«Вольфсбург»га қарши баҳсда дубль, «Килль»га қарши 2}2, «Бавария»га қарши 2}1!
Бундеслига доирасида Омар кутилганидан 3,9та кўпроқ гол урди - фаолиятида аввал қайд этилмаган фантастик кўрсаткич. Мармуш ҳозир ажойиб спорт формасида ёки тез орада унинг қулай вазиятлардан фойдалана олмаганига гувоҳ бўламиз. Айни паллада фақат Маркус Тюрам (4,4та кўпроқ) Омардан олдинда бормоқда. Бундай натижага Коул Палмер ҳам ҳавас қилади.
Ассистлар борасида ҳолат ўзгача: кутилгани 3,8, амалдагиси 4. Бу эса Омар кўплаб вазиятлар яратишини (фақат Рафинья ва Ламин Ямалда кўпроқ), жамоадошлари эса имкониятлардан унумли фойдаланишларини англатади.
Коло-Муани сотиб юборилмаганида, бундай бўлмаслиги мумкин эди
Мармуш «Айнтрахт»га бир йил аввал, эркин агент мақомида «Вольфсбург»дан ўтганди. 2017 йилда айнан шу жамоа 18 ёшли иқтидорни Мисрнинг «Вади Дегла» клубидан олиб келганди. Бироқ Омарнинг омади чопмади. У «Санкт-Паули» ва «Штутгарт»да ижара асосида тўп сурди, контрактнинг сўнгги йилида эса «бўрилар» сафида 5та гол ва 1та самарали узатмани расмийлаштирди. Камтарона кўрсаткич.
Ўтган йилдаги ёзги трансфер дарчасининг сўнгги кунида «Айнтрахт» Рандаль Коло-Муанини 95 млн. евро эвазига «ПСЖ»га сотиб юборганди. Бундеслиганинг 2022|23 йиллардаги гол}пас тизими бўйича етакчи ўйинчиси ҳозир Парижда азоб-уқубат чекмоқда. Келишув амалга ошмаслиги ҳам мумкин эди: «Айнтрахт» Коло-Муани ўрнини тўлдирадиган ўйинчи харид қилмаганди, лекин мўмай даромаддан воз кеча олмади.
Агар Рандаль жамоада қолганида, Мармуш худди «Вольфсбург»дагидек қанотга яқин ҳудудда ўйнаган бўларди. Бироқ у тўғридан-тўғри марказий ҳужумчи позициясини эгаллади.
Ўзгариш ўз самарасини берди. 2023|24 йиллар мавсумида Омар энг яхши кўрсаткичларга эришди: Бундеслига доирасида 12та гол ва 6та самарали узатмани ўз ҳисобига ёзиб қўйди. Гарчи у барқарорликка эриша олмаган бўлсада, еврокубок мусобақаларини хуш кўрадиган жамоа учун муносиб эканлигини исботлади.
Ҳозирнинг ўзида Мармуш - бўшлиқда дунёнинг энг хавфли ўйинчиларидан бири
«Бавария» билан кечган баҳс (3:3) - фикримизнинг тасдиғи. «Айнтрахт»га қарши баҳсга қадар «Бавария» умуман, якка пешқадам мақомида эди. Мисол учун, Вирц, Фримпонг ва «Байер»нинг бошқа тезкор ўйинчилари унга қарши бирорта шиддатли рейдни уюштира олишмади. Омар эса уччала голда (2}1) муҳим роль ўйнади. Биринчи голда у чап қанотга ўтиб, Упамекано ва Кимдан узоқлашиб олди. Фарес Шаиби бежизга Нойер дарвозаси томон югурмайди, Упамеканони ўзига жалб этиб, Мармуш учун бўшлиқ яратади. Омар эса Рафа Геррейрудан тезкорроқ. Боз устига, Геррейру позиция танлашда хатога йўл қўйди: Мармушнинг чап қанотга интилишини кутганди, у эса марказдан ҳужумга ўтиб, ҳисобни очди.
Иккинчи голда Омар Упамеканони бутунлай яксон қилди. Ваҳоланки, у бундеслиганинг 2 энг тезкор марказий ҳимоячининг бири ҳисобланади. Мармуш тўп билан югуришига қарамай, даҳшатли тезлик эвазига Дайони ортда қолдирди ва тўпни Юго Экитикка узатди.
Учинчи гол - Мармушнинг очилиш классикаси маҳсули. Расман у Кимга қарши тўп учун курашда имкониятни бой берди. Бироқ «Айнтрахт» учун курашда ғолиб чиқиш, Омар учун ҳимоячилар ортига ўтиб олиш муҳимроқ эди. Амалда шундай бўлди: урилиб қайтган тўпга рақиб ўйинчиси югурган паллада Мармуш тўпни қайси нуқтага узатишини кўрсатган, Ким эса қайтишга улгурмаганди.
Вазиятлардан фойдаланиш услуби ҳам қойил қоладиган даражада: кучли, аниқ ва ўз вақтида амалга оширилган зарбалар.
Венсан Компани айниқса, иккинчи голдан кейин Мармушнинг ҳаракатларидан кучли таассурот олганди: «Экитикка ассистни амалга оширишдан аввал нималар қилгани доим учрамайдиган ҳодиса. Упамеканони алдаб ўтишни бу мавсумда ҳеч ким уддалай олмаганди. Шунингдек, юксак тезликдаги рейд якунида энг тўғри қарорни қабул қилишни ҳам. Вақтининг асосий қисмида Мармуш бўшашиб қолгандек кўринсада, ҳаракатга келганида ҳеч ким ета олмайди».
Компанининг эътирофи статистик маълумотлар тасдиқлайди. Спринт бобида Омар бундеслигада 5, ўринда. Ваҳоланки, атиги 7 нафар футболчи ҳар бир ўйинда Мармушдан (9,5 км.) камроқ югурадилар. Яъни, Мармуш кам югуради, тезлик олиш бобида ҳаммадан устун. Куч-қувватини ақл билан сарфлайди.
Бундан ташқари, Омар монстрга хос иш ҳажмини бажаради. 99-процентиль у бундеслигадаги ҳужумчиларнинг 99 фоизидан яхшироқ тўп суришини англатади. Бироқ тўп йўқотиш бобида Мармуш лигадаги энг ёмон ўйинчилар қаторида. Бунинг сабаби, у доимо кескинликни ошириш мақсадида тезкор дриблингни қўллайди, жарима майдончаси ичида ҳам тезликни пасайтирмайди, зарбага мос нуқтани ёки қулай вазиятдаги жамоадошини излайди Унинг ўзаро учрашувдаги 2}2 натижаси хусусида «Килль» мураббийи Марсель Рапп шундай деганди: «Ўйин режасини тузиш эвазига Омарни зарарсизлантиришнинг иложи йўқ. Чунки унинг қаерда кўпроқ пайдо бўлишини аниқлаб бўлмайди. Шу сабабли унга қарши ҳимояланиш жуда қийин».
«Айнтрахт» бош мураббийи Дино Топпмеллернинг изоҳи қуйидагича: «Унинг рақибларга қарши қўллайдиган шиддатли суръати ва тезкорлигини бартараф этиш осон эмас. Юқори тезликда ҳам у тўпни йўқотмайди, югуриш чоғида ҳам аниқ узатмаларни йўллай олади».
Рақиблар муаммоси - фақат Мармуш эмас, шериги Экитик ҳам бор
Юго Экитик - 22 ёшли француз, «Айнтрахт» уни «ПСЖ»дан олган. Юго «Реймс»да ёрқин ўйнаётганди, Месси, Неймар ва Мбаппеларга қизиқиб, Парижга йўл олди. Бироқ Луис Энрикенинг ишончини қозона олмади.
Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида Мармуш ва Экитик бир-бирларига мослашиб олишди ва мавсумолди йиғинида Европанинг ажойиб ҳужумкор дуэтини шакллантиришди. Ҳозирча, жуфтликнинг энг яхши иштироки (3:1) «Хоффенхайм»га қарши баҳсда бўй кўрсатди.
Омардаги барча хислатлар Югога ҳам хос - тезкор, бўшлиқда хавфли, қизғанчиқ эмас. Бўй борасида ҳатто устун - 189 см., Омарники - 177.
Бир вақтнинг ўзида Мармуш ва Экитикни «ёпиш» жуда қийин. Бунинг учун тўлиқ ҳимоя услубини қўллаш 90 дақиқа ичида ҳушёрликни йўқотмаслик талаб этилади. Ёки тўпни уларга бой бермаслик. «Бавария» 3та хатога йўл қўйди ва ўша заҳоти жазоланди.
Мармушнинг салоҳиятини ошираётган мураббийга респект
Мисрлик шогирдининг фазилатларини яхши биладиган Дино Топпмеллер уни етакчилик муҳитига мосламоқда. Бу ҳаракатлар самараси ҳужумчининг тўпни олиб юриши ва тиғиз прессинг кўрсаткичларидан билиб олиш мумкин.
«Айнтрахт» рисоладагидек таркибга эга. Лекин у «Бавария», «Байер», «Боруссия Д.» ва «РБ Лейпциг» таркибларига нисбатан анча камтар. Бироқ Мармуш, аниқроғи, ҳужумкор жуфтлик жамоани етакчи тўртлик даъвогарлари сафига олиб чиқишга қодир. Бизнингча, мураббий Омар ва Югонинг салоҳиятини юзага чиқариб, бошқа шогирдларини жуфтликка мослаштира олади.
А.АҲМЕДОВ тайёрлади