Тафсилот: Эҳ, бу миллиметрлар...

Тафсилот: Эҳ, бу миллиметрлар...

Янги Зеландияда давом этаётган аёллар ўртасидаги ЖЧ-2023 яна бир фаворит жамоадан айрилганди...

Бразилия ва Германия термалари ортидан амалдаги чемпион - АҚШ жамоаси ҳам турнир билан хайрлашди, қандайдир миллиметрлар туфайли. ФИФА рейтингини бош-қариб бораётган америкаликлар 1|8 финалда Швеция термасига пенальтилар серияси бўйича ютқазиб қўйдилар. Эътиборлиси, АҚШ термаси аёллар мундиалида 2011 йилдан буён ўйиннинг асосий вақтида бирор марта мағлубиятга учраган эмас. Америкаликлар бунга қадар финалдан кейинги пенальтилар сериясида омадсизликка учрашганди, энди эса чорак финалга ҳам чиқишолмади...

ЖЧ-2023 1|8 финалидан ўрин олган Швеция - АҚШ ўйинининг асосий ва қўшимча бўлимларида скандинавияликлар дарвозасини қўриқлаган «Челси» кипери Зечира Мушович мутлақ қаҳрамонга айланди. У бутун 120 дақиқа давомида шведларни қутқаришдан бўшагани йўқ. Дейлик, АҚШ термаси футболчилари томонидан йўлланган 21та зарбадан 11таси дарвозага аниқ борди, аммо гол йўқ - 0:0. Пенальтилар сериясида эса Зечира бирорта «сейв» кўрсатолмади, фақат афсонавий Меган Рапино ва Келли О~Харанинг зарбалари ноаниқ чиқди. АҚШ термаси кипери Алисса Нихер эса 1та «дуэл»да устун келишдан ташқари, ўзи ҳам гол урди.

Якунда айнан Алисса қаҳрамонликни Зечирадан тортиб олиши ҳеч гап эмасди. У охирги пенальтида тўпни 2 марта «қайтарди». Яъни аввалига тўп йўналишини топди, бироқ зарба кучлилигиданми, у ерга сапчиб, яна дарвоза томон йўл олди. Нихер шунда жон ҳолатда ташланиб, тўпни чизиқ устидан қайтариб юборди. Четдан қараганда, бу тоза «сейв»дек кўринди, аммо ишга голни автоматик равишда аниқлаш тизими аралашди. Якунда рефери Стефани Фраппар гол бўлганини қайд этди - Швеция термаси чорак финалда. Маълум бўлишича, ҳаммасини қандайдир миллиметрлар ҳал қилган. Шу тариқа АҚШ термаси аёллар мундиалида кетма-кет 3 марта чемпионликка эришган биринчи жамоа бўлиш имкониятини қўлдан чиқарди. Қолаверса, америкаликлар тарихда илк марта ЖЧни медалсиз якунлашди.

Муносабат

- АҚШ аёллар жамоасининг ЖЧдаги ҳайратланарли ва мутлақо кутилмаган мағлубияти ёлғончи буюк халқимиз билан Жо Байден бошчилигида нималар содир бўлаётганини англатади. Кўплаб футболчиларимиз Америкага очиқдан-очиқ душманлик муносабатидалар. Уйғониш даври муваффақиятсизликка учраганга ўхшайди... Дональд Трамп (АҚШ собиқ президенти).