Тақдир: Гиёҳвандлик, қамоқ, Англия кубоги...

Тақдир: Гиёҳвандлик, қамоқ, Англия кубоги...

«Арсенал» академия­сидан қамоққача - Англия кубоги қаҳрамонига айланган Бешинчи лига вакилининг ғаройиб саргузашти.

Англия кубоги турнири - бу нафақат доимий қизиқарли ва муросасиз ўйинлар, балки ақлга сиғмас тақдир ва тарихлар туғёни. Шу маънода бу мусобақа рейтингига юқори баҳо бериш шарт. Мана, Харви Эллиотнинг отаси ўғли «Ливерпул»даги дебют голини ургач, қувонч ёшларини тиёлмади, «Кристал Пэлас» футболчилари эса рақиб жамоа бош мураббийига оғир хасталикка чалинган рафиқасини даволатиши учун моддий ёрдам кўрсатишди. Бу каби ҳодисотлар энг тошбағир инсонни ҳам таъсирлантиришига шубҳа йўқ. Қуйидаги “ҳикоя” Англия кубоги 5-раунди (1/8 финал)га кўтарилган Бешинчи дивизион (!) иштирокчиси «Борэм» қаҳрамонларидан бири Эдриан Клифтоннинг оғир тақдири ҳақида. Тарихида профессионал даражани кўрмаган ушбу клуб 1/16 финалда «Борнмут» (якунда АПЛга кўтарилди)ни маҳв этди - 1:0. «Борэм»нинг 33 ёшли ярим ҳимоячиси эса турнирнинг 2 ва 3-босқичларида захирадан майдонга тушиб, жамоасига ўта муҳим голларни тортиқ этди.

*** 

«Арсенал» академиясидан ҳайдалиш ва гиёҳвандга айланиш...  Лондоннинг шимоли-шарқидаги энг нотинч туманлардан бири Хакнида туғилган Эдриан Клифтон 11 ёшида «Арсенал» академиясига қабул қилинди, аммо 4 йиллик таҳсилдан кейин даргоҳдан четлатилди. «Арсе­нал»да Дермот Драмми қўл остида шуғулландим. Мураббийимиз Хакнида истиқомат қилиб кўргани боисми, мени ҳамиша огоҳлантириб турарди: «Келажагингни ўйласанг, кўча безориларидан узоқ юр». Чунончи, у носоғлом турмуш тарзига мойиллигимни яхши биларди. Ахир Хакнида улғайганман...», - дея хотирлайди Эдриан «Арсенал» тизимидаги даврни. Айтиш ўринли, Дермот Драмми туманли ўлкада ном қозонган ёшлар мураббийларидан бири эди. У «Арсенал»дан кетгач, узоқ вақт «Челси»да ишлади ва 2017 йили ўз жонига қасд қилди. Клифтон эса 2004 йили «Арсенал» академиясидан бадарға бўлди ва кейингисида қамоқхонага тушди. Умуман, Эдриан ҳаёти давомида нақ 3 марта маҳбус мақомини олди. «Борэм» футболчисини охирги марта ўткир гиёҳванд моддаларни сақлагани учун жазога тортишганди. Қарангки, шу нохуш вазиятда Эдрианга омад кулиб боқади. Яъни у 5 йиллик жазо муддатини ўтаётган колонияга «Панжара ортидаги футбол» телешоуси ташриф бую­ради. «Арсенал»нинг собиқ тўпурари Иан Райт олиб борадиган мазкур кўрсатувнинг бош мақсади - ёш маҳбусларни соғлом турмуш тарзига қайтариш. Хуллас, Райт 2 йил ичида «Арсенал» тарбияланувчисидан қамоқхона маҳбусига айланган Эдриан Клифтон билан юз берган воқеалардан қаттиқ таъсирланади. Шу тариқа футбол афсонаси унинг онаси билан учрашишга қарор қилади. «Мен учун ўғлимнинг қамоқхонада ўтиргани маъқулроқ. Лоақал унинг ишончли жойда эканлигидан ташвишланмайман. Ҳар ҳолда, ҳар доим ўғлим кимнидир ёки кимдир уни ўлдириб қўйиши мумкинлиги ҳақидаги қўрқинчли ўйлар билан яшашдан кўра, шуниси осонроқ. Яна Эдриан вафот этганим ҳақидаги хабарни эшитишини истамайман», - деганди муштипар она Райт билан суҳбатда.

Клифтон учун ҳам онасининг бундай гапларини эшитиш оғир эди. Асосийси, у Райт туфайли ижобий томонга ўзгара бошлади. Бунинг учун Эдрианни шунчаки, оддийгина қўллаб-қувватлаш етарли бўлди. Оғир қисмат эгаси ҳаётининг мураккаб дамлари ёнида отаси ҳам, ёши каттароқ маслаҳатгўй дўсти ҳам бўлмагани ҳақида нолигач, Райт энг керакли сўзларни топа олди: «Ўйлашимча, озодликка чиққанингдан ке­йин бемалол яна футболга қайтишинг мумкин». Ана шу далда кифоя қилди. «Шахсан Иан Райт савиямга юқори баҳо берди. Ҳаттоки, тасвирга олиш жараёнидан қайтаётганимда, елкамга қоқиб, миннатдорчилик билдирди. Шу ҳаракати менга ўзгача ишонч бағишлади. Кўплаб йигитлар ишонч йўқлигидан ўзларини қандай тутишни билмайдилар. Бу - болаликдан қолган иллат», - дея хотирлайди Клифтон.

Райт қамоқхонадаги маш­ғулотлар чоғи маҳбуслар билан самимий гаплашиб, уларга яқин кунларда ҳаммаси изга тушиб кетишини таъкидлар, келажакка умид уйғотишга уринарди. «Мураббийнинг асосий вазифаси шу. Ҳар куни жарангдор гаплар айтиши шарт эмас, шунчаки, шогирдлари ичига кириб бориши, уларни тушуниши ва самимий меҳр кўрсатиши зарур. Мураббий шундай бўлиши керакки, футболчи ундан истаган пайт ёрдам сўрай олсин», - дейди Иан.

Райт туфайли футболга қайтиш. «Арсенал» афсонаси академиянинг собиқ тарбияланувчисига фақат шоу доирасида кўмак бериш билан кифояланиб қолгани йўқ. Дейлик, Эдриан озодликка чиққач, шахсан ўзи уни «Уиком» кўригига олиб борди. Тўғри, Клифтон бир уринишда мураббийлар ишончини қозонолмади, муҳими, Хакнидан батамом кўчиб кетди. Аниқроғи, жиноятчилар ва гиёҳванд моддалар маконига қайтишни истамай, юк туширувчи сифатида ишга кирди, шунинг баробарида ҳаваскорлар жамоасида тўп сура бошлади. 2015 йилга келиб, Клифтон ЖЧ-2018 саралашида Монтсеррат (Буюк Британиянинг денгиз орти ҳудуди) терма жамоаси таркибида майдонга тушди. Ҳозирда «Борэм» вакили ҳисобида халқаро ареналарда ўтказилган 12та ўйин, 4тадан гол ва самарали узатма бор. Эдриан эндиликда газ тармоғи муҳандиси лавозимида ишламоқда, «Борэм» сафига эса ўтган йилнинг ёзида қўшилди. Мураббий фахрий футболчини асосан захирадан майдонга тушираётган бўлсада, унинг ҳаракатидан мамнун.

«Борэм»нинг Англия кубогидаги муваффақияти «Панжара ортидаги футбол» кўрсатувини ёдга олиш учун туртки вазифасини бажарди. Қолаверса, Клифтон жазо муддатини ўтаган қамоқхона «Борн­мут» стадионига яқин ҳудудда жойлашган. Хуллас, Иан ва Эдриан 1/16 финал раунди ўйини бошланиши арафасида ўзаро учрашиб, 10 йил аввал намойиш этилган шоу дастури видеоёзувини такроран томоша қилдилар. Кейин Райт ногаҳон Клифтонга жиддий оҳангда сўз қотди: «Эдриан, эшит, агар «Борнмут» дарвозасига гол урсанг, ТВдаги фаолиятимга нуқта қўяман. Шундай чиройли хотима истайман».

Тўғри, Эдрианга 1/8 финал раунди йўлида рақиб дарвозасини нишонга олиш насиб этмади. Муҳими, «Борэм» ўзидан анча кучли рақибни ягона гол эвазига енгиб, Англия кубоги-2021/2022нинг кучли 16та клуби қаторига қўшилди. Ҳа, шу билан Эдриан ва камтарин жамоанинг кубок сари юриши тўхтади - 1/8 финал баҳсида «Эвертон» бўш келмади ва иккинчи бўлимда 2та гол уриб, Бешинчи дивизион иштирокчиси олдига тўсиқ қўйди. Энг асосийси, фахрий футболчи 10 йил муқаддам уни яшил майдонга қайтишида яқиндан ёрдам берган ажойиб мураббий Иан Райт ҳаракати зое кетмаганини тўлиқ исботлади. Ажойиб тарих!

С.РАҲМОНОВ тайёрлади