқ ўйинни кўрсата олмайди.
Бундан ташқари, Туриндагилар ҳозир енгил нафас оладиган бўлиб қолишгани ҳам бор гап. Чунки Полнинг допингга қарши тести натижалари маълум бўлишидан аввал ҳам юксак савияда ўйнай олмаслиги, молиявий қийинчиликка дуч келган клуб бу «тирик товон»га катта маош бериш заруратидан фориғ бўлганлиги ойдинлашиб қолганди.
2022 йил ёзида «Ювентус» эркин агент мақомида келган Погбани мамнуният билан кутиб олган, хавбек эса «Олд Траффорд»даги ўртамиёна иштирокидан кейин ҳаммасини қайтадан бошлаш имкониятига эга бўлганди. Бироқ амалда унинг ташрифи топ-мақомдаги сўнгги босқич бўлиб қолди.
ЖЧ-2022да қатнашиш имкониятини йўқотмаслик умидида тиззасидаги жароҳатдан фориғ қилиши мумкин бўлган жарроҳлик муолажасидан воз кечганди. Ана шу нотўғри қарор туфайли Поль саломатлигини тиклай олмади - «консерватив терапия» муолажаси самара бермади.супераген
«Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри ҳафсаласи пир бўлганига қарамай, Погбани қўллаб-қувватлашда давом этди. Мухлислар ҳам хавбекдан норози эдилар. Шу йўсинда Поль Туриндаги иккинчи дебютини нишонлай олмади. Устига-устак, тоғ-чанғи сиҳатгоҳидаги суратини ижтимоий тармоққа жойлаш билан туринликларга нисбатан ҳурматсизлик намойиш этди.
Алекс Фергюсон эса Погбанинг 2012 йилда «МЮ» тарк этиш чоғидаги қилиғидан дарғазаб бўлганди. Бунга суперагент Мино Райола ҳам қисман сабабчи бўлганди. Аслида, сэр Алекс бундан аввал ҳам Минони хуш кўрмасди.
Маълумки, шотландиялик мутахассис «МЮ»да футболчиларга оталарча муносабатда билан ҳурмат қозонган. Лекин у ихтиёрида эркин агент мақомидаги ўта ноёб иқтидор соҳиби бор Райола билан тил топиша олмади. шу тариқа Минода ўз мижозини янада қимматроқ баҳода сотиш имконияти пайдо бўлганди. Кейин сэр Алекс Погбани ҳурматсизликда айблади. Бироқ Поль табиатан тарбиясиз йигит бўлгани сабабли, бунга эътибор бермади. Чунки у «Торси» ва «Гавр» клубларини ҳам бунданда баттарроқ вазиятда тарк этганди.
Албатта, навқирон футболчининг бошқа номдор жамоада ўйнаш истаги ёмонлик аломати эмас. Франциялик иқтидорнинг хатоси «МЮ»ни тарк этганида эмас, балки ўта бевақт қайтиб келганида эди. Эҳтимол, айнан унинг ўзи учун бу тўғри йўлдек туюлгандир. Бироқ ўша паллада у «Юве» ташлаб кетмаслиги керак эди. Жамоа шиддатли парвозни давом эттираётган, 2017 йилдаги ЕЧЛ турнирида финалга чиққанди. Ана шу ҳал қилувчи баҳсда «Реал»га имкониятни бой берди. Ким билади, дейсиз, ўша ўйинда юксак савиядаги Погба ҳам «кекса синьора» таркибида бўлганида, нуфузли соврин туринликларга насиб этармиди?
Поль «МЮ»га Моуриньо даврида қайтди. Португалиялик мураббий уни яхши кутиб олган бўлсада, 2018 йилда улар ўртасидаги муносабат ёмонлашиб кетди ва Моунинг истеъфосига сабаб бўлди. Моуриньо ўрнини эгаллаган Уле-Гуннар Сульшер нисбатан тажрибасиз мураббий бўлсада, Погбанинг салоҳияти кечикиб бўлсада юзага чиқадигандек туюлганди. Бироқ футболчи ҳам, агенти ҳам клубни ҳурмат қилиш ўрнига, бошқа трансферлар хусусида бош қотиришди.
Манчестерликлар учун энг ачинарли жиҳати шундаки, клуб тарихидаги энг қимматбаҳо футболчи (105 млн. евро) на майдонда, на унинг ташқарисида сариқ чақалик манфаат келтира олди. Чунки унинг трансфер қиймати тобора пасайиб кетаётганди. Погба энди фақат ижтимоий тармоқларда юлдуз мақомини сақлаб қолганди. У ҳатто яхши спорт формасида бўлган даврида ҳам Франция терма жамоасида порлаган юлдузнинг нусхасига ҳам ўхшамасди.
Бир пайтлар Роналдиньо Погбани ҳар қандай жамоада ёрқин ўйин кўрсата оладиган тенги йўқ иқтидорга қиёслаб, «Олтин тўп» соҳиби бўлишини тахмин қилганди. Вақт эса бундай эмаслигини исботлади. Франция терма жамоасида Поль Н~Голо Канте каби иқтидорлар ёнида тўп сурарди. «Олд Траффорд»да бундай кўмакчилар йўқ, ўзи эса бутун бир ярим ҳимоя чизиғини бошқара олмасди. Унинг етакчи эмаслиги ойдинлашгач, ҳамма ундан юз ўгира бошлади. Жумладан, мухлислар ҳам у «МЮ»ни тарк этишидан анча аввал «туёғингни шиқиллат» қабилидаги шиорларни ёғдира бошлагандилар.
Погба учун ўта оғриқли зарбалардан яна бири шуки, унинг «МЮ»даги шартнома муддати ниҳоясига етганидан кейин «Ювентус»дан ташқари, бирон-бир Европа клубидан қўнғироқ бўлмади. Текинга келадиган футболчи билан ҳамкорлик қиладиган мард топилмади. 2022 йил декабрида «кекса синьора» жароҳатларга мойил бўлиб қолган француз шартномасини қайтадан кўриб чиқиши ҳақида гап-сўзлар бўлганди. Кейин Аллегри жамоа учрашувига кеч келган хавбекни ЕЛ доирасидаги «Фрайбург»га қарши беллашув заявкасига киритмади.
Шундан кейин футболчидаги ҳамдардлик ҳисси ўз ўрнини умидсизликка бўшатиб берди. Погба профессионал футбол талабларига жисмонан ва руҳан жавоб бера олмайдигандек кўрина бошлади. «Танқидчиларни оғизларини юмишга мажбур қиламан. Улар мени ёмонласаларда, ҳеч қачон таслим бўлмайман. Мен заиф эмаслигимни уларга кўрсатиб қўйишни истайман», - деганди Поль «Ал-Жазира» телеканалига берган интервьюсида. Эртасига франциялик футболчи допингга қарши тестдан ўта олмагани эълон қилинди. Эҳтимол, бу Погбанинг профессионал футболчи мақомидаги сўнгги эътирофидир.
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади